
Соғлом тишлар нафақат чиройли табассум, балки ички аъзолар фаолияти учун ҳам муҳим эканини кўрсатувчи илмий далиллар яна бир бор исботланди. Жанубий Кореянинг Чоннам университети олимлари олиб борган тадқиқот шуни кўрсатдики, оғиздаги тишлар сони камайган сари, инсонда сурункали буйрак етишмовчилиги ривожланиш эҳтимоли ҳам ортади.
Тадқиқот доирасида 40 ёшдан ошган 16 125 нафар киши тўғрисидаги маълумотлар таҳлил қилинди. Ушбу иштирокчилар Корея Миллий саломатлик ва овқатланиш дастури орқали кузатувда бўлган. Олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, 20 тишдан кам тиши бор инсонларда буйрак муаммолари анча кўп учраган.
Қизиғи шундаки, натижаларга инсонларнинг ёши, жинси, даромад даражаси, зарарли одатлари ва бошқа соғлиқ омиллари таъсир кўрсатмаган — боғлиқлик барибир сақланган. Ҳисоб-китобларга кўра, оғиздаги тиш етишмовчилиги буйракдаги сурункали муаммолар юзага келиш хавфини 30 фоизгача оширар экан.
Мутахассислар бу натижаларга таяниб, эндиликда буйрак касалликларининг олдини олиш ва даволашда тиш парвариши масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидламоқда.
Шундай экан, оддий тиш тозалаш ва стоматологга ўз вақтида мурожаат қилиш нафақат оғизни, балки бутун организим саломатлигини сақлашга ёрдам беради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!