date

Винисиус Жуниор “Реал”дан кетишни ўйлаяптими? Сабаб аниқланди

Винисиус Жуниор “Реал”дан кетишни ўйлаяптими? Сабаб аниқланди

«Эл-Класико»да «Барселона»га қарши кечган драматик беллашув нафақат натижаси, балки Винисиус Жуниорнинг майдонни тарк этиш чоғидаги кескин ҳаракатлари билан ҳам ёдда қолди.

72-дақиқада бразилиялик вингер Хаби Алонсо томонидан алмаштирилгандан кейин, ўзига хос ғазаб билан: “Мен кетаман, яхшиси кетаман!” — деб жавоб бергани камералар орқали аниқ эшитилди. Бу воқеа “Реал” раҳбариятини ноқулай ҳолатга солиб, унинг келажаги ҳақида янги миш-мишларни авж олдирди, деб ёзади “TeamTalk” ва “The Athletic”.

Манбаларнинг маълум қилишича, Винисиус жамоа бош мураббийи Хаби Алонсо билан муносабатларидан қониқмаган. У жорий мавсумда етарлича ўйин амалиёти олмаётганидан ва ўзига бўлган ишонч етишмаётганидан норози. “Реал Мадрид” унга йилига 20 миллион евро маош таклиф этган бўлса-да, футболчи 30 миллион талаб қилгани айтилмоқда.

Шу орада “Ливерпуль” Винисиус вазиятини диққат билан кузатиб бормоқда. Англия клуби уни Муҳаммад Салоҳнинг ўрнини босувчи асосий ҳужумчи сифатида кўриб чиқмоқда. Агар келишув амалга ошса, бразилиялик футболчи Арне Слот қўл остидаги янги ҳужум тизимига катта суръат ва техника олиб кириши кутилмоқда.

Қироллик клуби учун эса бу вазият жиддий синов бўлмоқда. Килиан Мбаппенинг келиши билан жамоадаги рақобат тобора кучайди. Ҳозирда Винисиус асосий таркибдаги ўрнини сақлаб қолиш учун ҳам, янги шартномада ўзи истаган маошни қўлга киритиш учун ҳам курашмоқда.

Агар “Реал” футболчининг талабларини қондирмаса, у 2026 йил ёзида Мадридни тарк этиши эҳтимолдан холи эмас. Бу эса клуб учун нафақат майдондаги, балки маркетинг нуқтаи назаридан ҳам йўқотиш бўлади.

Футбол экспертлари таъкидлаганидек, Винисиуснинг келажаги энди унинг ўз қарорларига боғлиқ — у “Реал” тарихидаги навбатдаги афсона бўладими ёки Англияда янги саҳифа очадими, буни вақт кўрсатади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Винисиус Жуниор “Реал”дан кетишни ўйлаяптими? Сабаб аниқланди