14:24 / 04.09.2018
86 990

Олманинг инсон организми учун фойдали хусусиятлари

Олманинг инсон организми учун фойдали хусусиятлари
Табиат неъматларида барча касалликларнинг давоси мужассам. Улар орасида энг кенг тарқалгани ва эътибор қозонгани — олма. Ривоятларга кўра, бу «жаноби олийлари» Ер юзида инсон насли пайдо бўлишига сабабчи бўлган экан!

Манбаларда айтилишича, олманинг асл ватани Марказий Осиё бўлиб, дунёда етти мингга яқин тури мавжуд. Ўзбекистон ҳудудида эса юздан ортиқ олма навлари ўстирилади.

Олмада С, В1, В2, Р, Е, А витаминлари, калий, марганец ва темир моддалари кўп миқдорда мавжуд. С ва В витаминлари барча аъзоларда модда алмашинувини яхшилайди. Р ва Е дармондорилари организмни ёшартириб, тери ва тўқималар ҳолатини тиклайди. Калий моддаси артериал қон босимини меъёрлаштириши, тиш эмали ва суяк тўқималарини мустаҳкамлаши тадқиқотларда кўп бора ўз исботини топган. Олма таркибидаги пектин эса организмдан ортиқча холестеринни чиқариб юборишга кўмаклашади, шунингдек, қандли диабет касаллигидан узоқлаштиради. Бу модда яна юз терисининг таранг ва тиниқ бўлишини таъминлайди.

Бундан ташқари, миядаги зўриқишлар, кайфиятни хира қилиб турадиган ўй-хаёлларни унутишда ҳам олманинг ёрдамига таяниш мумкин. Бунинг учун ётоқхонадаги дераза токчасига хушбўй ҳидли олмадан 1-2 тасини териб қўйиш, кифоя.

Олманинг 80 фоизи сувдан, қолган 20 фоизи фойдали витаминлардан ташкил топган. 100 г янги узилган олмада бор-йўғи 47 килокалория мавжуд. Унда ёғлар деярли йўқ. Бироқ таркиби углеводларга бой бўлгани учун тўйимлилик даражаси юқори. Шу сабабдан озишни истаганлар учун яхши озиқ бўла олади.

ШИФОБАХШЛИГИ

Олмада чириш-бижғиш жараёнини секинлаштирувчи, ичакдаги метеоризмни фаоллаштирувчи моддалар кўп, шу сабабли бу мева танани зарарли моддалардан тозалаб, қорин дам бўлишидан халос қилади. Ошқозон-ичак хасталикларида, йўғон ичак яллиғланишида ва дизентерияда олма ёрдамга келади. Бундан ташқари, озиш ниятида бўлганларга 1 ҳафтага мўлжалланган олмали парҳез яхши ёрдам беради. Бунда 7 кун давомида олмадан тайёрланган салатлар, компот ва шарбатлар, газ печида димланган ҳамда буғда пиширилган олмали таомлар истеъмол қилинади.

Олма таркибидаги дубиль моддалар танада пешоб кислотаси тўпланишига қаршилик қилади. Шунинг учун подагра касаллигида ҳам олмали парҳез яхши наф беради. Бундан ташқари, буйрак-тоши ва ўт тоши касалликларидан сақлайди, олмали парҳез пешоб ва ўт ажралишини фаоллаштиради.

Олма қабзиятнинг олдини олади. Бунинг учун эрталаб оч қоринга 1-2 дона олма ейиш талаб этилади. 2-3 ҳафтада бир марта 1 кун таом емасдан фақат олма билан озиқланиш ёрдамида организмни табиий усулда тозаласа бўлади.

Бу мевани хуш кўрувчилар ақлли бўлишади. Чунки олма томирлардаги қон ҳаракатини маромига келтириб, паришонхотирлик, мия ҳорғинлигига қарши курашади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, киши кунига 3 дона олма истеъмол қилса, ҳатто улуғ ёшда ҳам хотираси мустаҳкам бўлиб, мияси юқори аниқликда ишлар экан.

Гипертониянинг енгил турларини дори-дармонсиз фақат олма ёрдамида даволаш мумкин. Кундалик таомномада доим олма бўлиши танадаги юрак фаолияти билан боғлиқ шишларни бартараф этади, инфаркт ва инсультнинг олдини олишга ҳисса қўшади.

Олмадаги А витамини апельсиндагидан 50 фоиз кўп. У танани шамоллашдан ва кўзни хиралашишдан сақлайди. Мазкур мевада бошқа неъматларда учрамайдиган G витамини мавжуд. У, айниқса, ёш болалар учун фойдали бўлиб, иштаҳани очиш ва ўсиб-ривожланишни таъминлайди.

Олмада С дармондориси банандагидан 10 марта кўп. Бироқ олма қанча кўп туриб, сўлиб қолса, ундаги фойдали моддалар шунча камаяди.

НОРДОН ОЛМА — ТАБИИЙ АНТИБИОТИК

Нордон олмада С витамини кўп бўлгани учун иммунитетни оширишга катта ҳисса қўшади. У томирлар деворини мустаҳкамлайди, узоқ вақт оғриб қолган беморларни қувватлантиришга ёрдам беради. Олмадаги фитонцидлар — табиий антибиотик бўлиб, шамоллаганда ва грипп билан курашишда организмдаги вирусларни нобуд қилишга қодир.

ПЎСТЛОҒИ, УРУҒИ ВА СИРКАСИНИНГ ФОЙДАСИ

Кўпчилик олимларнинг таъкидлашича, олма пўстлоғида қонни ортиқча холестериндан тозаловчи, саратон ҳужайралари ўсишини тўхтатувчи моддалар мавжуд, шу боис бу мевани пўстини арчимасдан ейиш тавсия этилади.

Ёш болаларга эса чайнаш рефлекси тўлиқ шаклланмагунча, олманинг пўстини арчиб, қирғичдан ўтказилган бўтқа ҳолида берган маъқул.

Олмадан доривор сирка тайёрланади. Соғлом овқатланишни ташкил этишда унинг аҳамияти беқиёс. Олма сиркасини салатларга ва турли таомларга оз-оздан қўшиб, мунтазам равишда истеъмол қилиш инфаркт ва инсульт касалликлари хавфини сезиларли даражада камайтиради. Агар 30 мл олма сиркаси 200 мл илиқ сувга қўшилиб, 1 ой давомида кунига 1-2 марта овқатланишдан олдин ичилса, қондаги холестерин миқдорини 30 фоизгача камайтиради.

Олманинг уруғи ҳам фойдали. Унда йод миқдори ниҳоятда кўп. 5-6 дона олманинг уруғи одам организмини 1 ҳафталик зарурий йод моддаси билан бемалол таъминлай олади.

Олманинг фойдалилик жиҳати унинг рангига ҳам боғлиқ. Масалан, қизил ва сариқ рангли олмани кўпчилик хуш кўради, чунки қанд — углевод кўплиги боис, бундай олмалар жуда ширин бўлади. Тиббиёт нуқтаи назаридан қаралганда эса таркибида пектин моддаси мўл бўлган яшил нордон олманинг шифобахшлиги кўпроқдир.

Қизил олмага қараганда кўм-кўк олманинг калорияси бироз кам. Агар вазнни камайтирмоқчи ёки қанд хасталигидан ҳимояланмоқчи бўлсангиз, кўк олма, яъни нордон-ширин олмаларни истеъмол қилган маъқул.

Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, кунига эркаклар олмани 700 г, аёллар эса 500 г дан оширмаслиги керак. Шуни ҳисобга олингки, олма таркибида меъда шираси ҳосил бўлишига таъсир қиладиган кислота мавжуд. Шу боис олмани одатда, тушликдан аввал истеъмол қилган яхши.

Айримлар оддий олмага қараганда қўрда пиширилгани калорияли, деб ҳисоблайди. Агар пишириш чоғида олмага асал, шакар, творог қўшилмаса, унинг калорияси оддий олманики билан бир хил бўлади.

Олма қоқини чойнакка қайноқ сув солиб дамласангиз, олмали чой ҳосил бўлади. Бундай дамлама тинчлантирувчи хусусиятга ҳам эга. Қўрда пиширилган олмада эса меъда шираси ажралишига таъсир кўрсатадиган кислоталар кам.

Олмани кўп истеъмол қилиш қонни кўпайтиради, деган хато қараш ҳам мавжуд. Олма таркибида темир миқдори шу даражада озки, амалда организм уни ўзлаштиролмайди. Бироқ олмада дармондорилар, ичакдаги заҳарли моддаларни зарарсизлантирувчи клетчатка кўп.

Олманинг ҳар қандай нави таркибида 80 фоизга қадар сув мавжуд. Бироқ куз ва қишга бориб пишадиган кўк олмаларда сув бироз кам бўлади.

Ошқозон яраси, ич қотиш, эрозия, жароҳат каби таом ҳазми билан боғлиқ хасталиклар хуруж қилган пайтларда олма кўп ейилса, оғриқ пайдо қилиши, хасталикни ривожлантириб юбориши мумкин. Чунки олмада, айниқса, унинг пўстлоғида дағал клетчатка кўп.

Олманинг меваси, шарбати, компоти, мураббоси, қоқиси кенг истеъмол қилинади. Шунингдек, олма маҳсулотларини турли пишириқлар ва ширинликларга солган ҳолда тановул қилиш мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Олманинг инсон организми учун фойдали хусусиятлари