
Охирги йилларда бутун дунё бўйлаб оммалашган пуфакчали чой ёки тапиока ловияси билан ичимлик ижтимоий тармоқларни забт этди. Аммо янги тадқиқотлар бу “модний” ичимлик унчалик ҳам зарарсиз эмаслигини кўрсатмоқда.
New York Post хабарига кўра, Consumer Reports мутахассислари турли брендларни синаб кўришган ва ҳар бир намунада қўрғошин изларини аниқлашган. Металл миқдори рухсат этилган меъёрдан ошмаган бўлса-да, унинг мавжудлиги экспертларни ташвишга солган.
Тадқиқот бўлими раҳбари Жеймс Рожерснинг таъкидлашича, бу натижалар тапиока чойидан бутунлай воз кечишни талаб қилмайди, аммо уни тез-тез ичмаслик кераклигини кўрсатади. “Тўрт намунадан учтасида қўрғошин миқдори хавотирли даражада эди. Шу боис бундай ичимликни кундалик эмас, балки вақт-вақти билан истеъмол қилиш маъқул”, — дейди у.
Қўрғошиннинг асосий манбаи — тапиока марваридлари тайёрланадиган маниока илдизи. Бу ўсимлик ифлосланган тупроқда ўсганда оғир металларни ўзлаштириб олади. Мутахассислар огоҳлантиради: қўрғошин миқдори оз бўлса ҳам, унинг узоқ муддатли таъсири соғлиқ учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!