
Келаси йилда Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида хитойлик ҳамкорлар билан ҳамкорликда янги автомобиль ишлаб чиқариш заводи ишга туширилади. Бу ҳақда, 4 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди.
Мазкур автомобиль ишлаб чиқариш лойиҳасининг умумий қиймати 122 миллион долларни ташкил этади. Бундан ташқари, жорий йилда Сирдарё туманидаги Марказий Осиё халқаро саноат кооперацияси маркази ишга туширилди, бу ерда 300 миллион долларлик 14 та саноат корхонаси келаси йил 1-чорак якунида иш бошлайди. 2026 йилга келиб, яна 720 миллион долларга тенг бўлган 40 та янги лойиҳа ташкил этилиши кутилмоқда.
Ўтган йили Сайхунобод туманида янги ишлаш тизими ишга туширилди. Бу тизим орқали кичик саноат ва сервис секторлари орқали аҳоли даромадларини оширишга эришилди. Сайхунобод туманидаги 13 минг хонадонда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш натижасида одамлар ойлик даромадларини бир неча баробарга оширган. Туманда 1,8 минг хонадонда 5-6 сотихли иссиқхоналар қурилди, яна 622 хонадонда эса 2-3 сотихли иссиқхоналар мавжуд.
Янги ишбилармонлик йўналишларида 700 та янги тадбиркор иш бошлаган, 15 минг киши доимий даромадга эга бўлган. 1,5 минг оила камбағалликдан чиқиб, ўз ҳаётларини яхшилашга эришган.
Президент Шавкат Мирзиёев сессияда, Сайхунобод туманидаги ишларнинг юқори самарадорлигини таъкидлаб, “Энг қийин туманлардан бири бўлган Сайхунободда ҳаёт ва одамларнинг кайфияти қандай ўзгарганига гувоҳ бўляпсизлар”, деди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Гулистон шаҳридаги ички йўллар бўйича автобус қатновларини амалга ошириш мақсадида 52 та автобус олиб келингани ҳақида хабар берилганди. Улар табиий сиқилган газда ҳаракатланади ва "Евро-5" экология стандартига тўлиқ жавоб беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.