date

Мустақиллик руҳияти нима? Истиқлол учун энг керакли унсурлар

Мустақиллик руҳияти нима? Истиқлол учун энг керакли унсурлар

Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йилларда ва қисман кейинчалик ҳам жамиятда “мустақиллик мулозимлар учун қулайлик берди, оддий халқнинг аҳволи эса кескин ижобийлашмади” деган қараш чуқур илдиз отган эди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида бу қарашнинг илдизлари ва мустақилликни сақлашнинг икки омили ҳақида сўз юритади.

Ўзбекистон мустақиллигига ҳадемай 34 йил тўлади. Бу – бир асрнинг учдан бири демакдир. Мустақилликни англаш ва мустаҳкамлаш – ҳар бир давр учун алоҳида вазифа. Чунки давр ўзгариши билан мустақилликнинг маъно-мазмуни ҳам қисман ўзгариб, бойиб боради. Мустақилликка бўлган яширинча ва ошкора таҳдидлар ҳам даврлар оша ўзгариб боради.

Ўзбекистон мустақил бўлган 1991 йилда жамиятимиз ҳам, давлатимиз ҳам бу неъматнинг моҳиятини тўлиқ англамаган бўлсак керак. Бунинг сабаблари бир қанча.

Аввало, жамиятимизда “мустақиллик – бу давлат учун, ҳукумат учун, мулозимлар учун қулайлик берди, лекин оддий халқнинг аҳволи кескин ижобийлашмади” деган скептик қараш анча чуқур илдиз отган эди. Чунки ижтимоий тафаккур асрлар давомида шаклланади. Ижтимоий тафаккурдаги ҳар қандай қараш, қадрият ёки муносабатнинг илдизлари анча чуқур шаклланган бўлади. Хўш, Ўзбекистон ижтимоий тафаккуридаги мустақилликни англашдаги скептицизмнинг сабаблари нимада эди?

Мустақилликка муносабат – бу фақат мафкуравий, эмоционал нарса эмас. Балки бу муносабатнинг ижтимоий психологик ва социологик жиҳатлари ҳам бор. Жамиятни тушуниш ва таъбир қила олиш қобилияти – давлатнинг истиқболини, қудратини белгилаб берувчи омиллардан ҳисобланади.

Бизнинг мустақиллик борасидаги қарашларимиз, бу қарашларнинг салмоғи ва сифати – дунёнинг бошқа жамиятларида учрамайдиган ҳолат. Чунки замонавий тарихда энг охири парчаланган энг йирик давлат, империя – бу собиқ СССР ҳисобланади. Яъни биз энг кеч мустақил бўлган давлат ва жамиятлардан биримиз. Қолаверса, ҳалига қадар бизни собиқ метрополияга боғлиқлигимиз жуда юқори. Шунингдек, кечаги империянинг ўзак давлати бўлмиш Россия бугунги кунда катта уруш олиб бормоқда, ва мана шу урушга муносабатда ҳам Ўзбекистон жамияти бўлинганини кўриш мумкин. Бу бўлиниш чуқур ва катталиги кўриниб турибди, бу урушни талқин қилишда мустақилликдан кўра бошқа қарашлар, одамлар онгидаги устувор қатламлар борлигини кўриш мумкин.

Нега ижтимоий тафаккуримизда Мустақилликка, давлатга ва миллатга бўлган ишончда скептицизм уруғлари бор? Гап шундаки, ҳар бир жамиятнинг тарихий эволюцияси бўлади. Ўзбекистон жамияти ва халқининг кейинги асрлардаги тарихий эволюцияси шуни кўрсатадики, жамият ўз ҳаётини эркинлик билан етарли даражада тўйинтира олмади, давлатни ўзига боғлай олмади, давлат ва жамият – алоҳида-алоҳида сегмент сифатида қолди, қолаверса, давлат ва жамият ўртасида муттасил зиддиятлар бўлиб келди.

Шунинг учун жамият ва халқ давлатга ишонмади, давлатга ишонишни – ижтимоий манфаатларга хиёнат ўлароқ талқин қилишга мойил бўлиб келди. Учта хонлик, Чор Россияси мустамлакаси, болшевиклар ҳокимияти ва СССР даври. Бу даврларда давлатга, яъни ҳокимиятга, ҳукмдорларга ишончсизлик ва улардан бегонасираш – тарихий юқори паллага етди. Мустақиллик қўлга киритилгач ҳам, давлат бошқарув синфининг тафаккури, табиий равишда, тезда ўзгармади. Хавфсизлик ва барқарорлик номи билан эркинликдан қўрқиш, ундан ҳадиксираш, у билан курашиш давом этди. Натижада, эрксиз хавфсизлик ва барқарорлик – халқнинг давлатдан масофа сақлашига, бегонасирашига ва ишончсизликка сабаб бўлди.

Мустақилликни англаш учун энг муҳим нарса – онг. Онг фақат эркин бўлгандагина мустақилликни англай олади. Айни пайтда, эркинлик – бу универсал қадрият. Эрксизлик нима эканини эрки бўлмаган инсон ҳам доим ҳис қилиб туради. Йирик сиёсий мутафаккирлар замонавий давлатлар учун энг муҳим қадриятлар – эркинлик ва ишонч эканини алоҳида урғулашади. Бунда, жамият эркинлик шароитида ўзаро ишонч даражасини юқори даражага чиқара олиши муҳим эканини айтишади. Бир томондан инсонлар, жамият, халқ эркин бўлсин, ва бу эркинлик жамиятни пароканда қилмасин, аксинча, сиёсий плюрализмни сақлаган ҳолда, инсонлар муҳим масалаларда ўзаро муттасил ҳамкорлик қилсин, ўзаро ишонч даражаси юқори бўлсин – мана шу давлат ва жамият тараққиётини белгилаб бериши кўп айтилади.

2016 йилга қадар Ўзбекистонда давлатдан бегонасираш, жамиятда ўзаро бир-биридан ҳадиксираш даражаси анча юқори эди. Кейинги 8 йил ичида ижтимоий тафаккуримизда жуда уникал жараёнлар кетмоқда. Ижтимоий тафаккурдаги қўрқув эриб, жамиятда эркинлик руҳияти яхшигина шаклланиб бормоқда. Мустақилликка эришган кўплаб давлатлар, ўз мустақиллигининг бошида катта муаммоларга юз тутган, давлатдан кўнгли тўлмаган ҳолатлар кўп кузатилган. Лекин миллий мустақиллиги ўз қўлида бўлган халқлар, эрки ва ўзаро ишончи орқали вазиятни ўзгартириб боришган. Оддий қилиб айтганда, биз ўзбекистонликлар учун ҳам, муаммолар бўлган ва бор, лекин Мустақил давлат бўлар эканмиз, уларни қанчалик самарали ечиш – ўз қўлимизда. Асосийси – ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаймиз.

Менга хорижда яшайдиган бир туркий-мусулмон дўстим ёзиб туради. У ўз тилида, мен ўзбек тилида гаплашиб турамиз. Бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Таржимон керак эмас. Ўша дўстим кўп такрорлайди: “Сизлар мустақилликни кўз қорачиғидек асрашингиз керак. Бу мустақиллик фақат сизлар учун эмас, бизлар учун ҳам муҳим. Қачондир биз ўз эркимизни ўз қўлимизга олсак, биз ўз тилимиз, динимиз, урф-одатларимизни қайта тиклаш учун – сизларга, ўзбекларга, ўзбекистонликларга мурожаат қиламиз. Чунки биз жуда яқинмиз! Шунинг учун сизнинг мустақиллигингиз нафақат ўзингиз учун, балки биз учун ҳам жуда керак!”

Муҳтарам юртдошлар, Миллий мустақиллигимиз муборак бўлсин! Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мустақиллик руҳияти нима? Истиқлол учун энг керакли унсурлар