date

Асаб тизими ошқозон-ичак саратони ўсишига таъсир қилади

Асаб тизими ошқозон-ичак саратони ўсишига таъсир қилади

Австралиялик олимлар ошқозон-ичак саратонининг илгари етарлича ўрганилмаган, яширин сабабини аниқлашди. BMJ Oncology журнали маълумотича, инсон ошқозон-ичак тизимидаги асаб толалари ўсмаларнинг ривожланишига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.

Оливия Ньютон-Жон номидаги Саратон тадқиқотлари институти ҳамда Ла Троба университети олимлари CGRP деб аталувчи нейропептид ва унинг RAMP1 рецептори саратоний ҳужайраларнинг ўсишини фаоллаштиради, деган хулосага келишди.

Тадқиқотни бошқарган доктор Павита Паратаннинг таъкидлашича, ўсимта ичидаги нерв толалари CGRP моддасини ишлаб чиқариб, ўсиш жараёнини рағбатлантиради. Шунингдек, саратоний ҳужайралар ҳам ушбу моддани мустақил равишда чиқариши мумкинлиги аниқланган. Бу эса асаб тизими ва саратон ҳужайралари ўртасидаги биологик алоқани кўрсатади.

Мутахассислар фикрича, бу жараённи тўхтатиш учун дори воситалари аллақачон мавжуд. Улар CGRP ва RAMP1 рецепторларини блокловчи препаратлар бўлиб, ҳозирда мигренни даволашда қўлланилади. Бундай дориларнинг тасдиқланганлиги уларни саратон терапиясига мослаштириш имконини яратади.

Генетик синовлар шуни кўрсатдики, агар RAMP1 рецептори ўсимта ҳужайраларидан олиб ташланса, уларнинг ўсиш қобилияти кескин пасаяди.

Тадқиқот раҳбари доктор Лиза Мильке бу йўналиш онкологияда янги истиқболлар очишини таъкидлади. Келгусида олимлар мигренга қарши дориларни колоректал саратонни даволаш усуллари билан бирга клиник синовларда текширишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 40 фоизи, яъни 3 миллиарддан зиёд инсон турли неврологик касалликлар таъсирида яшамоқда. Олимлар бу тадқиқот асаб тизими ва саратон ўртасидаги чуқур боғлиқликни тушунишга янги йўл очишини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Асаб тизими ошқозон-ичак саратони ўсишига таъсир қилади