
Эфиопияда биринчи марта Marburg вируси тарқалиши тасдиқланди. Омо вилоятида, Жанубий Судан билан чегарадош ҳудудда, 9 та ҳолат қайд этилганини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тасдиқлади.
ЖССТ бош директори Tedros Adxanom Gebreyesus Эфиопия соғлиқни сақлаш тизимини “эпидемияга тез ва шаффоф жавоб бергани” учун мақтади. Унга кўра, бу мамлакатнинг вирусни назоратга олишга бўлган жиддий ёндашувини кўрсатади.
Марбург вируси Эбола оиласига мансуб бўлиб, одатда иситма, тошма ва оғир қон кетиш билан намоён бўлади. Вирус асосан инфекцияланган одамнинг тана суюқликлари ёки улар билан ифлосланган буюмлар орқали юқади.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳозирча Марбург учун аниқ дори ёки вакцина мавжуд эмас, даволаш фақат симптоматик — яъни дам олиш, суюқлик етказиш ва қўллаб-қувватловчи чораларга асосланади.
Африка CDC раҳбари Jan Kaseya Эфиопиядаги ҳолатнинг Жанубий Судан чегарасида содир бўлгани ва маҳаллий соғлиқни сақлаш тизими заифлиги сабабли “жиддий хавотирли” эканини таъкидлади.
Марбург вируси Африкада илгари ҳам Уганда, Танзания ва Гвинеяда қайд этилган бўлиб, ўлим даражаси 90 фоизгача етиши мумкин.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.