Шўро замонида энг катта раҳбарлардан бири кетиб, ўрнига иккинчиси келишига боғлиқ равишда мактаблар бир ўн йиллик, бир ўн бир йиллик бўлиб, орадан уч-тўрт йил ўтмасдан яна ўн йилликка қайтилган даврлар бўлган. Мактаблар ўн бир йиллик бўлганда ўқувчи мактаб партасидан бирор касб-ҳунарни ҳам ўрганиб чиқсин, деган талаб қўйилганди. 9-11 синф ўқувчилари ҳафтада бир кун қурилиш ташкилотлари, техника таъмирлаш устахоналари, завод-фабрикаларга жалб этилгани билан уларнинг касб-ҳунарга оид билими саёзлигича, аттестатга қўшиб бериладиган ихтисосга доир гувоҳномалар эса номига бўлиб қолаверди. Шўро давлати бошига келган навбатдаги янги раҳбар мактабларни аввалги ўн йиллик тарзига қайтариб, 8- ҳамда 10-синфлардан сўнг кириб ўқиш мумкин бўлган “проф-тех билим юртлари”ни бир оз кўпайтирди. Бироқ муаммо ҳал бўлмасдан қолаверди. Ҳар йили минглаб мактабларни битириб чиқаётган қанчадан-қанча ёшларнинг олий ўқув юртига кира олмаганлари бирор касб-ҳунарсиз қолиб кетаверди. Айниқса, қишлоқ жойларида яшовчи ўсмирларнинг шаҳардаги шу каби билим юртларига қатнашга имкони йўқ эди. Қизларни-ку, ота-оналари уларга умуман юбормасди.
Шўро ҳукумати муаммони тубдан ҳал этишга у қадар жиддий аҳамият бериб ўтирмади ҳам. Негаки, қишлоқ мактабларини битириб чиқаётган ёшларнинг аксарияти (олий ўқув юртига кира олмаган ёки “проф-тех билим юртлари”га бормаганлар) қишлоқдаги чексиз пахта майдонлари учун арзон ишчи кучи, бошқача айтганда “пахта қуллари” (“хлопкораб”) эди. Бу эса мустабид тузум корчалонларига Ўзбекистонни пахта монополияси сифатида муттасил эзиш ва халқини аёвсиз эксплуатация қилишни давом эттириш учун зарур эди.
Аслида Ислом Каримовдай узоқни кўра оладиган, доно ва халқпарвар раҳбарни тарих саҳнасига олиб чиққан мураккаб жараён мана шу эди. Дастлаб давлат План қўмитаси раиси ва Молия вазири сифатида бундай номутаносиблик, сўз билан ишнинг бир-бирига зид эканига иқрор бўлиш, “гдлянчи тўда”лар аёвсиз талаган вилоятга раҳбар бўлиб бориш ва республика етакчиси сифатида иш бошлаши арафасида Фарғона ва Ўш воқеаларини ўз кўзи билан кўриб, атайин уюштирилган мудҳиш фитна билан боғлиқ қалтис вазиятдан чиқиш йўллари устида тинимсиз бош қотириш, мустабид тузум кирдикорларини янада теран англаб етиш у кишини Жасоратли Шахсга айлантирди. Ҳақиқатни қарор топтириш ва адолат ўрнатиш учун одамларни ерли ва ишли қилиш, уй-жой ва турмуш шароитини яхшилаш устида муттасил бош қотириш биринчи навбатдаги вазифа эди. Бу эса, пахта яккаҳокимлигидан воз кечиб саноатни ривожлантиришни, фақат пахта толасини қайта ишлаш соҳаларини эмас, айни чоғда, кўплаб машинасозлик ва автомобилсозлик турларини жорий этиш, қурилиш индустриясини, бунёдкорлик жабҳасини, қишлоқ қурилишини тубдан янгилаш ва кенгайтириб боришни, сертармоқ фермер хўжаликлари ва тадбиркорликни кенг йўлга қўйишни тақозо этарди. Саноат учун эса юксак малакали ишчилар керак эди. Мактабларни битириб чиқаётган, иш излаб хорижда қул бўлиб ишлаш, ҳатто одам савдоси қурбонига айланиш эҳтимоли аниқ бўлган миллионлаб ёшларни касб-ҳунарли қилиш бутун бир халқ, бутун бир мамлакатнинг бугуни учунгина эмас, эртанги куни, ҳатто яқин 50-100 йиллардан кейинги тараққиёти учун ҳам сув билан ҳаводек зарур масала эди.
Мана шунинг учун ҳам муаммолар илдизини чуқур англаб етган ва бу жараённи ниҳоятда пухта билган Ислом Каримов томонидан йигирма йил муқаддам Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. 2004 йили эса Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури қабул қилинди. Мустақиллик йилларида таълим тизимини ислоҳ қилишга доир ишлаб чиқилган тарихий дастурларда мамлакатимиз ёшларининг балоғат ёшига етиши билан бирор касб-ҳунар эгаси бўлиб камол топишига алоҳида аҳамият қаратилди.
Эътибор беринг, бугун Асака, Самарқанд, Ҳазораспдаги хорижий технология асосида бир неча модификациядаги енгил ва юк автомобиллари, автобуслар ишлаб чиқараётган барча автомобилсозлик заводларимизда истиқлол йилларида очилган касб-ҳунар коллежларида ўзига ёққан касб-ҳунарни пухта эгаллаган ёшлар муҳим технологик жараёнларни бошқармоқда. Деярли барча йирик шаҳарларимиз, туман марказларида пахта толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқараётган замонавий тўқимачилик ва тикувчилик корхоналарида ҳам ана шу коллежларни битирган ёш-ёш қизлар нафақат ички бозор эҳтиёжи учун, айни чоғда, хорижда ҳам харидоргир бўлган экспортбоп маҳсулотлар тайёрламоқда. Мамлакат мустақиллик йилларида пахта яккаҳокимлигидан воз кечиб, саноат корхоналарини йил сайин кўпайтириб, уларнинг ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳсулотлари сифатини ошириб бораётган айни кунларда коллежларни битириб, замонавий кссб-ҳунарларни эгаллаб чиқаётган ёшлар мана шу корхоналарни тўлдирмоқда. Уларда ишлаб малака ҳосил қилган, хориждаги шундай завод ва фабрикаларда бой тажриба орттириб қайтган ёшлар орасида олий ўқув юртларига кириб муҳандислик маҳоратини эгаллаётган, ихтирочилик истеъдодини намоён этаётган, ўз корхоналарига қайтиб, уларда янги технологик жараёнларни ишга туширишга бош-қош бўлаётган ёшлар оз эмас.
– Мустақил Ўзбекистоннинг келажаги онг ва шуури истиқлол йилларида шаклланган, қалбига Ватан туйғусини жо этган мана шу ёшлардир, – дейди гурунгни давом эттириб кекса муаллим. – Улар учун буюк Йўлбошчи Ислом Каримовнинг жўшқин ҳаёти ва бетакрор фаолияти беқиёс ибрат намунаси бўлиб қолаверади.
Амир Худойберди
Манба:Diydoraziz.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди