Ўзбекистонда бинолар ва иншоотларда ўрнатилган барча лифтлар эндиликда ҳар йили техник кўрикдан ўтказилиши мажбурий бўлади. Ушбу талаб фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва лифтларнинг техник ҳолатини мунтазам назорат қилиш мақсадида жорий этилди. Ҳукуматнинг янги қарорларига биноан, доимий фойдаланишда бўлган лифтлар 12 ойдан ошмаган муддатда, яъни йилига камида бир марта, махсус ташкилотлар томонидан батафсил текширувдан ўтади.
Янги ўрнатилган ва фойдаланишга топширилган ҳар қандай лифт пудратчининг аризасига кўра, 10 иш кунидан кечиктирмай мутахассислар томонидан техник кўрикдан ўтказилади ва унинг ҳолати бўйича хулоса берилади.
Текширув натижаларига қараб, ҳар бир лифтга тўрт хил рангдаги махсус ёрлиқлар ёпиштирилади:
. Яшил ёрлиқ — лифтнинг фойдаланишга тўлиқ яроқли эканини билдиради.
. Мовий ёрлиқ — лифтда айрим носозликлар борлигини кўрсатади.
. Қизил ёрлиқ — лифт хавфли ҳолатда эканини ва фойдаланиш тақиқланганини англатади.
. Сариқ ёрлиқ — лифтда носозлик борлиги ҳақида огоҳлантиради.
Тегишли хизматлар назоратни янада кучайтиради, айниқса, қизил ёрлиқли лифтлар аниқланса, улардан фойдаланиш қатъиян ман этилади. Мутахассислар лифтлардан фойдаланадиган фуқароларга хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ва барча огоҳлантирувчи белгиларни эътиборга олишни тавсия қилади.
Бундай чоралар кўришнинг асосий мақсади — одамлар ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, шаҳар инфратузилмасини замонавий стандартларга мувофиқ ривожлантиришдир. Янги тизим доирасида бинолар ва иншоотлар эгалари ҳар йили лифтларининг техник ҳолатини назорат қилиб боришлари шарт бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!