Тошкентдаги Бродвей ҳудуди замонавий қиёфада қайта қурилади

Тошкент шаҳрининг энг машҳур масканларидан бири — Сайилгоҳ кўчаси (“Бродвей”) ҳудуди комплекс тарзда янгиланади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Лойиҳага кўра, пиёдалар йўлаклари, ўтиш жойлари, ёритиш тизими ва суғориш инфратузилмаси замонавий талабларга мос равишда қайта қурилади. Шунингдек, хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, видеокузатув тизимлари ўрнатилади.
Ҳудудда пешлавҳа ва реклама ёзувлари ягона дизайн асосида тартибга солинади, ноқонуний ўрнатилган конструкциялар олиб ташланади. Савдо фаолияти ҳам белгиланган меъёрларга мослаштирилади.
Мутасаддилар таъкидлашича, реконструкция жараёнида ҳудуднинг ўзига хос ижодий муҳити сақлаб қолинади. Рассомлар, мусиқачилар ва бошқа ижодкорлар фаолиятини давом эттириши учун шароит яратилади.
Бундан ташқари, мавжуд дарахтлар мутахассислар назоратида кўрикдан ўтказилиб, қўшимча равишда камида 1000 туп дарахт ва манзарали ўсимликлар экилиши режалаштирилган.
“Бродвей” узоқ йиллардан бери пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун маданий ва сайилгоҳ маскани сифатида машҳур бўлиб келмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!