
Гидрометеорология хизмати Тошкент вилояти аҳолисини эҳтиёт бўлишга чақирди. Мутахассислар маълумотига кўра, 5–7 ноябрь кунлари ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши натижасида вилоятнинг тоғли ҳудудларида — Бўстонлиқ, Оҳангарон ва Паркент туманларида, хусусан, Чотқол тизмасида қор кўчиш хавфи юзага келган.
Фуқаролар, дам олувчилар ва тоғли йўлларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўриш, хавфли ҳудудларга яқинлашмаслик тавсия этилмоқда. Айниқса, тоғ йўллари ва дам олиш масканлари атрофида ҳаракатланишда алоҳида эҳтиёткорлик зарурлиги таъкидланди.
Мутасаддиларнинг қайд этишича, қор кўчиш хавфи асосан эрталаб ва кечки соатларда хавфли бўлади, чунки ҳароратнинг тез ўзгариши қор қатламларининг беқарорлигига сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон бўйлаб ҳаво кескин совиди. Айниқса, тоғли ҳудудларда қор ёғиши ва шамол кучайиши кузатилди. Гидрометеорология хизмати сўнгги маълумотларга кўра, об-ҳаво шундай ноустувор ҳолда бир неча кун давом этиши мумкинлигини билдирган.
Мутахассислар фуқароларни ҳаво шароити ҳақидаги расмий маълумотларни мунтазам кузатиб боришга чақиради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!