date
views 1 716

Мушук ёки ит – уйдаги табиий шифобахш восита

Мушук ёки ит – уйдаги табиий шифобахш восита
Ҳайвонлар билан бир хонадонда яшаш нафақат руҳий таскин ва ёлғизликдан халос бўлишга ёрдам беради, балки инсон организми учун ҳам катта фойда келтириши мумкин. Илмий тадқиқотлар шунга ишора қилмоқдаки, ҳайвонлар билан яқин муносабат иммун тизимининг фаоллашишига, баъзи касалликлар хавфининг камайишига сабаб бўлади.

Айниқса, кичик ёшда ҳайвонлар билан бирга ўсган болаларда аллергия, экзема ва ҳатто аутоиммун касалликлар каби хасталиклар анча кам кузатилади. Бу ҳақда АҚШ ва Европа олимлари олиб борган тадқиқотлар гувоҳлик бермоқда.

Амишлар мисоли: табиий ҳаёт – табиий соғлиқ

18-асрда Марказий Европадан Америкага кўчиб келган Амишлар аҳолиси бугунги кунга келиб ҳам ўз анъанавий ҳаёт тарзини сақлаб қолган. Улар ҳозирги кунда ҳам от аравада юради, уйларида ҳайвонлар билан бирга яшайди ва деярли технологик ускуналардан фойдаланмайди. Аммо уларда аллергия, астма ва иммун тизими билан боғлиқ бошқа муаммолар жуда кам учрайди.

2012 йили Индиана штатидаги Амишлар ва Жанубий Дакотадаги Хуттеритлар қишлоқ жамоаларининг болалари ўртасида тадқиқот ўтказилди. Ҳар икки жамоа соф ҳаво, табиий овқат ва фермерчиликка таянган турмуш тарзи билан яшаётган бўлса-да, натижалар сезиларли фарқ қилди. Хуттерит болаларида аллергия ва астма ҳолатлари Амишларга нисбатан 4–6 марта кўп аниқланди.

Сабаби нима?

Асосий фарқ шундаки, Хуттеритлар фермерликда замонавий саноат технологияларини қўллайди. Ҳайвонлар уйдан алоҳида, махсус фермаларда сақланади. Амишлар эса ҳайвонлар билан бир хонадонда яшайди. Бу эса инсон организмининг турли микроорганизмлар билан мунтазам алоқада бўлишига олиб келади.

Микроблар – душман эмас, дўст

Ит, мушук, қушлар ва бошқа уй ҳайвонлари инсон териси, оғиз бўшлиғи ва ҳатто ичак микрофлорасига турли бактерияларни вақтинча олиб кириши мумкин. Илк қарашда бундай ҳолат салбий туюлиши мумкин, бироқ олимлар бу организм учун фойдали эканини қайд этишмоқда.

Висконсин университети профессори Насия Сафдар ва унинг ҳамкасблари ҳайвонлар билан яшаётган инсонларнинг микробиомини таҳлил қилиш орқали инсон ва ҳайвон ўртасидаги микроб алмашинувини ўрганмоқдалар. Уларга кўра, бу ҳолат иммунитетни "тарбиялайди", яъни организм иммун жавобларни тўғри шакллантиришни ўрганади.

Бироқ, баъзи олимлар бу фикрга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Масалан, профессор Гилбертнинг таъкидлашича, ҳайвон бактериялари организмда доимий қолмаслиги мумкин, аммо уларнинг вақтинча таъсири ҳам муҳим иммунологик реакцияларни ишга туширади.

Микробларнинг тарихий илдизлари

Ирландиялик микробиолог Фергус Шанахан Ирландиядаги ром халқининг микробиомини таҳлил қилиб, уларда ҳанузгача "қадимий микроблар" сақланиб қолганини аниқлади. Бу эса Танзания, Фижи, Монголия ва бошқа анъанавий турмуш тарзида яшайдиган жамоаларникига ўхшаш. Уларда аутоиммун касалликлар, Крон хасталиги, ичак яллиғланиши ёки диабет каби мураккаб хасталиклар деярли учрамайди.

Ҳулоса: ҳайвонлар инсон саломатлигининг табиий ёрдамчиси

Ит билан сайр қилиш, мушукни силаб ўтириш ёки ҳайвонлар билан яқинда яшаш – буларнинг барчаси организмимизни турли бактериялар билан алоқага киришишига сабаб бўлади. Иммунолог Лиам О’Махони таъкидлаганидек, инсон танаси ўзига ноёб тарзда мос келадиган бактериялар билан муҳитда яшаш орқали иммун тизимини табиий тарзда чиниқтиради.

Дунёда баъзи мактаб ва марказларда болалар учун ҳайвонлар билан мулоқот қилиш имконияти яратилаётгани бежиз эмас. Масалан, Италияда отлар билан болалар мулоқот қилиши учун махсус фермалар ташкил этилди. Натижада болалар ичакларида фойдали бактериялар сони ортди.

Шундай экан, уйда ҳайвон боқиш нафақат болалар, балки катталар учун ҳам саломатлик манбаи бўлиши мумкин. Табиатга яқинлик – инсон саломатлигининг асосий омилларидан бири эканини унутмаслик керак.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Мушук ёки ит – уйдаги табиий шифобахш восита