Ўзбекистон ёш боксчилари Осиё чемпионатида рақибларни "яксон" қилмоқда

Айни кунларда Олимпия шаҳарчасида бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати қизғин ва муросасиз баҳслар билан давом этмоқда. Кечаги мусобақа дастурида Ўзбекистон кичик ўсмирлар терма жамоасининг 10 нафар вакили рингга кўтарилди ва уларнинг деярли барчаси мухлисларга юқори савиядаги жанглар тақдим этди.
Ўзбекистонлик ёш чармқўлқоп усталари нафақат ғалаба қозонишди, балки кўплаб рақибларини йирик ҳисобларда мағлуб этиб, катта ишонч билан ярим финалга йўл олишди.
Биринчи бўлиб рингга -33 килограмм вазн тоифасидаги Шамшод Комилов чиқди. У Қирғизистон вакили Ариет Урбаевга қарши жанг қилди. Вакилимиз дастлабки икки раунддаёқ устунлигини намоён қилди ва 5:0 ҳисобида пешқадам бўлди. Учинчи раундда эса рақибини нокдаун ҳолатига тушириб, янада ишончли ҳаракат қилди. Якунда Комилов ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
-37 килограмм вазндаги Фаёзбек Норалиев ҳам жуда ишончли жанг ўтказди. У тожикистонлик Муҳаммад Қодировга қарши баҳсда ҳар уч раунд давомида тезкор ва аниқ ҳаракатлари билан ажралиб турди. Ҳакамлар бир овоздан ғалабани ўзбекистонлик спортчига топширди — 5:0.
-40 килограммдаги Жасурбек Хайруллаев Иордания вакили Али Салемга қарши рингга кўтарилди. Қизиқарли ва кескин кечган жангда ўзбекистонлик боксчи фаоллиги ва аниқ зарбалари эвазига 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
-43 килограмм вазнда Адиз Илҳомбеков мўғулистонлик Уудам Энкхбат билан куч синашди. Муросасиз ва томошабоп кечган баҳсда Илҳомбеков рақибига мутлақо имконият қолдирмади ва 5:0 ҳисобида зафар қучди.
-46 килограммдаги Мансур Абдуҳамидов ҳам эронлик Акам Фатхига қарши жангда устунлигини тўлиқ намоён қилди. Ўзбекистонлик спортчи бутун баҳс давомида ташаббусни қўлдан бермади ва 5:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди.
-49 килограмм вазнда Сардор Омонбоев жанубий кореялик Сенг Ю Кангга қарши рингга чиқди. Рақиб қаршилик кўрсатишга уринган бўлса-да, Омонбоев ҳар томонлама устун эканини исботлади ва 5:0 ҳисобида ярим финалга чиқди.
-52 килограммда Жавоҳир Неъматжонов қозоғистонлик Али Абделига қарши жанг қилди. Мухлислар томонидан ўзига хос “классико” сифатида баҳоланган баҳсда Неъматжоновнинг ақлли ва чаққон ҳаракатлари ҳал қилувчи омилга айланди. Ҳакамлар яна бир бор 5:0 ҳисобини қайд этишди.
-55 килограмм вазнда Бобурмирзо Муродов Хитой Тайпейи вакили Кун Чен Юн билан рингга кўтарилди. Ўзбекистонлик боксчи рақибини иккинчи раунднинг ўзида техник нокаут билан мағлуб этиб, куннинг энг ёрқин ғалабаларидан бирини қайд этди.
Сўнгги чорак финал баҳсида эса -58 килограмм вазнда Абдуллоҳ Каримжонов мўғулистонлик Номтоибаяр Ганбаярга қарши куч синашди. Вакилимиз жангни жуда фаол ва ишончли тарзда ўтказиб, 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва ярим финалга чиқди.
Ўзбекистон бокс федерацияси маълумотларига кўра, ёш боксчиларимиз мусобақада юқори тайёргарлик ва катта ишонч билан иштирок этмоқда. Мутахассислар фикрича, терма жамоанинг ҳозирги натижалари келажакда Ўзбекистон бокси учун яна янги чемпионлар етишиб чиқишидан дарак бермоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!