Бугунги ўзгаришлар жидду жаҳди ҳеч бир қолипга сиғмаса керак. Қарашлар, тушунчалар ўзгаряпти. Сиз ва биз ҳам, муҳтарам ўқувчи. Замондан орқада қолмайлик деймиз-да!
Қарасак, янги технологиялар, техникалар эшик қоқмасдан ҳам кириб келяпти. Аввал компьютер ва мобиль телефон, кейин интернет, ... — қолганлари алоҳида мавзу. Хуллас, буларнинг бари бир бўлди-ю сиз-у бизни ўзига ром этди, ҳамма бугун интернетда, ҳамма бугун ижтимоий тармоқларда, ҳамма бугун истаган кишиси билан (у курраи заминнинг нарёғида бўлмайдими) истаган пайтида гаплашади, керак бўлса юзлашади.
Муаммо
Шу кезда ўтмиш алломаларимиз, адибларимиз чеккан заҳматлар ёдга тушади. Муҳораба-ю ғалаёнлар ичида яшашса-да инсониятга қандай хизматлар қилишган. Беруний ва Ибн Сино, Алишер Навоий ва Бобурнинг ўзаро ёзишмаларини эсланг. Фан, адабиётда катта бурилиш ясаган бу мактубларни карвонлар манзилга етказгунича қанча вақт, қанча машаққат сарфланди экан. Ана энди савол. Ўша боболаримиз бугун сиз ва бизда бор имкониятларга эга бўлишганда нима бўларди-ю, бугун — айни шу қулайликлар ичида, технологик «ноу-хау»лардан боши гангиган бизлар онлайнда нималар қилиб юрибмиз?
Тўғри, у замонлар бошқа эди, бугун бўлса «оммавий маданият» ҳаётимизга мўралашини қўймаяпти. Газеталаримиз ва телевидениемиз ҳам жим тургани йўқ: ҳали мобиль телефонларга «жойлашиб олган» интернет, ҳали ижтимоий тармоқлар «саваланиб» турибди.
Машҳурлардан бири айтган экан: «Кема учун энг хавфсиз жой — бандаргоҳ, аммо у сузиш учун чиқарилган». Бугунги глобал ахборот олами ҳам баайни улкан уммон — дур-у жавоҳир териш ҳам мумкин, наҳанглар ҳалқумига тушиш ёки ғарқ бўлиш ҳам ҳеч гап эмас. Шундай экан, олдимизда фақат икки йўл бор — ё «кема»мизни янада ўраб-чирмаб камига «қуруқликка» чиқариб қўямиз, ё уни бошқаришни тузукроқ ўрганиб, келажакка йўл оламиз.
«Кучлар нисбати» кимнинг фойдасига?
Ёшларимизни кўп ва хўп тергаймиз, китобларни қўлларига мажбурлаб тутқазишга уринамиз. Аммо бир наф беряптими? Тўғрисини айтиш керак, йўқ. Балки трактор турганида кетмон, кир ювиш машинаси турганида қўл меҳнатига ўрин қолмаганидек, аллақачон ҳаммаёққа ўз ҳукмини ўтказиб бўлган ахборот технологияларига янада дадилроқ ўтиш, электрон китобларни кўпроқ ривожлантириш фурсати етгандир? Жамиятимизда асосий қарорни чиқарадиган, ёшларни тўғри йўлга бошлайдиган катталарнинг ўзини интернетда ишлаш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга ўргатиш керакдир?
Албатта, катталарнинг «оффлайн»далиги ҳеч қанақа лоқайдлик ёки бефарқликданмас. Замонавий электроника уларнинг ҳаётига кеч кириб келди. Аммо ўрганишга кеч эмас.
Яқинда «Intarget.uz» манбаси берган статистика эътиборимизни тортди. Шу манбага кўра, энг оммалашган ижтимоий тармоқлар сирасига кирувчи «Одноклассники»дан ойига икки миллион, «Фейсбук»дан 700 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик фойдаланаётган экан. «Одноклассники» фойдаланувчиларининг 75 фоизи 18 дан 35 ёшгача бўлганлар, 11,7 фоизи 36—45 ёшлилар, 4,3 фоизи 46—55 ёшлилар, 2,3 фоизи 56—65 ёшлилар... Фейсбукда ҳам шу аҳвол: 18—34 ёшлилар 65 фоиз, 35—44 ёшлилар 22 фоиз, 45 ёшдан 65 ёшгача бўлганлар жами улуши 12,6 фоиз. «Кучлар нисбати»ни кўряпсизми?! Кунига қанчалаб қонунларимиз лойиҳалари интернетда, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинади, бирон-бир янгилик бўлса биринчи бўлиб интернетда тарқайди — сиз қайдасиз, ёши улуғлар?!
Албатта, катталарнинг «оффлайн»далиги ҳеч қанақа лоқайдлик ёки бефарқликданмас. Замонавий электроника уларнинг ҳаётига кеч кириб келди. Аммо ўрганишга кеч эмас. Ҳисоблаб кўрамиз: «Одноклассники»даги 2,3 фоиз бу — 46 минг, «Фейсбук»даги 12,6 фоиз бу — 88 минг киши. Демак, улар эплашяптими, қолганларнинг ҳам қўлидан келади. Бу салмоқни янада ошириш, «кучлар нисбати»ни жойига қўйишнинг ҳам фақат икки йўли бор.
Биринчиси, осон ва ҳеч қанақа заҳматсиз йўл — вақт ўтишини кутиш керак тамом-вассалом. Йигирма-ўттиз йиллардан ҳозирги ёшлар ҳам кексаяди ахир. Қаёққа қараманг отахон-у онахонлар ижтимоий тармоқларда чақчақлашиб, телеграмлашиб юришса, қизиқ.
Иккинчиси, машаққатли, аммо мақбул йўл. Ахборот технологияларини ёши улуғларимизга ҳозирданоқ ўргатишни бошлашимиз керак. Отангизга, онангизга телефон совға қилмоқчимисиз — албатта смартфон олинг беринг. Телеграмда ўзингиз ўқиган фалон янгилик, муҳим хабарни тенгқурларингиз билан баҳам кўряпсизми, яқинларингиздан ҳам аяманг. Яхши-яхши китоблар, газета-журналларнинг электрон нусхаларини планшетларга жойлаб, қўлларига тутқазингчи, ўқишмасимикан...
Муддао
«Xabar» газетаси таҳририяти жамоаси шу эзгу ниятларни жамлаган ҳолда икки муҳим муҳим янгиликка қўл уриш арафасида.
Биринчиси, газета саҳифалари орқали компьютер саводхонлиги дарсларини беришни бошлаймиз. Ажабмас, сиз узоғи билан бир йилда компютерни ва интернетни ўчириб-ёқадиган, яқинларингиз билан мустақил равишда видеоалоқада юзлашадиган, ўз уйингиздан чиқмасдан ҳукуматимиз тақдим этаётган электрон хизматлардан фойдалана оладиган, театрларга, самолёт ва поездларга чипталар харид қила оладиган даражага чиқасиз ва биз бунга умид қиламиз. Албатта, интернетдаги энг фойдали веб-сайтларга ҳаволаларни мунтазам бериб борамиз.
Иккинчиси, «Интернет — менинг дўстим, энг яқин ёрдамчим» рукни остида туркум мақолалар чоп этишни режалаштирганмиз. Бу мақолаларни сиздан кутамиз, азиз муштарийлар! Ахборот технологияларини, компьютер ва интернетни ўзлаштириш ҳаётингизда қандай ижобий бурилиш ясади, бошқаларга нималарни тавсия қила оласиз. Шу мавзуда жўнатилган мақолалар газетамиз саҳифаларида мунтазам чоп этиб борилади.
Компьютер ва интернетнинг ажойиб оламида сизга омад ёр бўлсин!
Собит АҲАДОВ
Манба: xabar.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи