
Тошкентда кузатилаётган смог болалар саломатлигига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Педиатр Камола Пулатованинг сўзларига кўра, айниқса кичик ёшдаги болалар ифлосланган ҳавога кучлироқ таъсир қилади.
У ота-оналарга смог пайтида қандай эҳтиёт чораларини кўриш кераклигини тушунтирди. Ҳавонинг ифлосланиши болаларга катталарга қараганда кўпроқ зарар етказади.
Смог нафас йўлларининг шиллиқ қаватларини безовта қилиб, маҳаллий иммунитетни пасайтиради, натижада болалар тез-тез респиратор касалликларга чалинади. Аллергияси ёки бронхиал астмаси бор болаларда эса касаллик аломатлари кучаяди.
Болалар катталарга қараганда тез-тез нафас олгани учун кўпроқ зарарли моддаларни ютади. Айниқса, беш ёшгача бўлган болалар хавф остида, чунки уларнинг нафас йўллари тор ва нозик.
Шунингдек, бронхиал астма, аллергия, сурункали бронхит, юрак ва ўпкаси билан боғлиқ касалликлари бор ёки эрта туғилган болалар ҳам катта хавф остида. Ота-оналар қуйидаги аломатларга эътибор беришлари лозим: қуруқ йўтал, оғир нафас олиш, хириллаш, кўзларнинг қизариши ва ёшланиши, бош оғриғи, ҳолсизлик ва иштаҳанинг пасайиши.
Аллергия ва астма билан оғриган болаларда бурун оқиши, акса уриш, бурун битиши ва йўтал каби аломатлар кучайиши кузатилади. AQI (ҳаво сифати индекси) кўрсаткичларига эътибор қаратиш муҳим.
50 гача бўлган кўрсаткич хавфсиз ҳисобланади. 50–100 оралиғида болалар ташқарида ўйнаши мумкин, аммо фаол ҳаракатлар чекланиши лозим.
100 дан ошганида эса, айниқса кичик ёшдаги ёки аллергияси бор болалар учун ташқарига чиқишни чеклаш тавсия этилади. 150 ва ундан юқори кўрсаткичларда ташқарида бўлиш вақтини минималлаштириш, 200 дан ошганида эса имкони борича уйдан чиқмаслик керак.
Ҳаво сифати куннинг турли вақтларида фарқ қилади. Оддатда, энг тоза ҳаво эрталаб соат 7 дан 10 гача ва кечқурун 8 дан кейин бўлади.
Энг зарарли вақтлар туш пайти ва транспорт ҳаракати энг кўп бўлган соатлардир. Агар AQI 100 дан юқори бўлса, болаларнинг ташқарида фаол спорт билан шуғулланиши тавсия этилмайди.
200 дан юқори кўрсаткичларда эса барча жисмоний машқларни ёпиқ жойларда ўтказиш мақсадга мувофиқ. Икки ёшгача бўлган болаларга ниқоб тақиш тавсия этилмайди.
Уч-тўрт ёшдан бошлаб эса KN95 ёки N95 ниқобларидан фойдаланиш мумкин, оддий тиббий ниқоблар эса самарали эмас. Агар сайрлар чекланган бўлса, уй муҳитини тўғри ташкил қилиш муҳим.
Хоналарни эрталаб ёки кечқурун ҳаво сифати яхшиланган пайтда шамоллатиш керак. HEPA фильтрлари билан жиҳозланган ҳаво тозалагичлар ифлос заррачаларни сезиларли даражада камайтиради.
Уй намлиги 40–60% даражасида ушлаб турилиши лозим. Нам тозалаш ва кўп сув ичиш нафас йўлларининг фаолиятини қўллаб-қувватлайди.
Агар бола антигистамин дори ёки нафас йўлларини кенгайтирувчи ингаляторлардан фойдаланса, бу дориларни шифокор кўрсатмасига мувофиқ давом эттириш зарур. Қаттиқ нафас қисиши, хириллаш, лаб ёки тирноқларнинг мовий тусга кириши, юқори ҳарорат, кучли ҳолсизлик ёки сув ичишни рад этиш ҳолларида дарҳол тиббий ёрдамга мурожаат қилиш зарур.
Смог даврида болалар етарлича ухлаши, кўп сув ичиши ва ота-оналар AQI кўрсаткичларига риоя қилиши керак.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.