
28 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Кўксарой қароргоҳида муҳим дипломатик воқеа бўлиб ўтди — Сербия президенти Александр Вучич ва рафиқаси Тамара Вучич расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Сербия Биринчи хоними Тамара Вучич билан учрашув ўтказди. Ушбу мулоқот икки давлат ўртасидаги инсоний, маданий ва маънавий алоқаларни янада чуқурлаштириш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланди.

Норасмий суҳбат давомида икки мамлакат халқларини боғлаб турувчи умумий қадриятлар, хусусан, маданият, таълим ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик мавзуларида фикр алмашилди. Суҳбат давомида Зироат Мирзиёева Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-илмий ташаббуслар ҳақида сўзлаб берди, Тамара Вучич эса Сербияда аёллар фаоллиги ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишидаги ишлар билан таништирди.

Томонлар Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлаб, халқлар ўртасидаги дўстлик, ишонч ва англашувни янада мустаҳкамлаш муҳим эканини таъкидлашди.

Учрашувдан сўнг Зироат Мирзиёева ва Тамара Вучич Ўзбекистон халқ амалий санъати ва миллий анъаналар намойишида иштирок этишди. Меҳмонга маҳаллий ҳунармандлар томонидан яратилган гиламлар, заргарлик буюмлари ва атлас-адраслар коллекцияси тақдим этилди. Шунингдек, миллий либослардаги рақс ва қўшиқлар ҳам меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди. Икки мамлакат биринчи хоналари келгусида ҳам маданий ва ижтимоий ҳамкорликни янада кенгайтиришга интилишини билдиришди.

Бу мулоқот нафақат дипломатик, балки инсонпарвар дўстликнинг рамзи сифатида тарихда қолиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!