date

Барак Обама “51-зона” ва ўзга сайёраликлар ҳақида гапирди

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама яна бир бор ўзга сайёраликлар мавзусида билдирган фикрлари билан жамоатчилик диққат марказига чиқди. У CBS телеканалида машҳур бошловчи Стивен Колберга берган интервьюсида ҳукумат ўзга сайёраликлар билан боғлиқ маълумотларни узоқ вақт сир сақлаб тура олмаслигини таъкидлади.

Собиқ президентнинг сўзларига кўра, Вашингтонда махфий маълумотларни яшириш жуда қийин.

— Бу президент сифатида англаб етадиган нарсалардан бири. Вашингтонда сирлар жуда ёмон сақланади, — деди Барак Обама.

Унинг фикрича, агар АҚШ ҳукумати ҳақиқатдан ҳам ўзга сайёраликлар ёки номаълум объектлар ҳақида маълумотга эга бўлса, бу эртами-кечми барибир ошкор бўлади.

— Қасам ичиб айтаманки, қандайдир объектни қўриқлаётган бирор йигит аллақачон ўзга сайёралик билан селфи тушиб, уни севгилисига юборган бўларди, — дея ҳазил қилди собиқ президент.

Бу биринчи марта эмас. Йил бошида Барак Обама подкастлардан бирига берган интервьюсида ҳам коинотда ҳаёт мавжуд бўлиши эҳтимоли ҳақида гапирган эди.

Унинг айтишича, ўзга сайёраликлар ҳақиқатан мавжуд бўлиши мумкин, аммо уларнинг Ерга ташриф буюраётгани ҳақида аниқ далиллар йўқ.

— Улар ҳақиқий бўлиши мумкин, лекин мен уларни кўрмаганман. Улар “51-зона”да сақланмайди. Агар жуда катта фитна бўлмаганида ва буни ҳатто АҚШ президентидан ҳам яширишмаган бўлса, ҳеч қандай ерости объектлари йўқ, — деди у.

Кейинчалик собиқ президент коинотнинг улканлиги сабабли қаердадир ҳаёт шакллари мавжуд бўлиши эҳтимоли юқори эканини, аммо инсонлар билан алоқа даражасидаги ўзга сайёралик цивилизациялари ҳақида ишончли маълумот йўқлигини таъкидлади.

Маълумот учун, “51-зона” АҚШдаги энг машҳур махфий объектлардан бири ҳисобланади. У узоқ йиллар давомида турли фитна назариялари марказида бўлиб келган. Айниқса, оммавий маданиятда у ерда ўзга сайёраликлар ва сирли технологиялар сақланиши ҳақидаги тахминлар кенг тарқалган.

Қизиғи шундаки, АҚШ Марказий разведка бошқармаси мазкур база мавжудлигини расман фақат 2013 йилда тан олган эди.

Собиқ президентнинг бу мавзудаги ҳазил аралаш баёнотлари ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар унинг фикрларини шунчаки юмор деб қабул қилган бўлса, бошқалар эса бу мавзуда ҳали жуда кўп сирлар борлигига ишонаётганини яширмаяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Барак Обама “51-зона” ва ўзга сайёраликлар ҳақида гапирди