Чарм-пойабзал саноатида янги саноат зоналари ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев чарм ва пойабзал саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси режаларга бағишланган тақдимот билан танишди, деб UzDaily.uz хабар берди.
Сўнгги йилларда соҳани қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва экспортни ошириш бўйича қатор чоралар амалга оширилди. 2026 йилнинг биринчи чорагида чарм саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 962 миллиард сўмга етди ва ўсиш суръати 25 фоиздан ошди.
2030 йилга қадар соҳада ишлаб чиқариш ҳажмини 12 триллион сўмга етказиш, экспорт ҳажмини 500 миллион долларга ошириш ва 12 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Тақдимотда соҳада ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар ҳам қайд этилди. Мамлакатда катта ҳажмда тери ва жун хомашёси етиштирилаётган бўлса-да, уларни чуқур қайта ишлаш даражаси пастлигича қолмоқда.
Хусусан, қўй ва эчки терисини қайта ишлаш даражаси 30 фоиз атрофида сақланиб қолмоқда. Йилига тайёрланадиган 40 минг тонна жуннинг атиги 6 минг тоннаси қайта ишланмоқда.
Йиғилишда корхоналар қувватидан самарали фойдаланиш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш улушини кўпайтириш ва экспорт бозорларини кенгайтириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ва Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида чарм-пойабзал саноатига ихтисослашган янги саноат зоналарини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Ушбу ҳудудларда ишлаб чиқариш бинолари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, логистика марказлари, дизайн ва малака ошириш марказлари барпо этилади. Зоналар фаолияти махсус дирекция томонидан бошқарилади.
Оҳангаронда терини қайта ишлаш корхоналари учун экологик талабларга мос замонавий саноат зонаси барпо этилиши айтилди. Бу ерда марказлашган сув тозалаш иншооти қурилиб, кунига 8 минг куб метргача сувни қайта ишлатиш имконияти яратилади.
Шунингдек, хомашё базасини кенгайтириш учун қўшни давлатлардан мол терисини импорт қилиш, тадбиркорларга “ягона дарча” асосида хизмат кўрсатиш ва транспорт харажатларини қоплаб бериш таклиф этилди.
Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида терини йиғиш ва бирламчи қайта ишлаш пунктларини ташкил этиш чоралари ҳам кўриб чиқилди.
Сирдарё вилоятида жунни қайта ишлашга ихтисослашган янги комплекс ташкил этиш режалаштирилмоқда. Унинг қуввати йилига 30 минг тонна жунни қайта ишлаш имконини беради.
Лойиҳа амалга оширилса, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш занжири шаклланиб, қўшилган қиймат, экспорт ҳажми ва янги иш ўринлари сезиларли даражада ошиши кутилмоқда.
Тақдимотда сунъий чарм ишлаб чиқаришни кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирда мамлакатда ушбу йўналишда 7 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Улар доирасида 50 миллион погон метр сунъий чарм маҳсулоти ишлаб чиқариш қуввати яратилиши, ички бозор талаби қисман қопланиши ва экспорт ҳажми ошиши таъкидланди.
Президент соҳада берилган имтиёзлар фақат аниқ ҳисоб-китоб ва амалий ҳаракат билан самара беришини таъкидлади. Масъулларга корхоналарни молиявий соғломлаштириш, қувватлардан тўлиқ фойдаланиш ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар берилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!