“Манчестер Сити” Гвардиолни сақлаб қолиш учун ҳаракат бошлади

Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ҳимоя чизиғидаги муҳим футболчилардан бири Йошко Гвардиолни жамоада олиб қолиш учун жиддий қадам ташламоқда. Хорватиялик универсал ҳимоячига Европа грандлари қизиқиш билдирганига қарамай, “шаҳарликлар” уни сотиш ниятида эмас.
Sportske novosti нашри тарқатган маълумотларга кўра, клуб раҳбарияти Йошко Гвардиол учун янги ва узоқ муддатли шартнома тайёрламоқда. Энг эътиборлиси, ушбу битимда футболчининг маоши сезиларли даражада оширилиши кутилмоқда.
Манба хабарида айтилишича, Мадриднинг “Реал” клуби 24 ёшли ҳимоячига жиддий қизиқиш билдирмоқда. Испания гранди келажак учун мустаҳкам ҳимоя чизиғини шакллантиришни режалаштираётгани ва Гвардиолни асосий номзодлардан бири сифатида кўраётгани таъкидланмоқда.
Бироқ “Манчестер Сити” раҳбарияти ва бош мураббий Хосеп Гвардиола хорватиялик футболчини жамоанинг муҳим қисми деб ҳисобламоқда. Шу сабабли клуб уни ҳар қандай ҳолатда ҳам сақлаб қолишга қатъий қарор қилган.
Йошко Гвардиол 2023 йилда Германиянинг “РБ Лейпциг” клубидан 90 миллион евро эвазига Манчестерга кўчиб ўтган эди. У ўша пайтда дунё футболидаги энг қиммат ҳимоячилардан бирига айланган.
Қисқа вақт ичида у “Манчестер Сити”нинг асосий футболчиларидан бири бўлиб улгурди. Гвардиол нафақат марказий ҳимояда, балки чап қанотда ҳам самарали ҳаракат қилиши билан жамоага катта фойда келтирмоқда.
Бу мавсумда хорватиялик футболчи барча мусобақалар доирасида 23 та учрашувда иштирок этиб, 2 та гол ва 5 та голли узатма муаллифи бўлди. Унинг ҳужумга қўшилиши ва тўп билан ишлаш маҳорати мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Айни пайтда Гвардиол жароҳатдан тикланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Клуб тиббий штаби унинг тезроқ сафга қайтиши учун махсус дастур асосида иш олиб бормоқда.
Футбол таҳлилчилари фикрича, агар “Манчестер Сити” янги шартномани расман эълон қилса, бу клубнинг келажак режаларида Йошко Гвардиол марказий фигуралардан бири бўлиб қолишини англатади.
Мухлислар эса ҳимоячининг тезроқ майдонга қайтиши ва яна жамоа ҳимоясини мустаҳкамлашини интизорлик билан кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!