20:20 / 06.02.2018
6 765

Юртимиздаги ажойиб масканлар...

Юртимиздаги ажойиб масканлар...
Мамлакатимизда кўплаб археологик, табиий, меъморий обидалар, диққатга сазовор масканлар бўлса-да, уларнинг ҳаммаси ҳам саёҳатномалардан, хариталардан жой олмаган. Эътиборингизга Ўзбекистондаги энг ажойиб, бир-биридан қолишмайдиган жойларнинг бир неч­тасини ҳавола этамиз.

ХЎЖА ГУР-ГУР ОТА
Бу маскан Сурхондарё вилоятида жойлашган. Ушбу жойда бир олам таассуротларга эга бўласиз: 500 метрлик жарлик ёқасидаги чўрт узилган чўққи, чуқур каньонлар, динозаврларнинг тошга айланган излари ва 3700 метрлик баландликлар жалб қилади. Хўжа Гур-гур отага Бойсундан икки йўл билан борса бўлади: биринчиси — Олачопон, Қайроқ қишлоқларини кесиб ўтиб, Диболо қишлоғи орқали; иккинчиси — Дарбанд дараси, Мачай, Қизил Навур ва Кентала қишлоқлари орқали. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу жойга кўплаб зиёратчилар фарзанд сўраб келишади ва Аллоҳнинг инояти билан уларнинг ниятлари мустажоб бўлади.

МАЙДАНАК БАЛАНД ТОҒ РАСАДХОНАСИ
Майданак баланд тоғ расадхонаси 1970 йилда Майданак платосининг ғарбий қисмида, Шаҳрисабздан 45 км жануброқда қурилган. У Шимолий ярим шардаги энг яхши расадхоналардан саналади: бу ерда тўртта комета, 80 дан ортиқ астероидлар, “Самарқанд” номи берилган янги кичик сайёра кашф этилган. У жойлашган ҳудуд ниҳоятда сокин бўлиб, кўпчиликда товуш галлюцинацияси рўй беради. Юлдузлар эса шунчалик яқин жойлашганки, қўлингизни узатсангиз, етадигандек кўринади.

И.В.САВИЦКИЙ НОМИДАГИ ДАВЛАТ САНЪАТ МУЗЕЙИ
У республикадаги энг машҳур музейлардан бири бўлиб, рус авангард мусаввирининг дунёдаги иккинчи йирик коллекциясига эга. 1966 йилда мусаввир ва санъатшунос Игорь Савицкий шаҳар ҳокимиятини музей ташкил этиш зарурлигига ишонтира олади. Шу мақсадда унга бино ажратилди, ке­йинчалик у музей директори этиб тайинланди. Савицкий бинони таъмирлаб, турли жанрлардаги санъат асарларини харид қилиш орқали коллекцияларни шакллантира бошлади. Бир неча йил ичида у рус ва Туркистон авангарди, қадимий Хоразм археологик экспонатларининг энг тўлиқ коллекциясини тўплашга муваффақ бўлди. Ҳозирда коллекцияда 90 минг атрофида турли экспонатлар мавжуд, улар қаторида Луврдаги экспонатларнинг аниқ нусхалари ҳам мавжуд.

ДАРБАНД ДАРАСИ
Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида Дарбанд дараси жойлашган (“Дарбанд” тожикчасига “ёпиқ эшик” маъносини анг­латади). Қадимда бу қишлоқ аҳолиси дарага борувчи йўлни муҳофаза қилишган. Дарага кираверишда Зиндонак ғори бор, унда асирлар сақланган. Дара ичига қараб торайиб борувчи йўлдан юрилса, Хўжамой ота зиёратгоҳи чиқади. Ривоятларга кўра, Хўжамой ота ўз халқининг душманлар ҳужумидан нажот топишини сўраб дуо қилади. Шунда узоқ дарага бориб, баҳайбат қоя остидаги жойни топиб, қўлидаги ҳассаси билан ерга уради. Асо теккан жойдан булоқ отилиб чиқади, юзага келган ҳовузда балиқлар суза бошлайди. Шу тариқа Хўжамой ота тоғларда қолади. Тоғдаги ғор оғзида унинг қабри бор. Сал нарида ажо­йиб манзарага эга Каптархона водийси жойлашган, у ерда минглаб ёввойи кабутарларни учратасиз. Бу ерларни зиёрат қилган кишилар ана шу булоқнинг шифобахшлигини айтишади. Айтишларича, булоқ суви ҳар қандай жароҳатни даволаркан.

ШАҲРИСАБЗДАГИ ОҚСАРОЙ

Оқсарой соҳибқирон Амир Темурнинг она шаҳри — Шаҳрисабздаги қароргоҳи бўлган. У 24 йилда барпо этилган. Сарой бир неча ҳовлиларга эга бўлиб, улар гир айланасига хоналар билан ўралган. Хоналарнинг ичи тилла суви юритилган нақшлар билан безатилган, ташқи томони куфий, сулс услубидаги арабий ёзувлар, кошинкори безаклар, исломий гирих нақшлари билан безатилган. Сарой томида ҳовуз бўлиб, унда фаввора отилиб турган. Оқсаройнинг 300 йиллар аввал қулаб тушган арки минтақада энг йирик ҳисобланган. Айни вақтда улкан саройда атиги иккита ёдгорлик — минора қолган. Шундай бўлса-да, одамлар уни зиёрат қилишдан чарчашмайди, чунки бу қадамжони зиёрат қилган кишининг муроди ҳосил бўларкан.

АРАШАН КЎЛИ
Тошкент вилояти Қирғизистон ва Наманган вилояти билан туташадиган нуқтада, денгиз сатҳидан 3000 метр баландликда Арашан кўли жойлашган. Бу ерга етиб боришнинг ўзи бўлмайди. Дастлаб Арашан кўллари тизимидаги Хўжа Арашан кўли келади (сув ҳавзасидан бироз нарида муқаддас зиёратгоҳ — Арашан бува қабри мавжуд). Ундан чапроқда Катта Арашан жойлашган. Кейин 3400 метр баландликда тоғ тизмаси ортидаги Муз кўлига етиб борасиз. Бу ерга одамлар фақат ана шу кўлни кўриш учун эмас, балки Арашан бува зиёратгоҳини ҳам зиёрат қилишга келишади. Айтишларича, бу зиёратгоҳдаги бува қабрининг тупроғи сўгал ва бошқа яраларни тўкаркан.

ШАЙТОН ЖИГА ЎКИ ИБЛИС ДУБУЛҒАСИ
Самарқанддан 30 км жанубда, Илонсой ва Тахтақорача довонлари орасида йирик харсангтошлар сочилиб ётган текислик мавжуд, у бир неча чақирим масофага — Миронкўл булоқларидан то Қоратепа қишлоғигача чўзилади. Баъзи ривоятларда бу ерда қурбонликлар келтирилган, дейилса, бошқаларида осмонни ларзага солган жанглар бўлган, дея таъкидланади. Афтидан, айнан қандай воқеа рўй берганини ҳеч ким билмайди. Лекин бир нарса аниқ — бу масканнинг гўзаллиги ҳар қандай инсонни ўзига ром этади. Ҳайвонлар шаклига ўхшаш харсанглар, баҳайбат тош қушлар ва девлар… Айтишларича, бу ернинг булоқлари жуда шифобахш экан.

ҲАЗРАТИ ДОВУД ҒОРИ

Самарқанддан 40 км жануби-ғарбда, Оқсой қишлоғи ҳудудида Ўзбекистондаги энг машҳур қадамжолардан бири — Ҳазрати Довуд ғори мавжуд. Бу зиёратгоҳнинг юзага келиши билан боғлиқ бир неч­та афсоналар мавжуд. Уларнинг бирига кўра, ҳазрати Довуд оташпарастларнинг таъқибидан қочиб шу ерда жон сақлаган. Айтишларига кўра, Довуд пайғамбар қўллари билан қояларни иккига ёриб, ортига яшириниш қудратига эга бўлган.

Ғорга юқорига қараб 1303 та зина ва яна пастга тушувчи 200 та зина олиб боради. Бу ерда тошларга тушган қўл ва оёқ изларини учратиш мумкин, маҳаллий аҳоли уларни ҳазрати Довудга тегишли деб билади. Яна шу ҳам ҳақиқатки, бу жойни зиёрат қилганнинг барча ниятлари рўёбга чиқади.

ЖАРАҚУДУҚДАГИ «ТОШЛИ ЎРМОН»

Қачонлардир бу ерда денгиз бўлган. Эндиликда эса турли ҳайвонлар қолдиқларига дуч келинади. Шунга кўра, айтиш мумкинки, Ўзбекистон ҳудудида ҳам қачонлардир динозаврлар, тимсоҳлар бўлган, денгизларда акула ва скатлар сузиб юрган. Қизилқум саҳроси ҳудудида бир вақтлар дунё океани мавж урганига ишониш қийин, албатта. Бундан ташқари, қадимги ўрмон қолдиқлари ҳам кўзга ташланади. Агар сиз қадимги балиқлар, амфибиялар, судралиб юрувчилар, қушлар ва бошқа сут эмизувчи ҳайвонлар қолдиқларига қизиқсангиз, бу ер айнан сиз учун экани аниқ.

ҚУВА ШАҲАРЧАСИ
Қува шаҳри тарихи эрамиздан аввалги IV–III аср­ларга бориб тақалади. Археологик топилмалар фикримиз далилидир. Қува Фарғона вилоят марказидан 20 км масофада жойлашган. Қачонлардир бу ерда ҳунармандларнинг йирик савдо қўрғони бўлган.

ҚУЁШ ФИЗИКАСИ ИНСТИТУТИ
Қуёш физикаси институти Тошкент вилояти, Паркент тумани, «Қуёш» қўрғонида жойлашган. Мажмуа экологик тоза ҳудудда жойлашган бўлиб, бу ерда қуёшли кунлар 280 кунни ташкил этади. Бундай иншоот дунёда иккита бўлиб, яна бири Францияда жойлашган.

Авваллари бу бино ҳарбий мақомга эга эди. Бу ерда космик қурилмаларнинг сиртқи қопламалари ва ҳарбий техникалар синовдан ўтказилган. Бугунги кунда институтда назарий ва тажрибавий тадқиқотлар ўтказилади. Қуёш юзасининг кўп мақсадли кузатувлари олиб борилади. Институтда, шунингдек, тиббиёт, нефть-газ ва тўқимачилик саноати учун ишланмалар амалга оширилади.

ИЧАНҚАЛЪА

Ичанқалъа Хивадаги энг қадимги қалъа ҳисобланади. Унинг майдони 26 гектарни ташкил этади (бугунги кунда унинг ҳудудида 300 га яқин оила истиқомат қилади). Ичанқалъа Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Марказий Осиёдаги биринчи ёдгорликдир. Шаҳар 10 метр баландликкача барпо қилинган тиргоҳли деворлар ва мудофаа миноралари билан қуршаб олинган. Бугунгача тўртта минорадан учтаси ҳамда 400 га яқин қадимий турар жой ва хўжалик бинолари сақланиб қолган. 60 дан ортиқ меъморий ёдгорликларни ҳам кўриш мумкин. Кўҳна Арк, Таш Ҳовли саройи мажмуаси, Калта Минор, маш­ҳур 213 та устунли Жума масжид, Саид Алоуддин мақбараси, Шерғозихон мадрасаси, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, гумбазлар билан ёпилган улкан бозор, Хиванинг тимсоли бўлиб қолган Исломхўжа минораси шулар жумласидандир. Айтиш мумкинки, Хивага келган сайёҳ ўзини ўрта асрларга тушиб қолгандек ҳис қилиши шубҳасиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Юртимиздаги ажойиб масканлар...