Жиғилдон қайнаганда аччиқ ва қовурилган таомлар, томат соуси, қаҳва ва нондан тийилиш керак. Бунинг ўрнига қуйидаги маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия қилинади.
Занжабил
Ҳазм жараёнини яхшилагани сабаб ҳам қоринда оғриқ пайдо бўлганда ёки шишганда занжабил истеъмол қилинади. Бундан ташқари, у жиғилдон қайнашида ҳам ёрдам беради. Яллиғланишга қарши хусусиятга эга экани сабаб асаб тизимини тинчлантиради ва ошқозондаги кислотани камайтиради. Ундан ичимлик тайёрлаш учун уни майда қилиб тўғраб, устидан қайнаган сув солинг. Шакар солманг ва овқатдан аввал истеъмол қилинг.
Банан
Нордон мевалар — апелсин, грейпфрут ва бошқалар жиғилдон қайнашини келтириб чиқариши мумкин. Банан эса аксинча, ишқорли маҳсулотлардан ҳисобланади. Шу сабаб ҳам ошқозондаги кислотани камайтиради ва ёқимсиз симптомларни бартараф этади.
Йогурт
Жиғилдон қайнашидан азият чекадиганлар учун табиий йогурт энг яхши танлов ҳисобланади. Бунинг учун йогуртга бошқа мевали қўшимчалар қўшилмаган ва ёғсиз бўлиши керак. Жиғилдон қайнашининг олдини олиш учун эса кечаси овқатланмаслик ва овқат истеъмол қилиш орасида етарли вақт бўлишига амал қилиш керак.
Қовун
Банан сингари қовун ҳам кислотани нейтраллаштириши мумкин бўлган ишқорли маҳсулот ҳисобланади. Бир бўлак қовунни жиғилдон қайнашига сабаб бўладиган нордон мевалар ўрнига коктейл ёки смузига қўшиб ичиш мумкин. Аммо банан ва қовунни истеъмол қилишни меъёридан ошириб юбормаслик керак бўлади.
Яшил сабзавотлар
Карам, исмалоқ, гулкарам, шунингдек, улардан тайёрланган салат саломатлик учун нақадар фойдали экани ҳақида маълумотлар кўп. Қўшимчаси ҳам зарар қилмайди: мазкур маҳсулотлар жиғилдон қайнашида самарали ёрдам беради.|
Сули ёрмаси
Сули ёрмаси ошқозон, ҳазм жараёнида муаммоси бор кишилар учун энг фойдали маҳсулотлардан саналади. Жиғилдон қайнашида ҳам ёрдам беради, уни сувда ёки ёғсиз ва бодом сутида пишириш керак бўлади. Таъсир кучини ошириш учун ундан тайёрланган бўтқага бир бўлак банан солиш тавсия қилинади. Жиғилдон қайнаши асосан ортиқча вазнли кишиларда кўпроқ кузатилади.
Сақич
Сақич чайнаганда сўлак кўп миқдорда ажралиб чиқади, бу эса қизилўнгач деворларидаги кислотага ижобий таъсир кўрсатади. Фақат ялпиз таъмли сақичларни танламаслик, оч қоринга эмас, овқатдан кейин чайнаш керак.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг