00:39 / 18.12.2018
4 370

Дунёга очилаётган Ўзбекистон: сўнгги икки йилда нималар ўзгарди-ю, нималар ўзгармади?

Дунёга очилаётган Ўзбекистон: сўнгги икки йилда нималар ўзгарди-ю, нималар ўзгармади?
Жаҳон сиёсий саҳнасидаги ҳолат, ўн йил олдинни қўя турайлик, бир йил аввалги ҳолатдан ҳам зиддиятлироқ кўринишга келди. Аввал дип­ломатик ва сиёсий ўйинлар билан ўз манфаатларини ҳимоя қилган томонлар энди қурол ва куч намойиши, енгил ҳамлалар ҳамда очиқча тажовуз ҳаракатларини кўрсатишмоқда. Таассуфки, бундай вазиятда томонлар ҳар қандай имкониятни, жумладан, сиёсий-радикал, диний экстремистик ёки террорчи кучларни вужудга келтириш ва уларни ўз мақсадида йўналтиришдан ҳам тоймайди. Катта ўйинда кичик қурбонлар берилиши табиий саналади. Бу минг йиллардан буён давом этиб келмоқда. Тарихнинг инсониятга бериб келаётган аччиқ сабоғи бор: «Урушда ғолиблар бўлмайди!». Бундан хулоса шуки, бугунча дунёдаги катта сиёсий куч бўлмаган ҳолимизда елкамизга тушгани – катта ўйиннинг кичик қурбонлари бўлиб қолмасликдир.

Президентга нега осон эмас? Ташқи вазият. Марказий Осиё

Президент Мирзиёев дунё сиёсатидаги вазият анча мураккаблашган ва кес­кинлашган пайтда ҳокимият тепасига келди. У сиёсий ҳокимиятни минтақада қўшнилар билан муаммоли, зиддиятли муносабатлар ҳолатида қабул қилди. Бу муносабатлар аслида фақатгина Ўзбекистон ва иккинчи давлат ўртасида, икки давлат манфаатлари устида вужуд­га келган зиддиятлар туфайли кескинлашмаган эди.

Мирзиёев ҳокимият тепасига келган йили қўшни Қирғизистонда ташқи кучлар таъсири остида маҳаллий кичик сиёсий гуруҳлар 2010 йил воқеалари так­рорланиши учун тайёргарлик кўраётгани Ўзбекистондаги масъул идоралар томонидан аниқланган.

Бошқа қўшнилар билан муносабатлар ҳам мақтагулик бўлмаган. Юқоридаги омиллар ва йиллар давомида йиғилган зиддиятлар оқибатида Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида ҳар икки тараф ҳарбийларида «ўзбекофобия» ва «тожикофобия» шаклланган, махсус хизматлар юзлаб оддий фуқароларни «шпионаж»да айблаб, жиноий ишлар очган, давлат сиёсий муносабатлари очиқча нафрат нуқтасига келиб қолган. Қозоғистон ҳамда Туркманис­тон билан расмий сиёсий муносабатлар эса гўёки нормал кўрингани билан асл сиёсий кайфият оддий одамлар ҳаётида, икки миллатнинг бир-бирига муносабатидаги салбийликда акс этиб турарди. Бошқа бир чегарадош давлат – Афғонистон ҳудудидаги сиёсий нобарқарорлик ва давлат ўлароқ турли халқаро ҳарбий блокларнинг мавжудлигига қарамай, турли террорчи ташкилот ва радикал гуруҳларнинг фаолияти туфайли мазкур мамлакат Ўзбекистон учун олов янглиғ таҳликага айланганди.

Евроосиё

Россия билан муносабатларда ҳеч қачон қаттиқ сиёсий зиддиятга келинмаган бўлса-да, кўпгина халқаро масалаларда сиёсий позициянинг ўзгариб тургани ўртадаги муносабатларнинг анчайин заифлашувига олиб келаётган эди. Айниқса, географик жойлашувига кўра Ўзбекистон иқтисоди учун катта имкониятга айланиши мумкин бўлган Россия бозори эшиклари ҳатто ярмигача ҳам очилмаганди. Ҳарбий ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик имкониятларининг бор-йўғи 20 фоизидан фойдаланилар эди.

Евроосиё қитъасида энг стратегик нуқтада жойлашган қардош Туркия билан муносабатлар эса боши берк кўчага кириб қолганди. Мазкур ҳудуддаги МДҲга аъзо бошқа давлатлар билан зиддият кузатилмаса-да, муносабатларни яхши деб баҳолаш ҳам қийин эди.

Умуман олганда, 2016 йил дунёда Россия, АҚШ ва Хитой давлатларининг манфаатлари тўқнашуви кескинлаша бошлаган давр бўлди. Бу мамлакатлар дунёнинг турли минтақаларида, хусусан, Марказий Осиёда ўз аҳамият ва таъсирини кучайтириш учун аввалгидан-да кўпроқ ресурс ажрата бошлашди.

Айнан шу даврга келиб шу пайтгача молиялаштирилиши ортида давлатлар махсус хизматлари туриши «тахмин» қилинган халқаро террористик ташкилотлар ва радикал сиёсий, диний гуруҳлар фаолиятида трансформация кузатила бошлади. Аввал бирор бир террористик ташкилот ёки радикал гуруҳнинг амалга оширган террорчилик акти ёки ҳужуми, у ҳар қандай сиёсий ёки диний важ билан амалга оширилмасин, таҳлил қилинганда, албатта қайсидир гегемонликка даъвогар давлат манфаати ўртага чиқар эди.

Айнан 2015–2016 йилларда дунё миқёсида рўй берган террорчилик акт­лари таҳлил қилинганда бу ҳодисалар ортида давлатлар эмас, турли даражадаги трансмиллий корпорация ва компанияларнинг кичик локал манфаатлари ётганини кўрса бўлади. Бу эса ўз навбатида махсус хизматлар томонидан ташкил этилган ёки қўллаб-қувватланган экстремистик ҳамда террорчи гуруҳлар жилови уларнинг қўлидан чиқиб кетганини англатади. Шу сабабли ҳам 2015 йилдан сўнг дунё аввалгилардан фарқли ўлароқ тизгинсиз террор билан юзма-юз келди.

Устига-устак Сурияда тугатилаёзган ИШИД (Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган) ва бошқа кичик радикал гуруҳлар аъзолари Афғонистон ва Марказий Осиё давлатларига турли йўллар билан қайтишни бошлади. Бу эса бевосита давлат хавфсизлигига таҳдиднинг ортиб боришига сабаб бўлди. Ўтган икки йил давомида махсус тайёргарликдан ўтиб Ўзбекистонга қайтиб «тинчгина» яшаётган, ўз вақти соатини кутиб турган «уйқудаги уя»лар фош этилгани бир тарафдан ДХХнинг иш самарадорлиги ошганлигини кўрсатса, бошқа тарафдан хавфнинг ошганини ҳам билдиради.

Халқаро ташкилотлар, айниқса, инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги билан боғлиқ халқаро ташкилотлар учун Ўзбекистон баъзи ўринда ҳақли, баъзи ўринда ҳақсиз равишда танқид нишонига айланиб қолган эди. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро сиёсий нуфузи ва халқаро майдондаги имижига путур етказаётганди.

Ички вазият. Муаммолар

Шавкат Мирзиёев Президент вазифасини бажарувчи лавозимига киришиши биланоқ мамлакат иқтисодиётининг ночор аҳволга келиб қолгани, реал ялпи ички маҳсулот рақамларда кўрсатилгандан деярли уч-тўрт баробар кам экани, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми кўрсаткичлари ҳам сохталаштирилгани, иқтисодни оёқда тутиб туриш учун асосий куч халқнинг гарданига солиқ солиш йўли билангина ҳал қилиб келингани билан юзма-юз келди.

Энг даҳшатлиси, қонунчилик қанчалик мукаммал ва силлиқ кўринмасин, уни амалиётга жорий этишда қонун устуворлиги эмас, сиёсий гуруҳлар ва кучлар хоҳиш-истагига кўра иш кўрилаётган, коррупция нормал қонуниятга айланган, давлат бойлик­лари ва бюджетини тасарруф этишда жамият эҳтиёжи эмас, гуруҳлар манфаати принципидан келиб чиқилаётган эди.

ОАВ ҳар қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, қаттиқ назорат остида тутилиб, глобал муаммони кўтариш, таҳлил қилиш, таклиф бериш «давлат» тарафидан хуш кўрилмас эди. Вазият шу даражага бориб етган эдики, Ўзбекистон давлат мадҳиясини ёзган шоирнинг шеърларини чоп этгани учун катта газетанинг бош муҳаррири лавозимидан олиниб, «Исталмайдиган шахс­лар» («Persona non grata») рўйхатига киритиб қўйилган ва ишсиз қолдирилганди. 2016 йилга келиб бу рўйхатда миллат зиёлиларининг деярли ярмидан кўпи ўрин олганди. Натижада рўйхатга кирмаган «қулай»лар сафида аксарият маддоҳлар ва сиё­сий тарғибот деганда тилёғламаликни тушунадиганлар ўрин ола бошлади. Ижодкор учун маддоҳлик трендга ва яшаш шартига, қадриятга айлана бош­лаган эди.

Илм-фан тараққиёти, илмий тадқиқотлар (замонавий дунё талаблари ва эҳтиёжидан келиб чиқадиган) масалаларига учинчи даражали масала сифатида қараш нормаллашганди.Ижтимоий ночор ва ногиронларга тўланадиган нафақалар «майли, шу ҳам очдан ўлмасин» деган нуқтаи назардан келиб чиқиб белгиланиши нормал ҳолат деб қабул қилинганди. Уларнинг уй-жой масаласида Давлатнинг бош қотириши лозимлиги, бу бир Давлат мажбурияти экани ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас эди.

Энг олий қадрият саналган инсон озодлиги ва ҳурриятига муносабат, хусусан, иши терговга тушган инсон автоматик равишда жиноятчи деб баҳоланиши, умуман, судда оқланиш мумкинлиги хомхаёл эди. Айниқса, озодликдан маҳрум этилиш хўрликка маҳкумликни англатарди. Жазони ижро этиш муассасаларида ноинсоний муносабат ҳар бир маҳкум учун қисмат эди.

Президент Мирзиёев ана шундай мураккаб сиёсий-ижтимоий вазиятда ҳокимият тепасига келди.

Икки йилда нима ўзгарди? Ташқи сиёсат. Марказий Осиё.

Марказий Осиёда қўшни бўлган мамлакатларга нисбатан кибрли муносабатда бўлишдан воз кечилди. Принципиал ўжарлик ўрнини конс­труктив прагматизм эгаллади. Энг асосийси, «ўтган ишга саловат, энди нима қиламиз, оғалар?» деган позиция – конс­труктив мулоқот қура олиш қобилияти ва хоҳиши минтақадаги давлатларнинг раҳбарларига ҳам маъқул бўлди.

Кичик масалаларда ўрни келганда ён берилди. Аммо шу орқали катта ва йиллар давомида йиғилган муаммолар ечилди. Биргина Қирғизистон билан ўта зиддиятли муносабатлардаги муаммоларни ҳал этишгина эмас, янги имкониятларни вужудга келтириш мумкинлигини кўрсатиб берган ­Президентимиз Марказий Осиё минтақасида интеграциялашув жараёнини бошлаб берди. Қолган қўшни мамлакатлар ҳам Ўзбекистоннинг янги қиёфаси ва сиёсий иродасини кўрди. Ишонди. Айни шаклда очиқ ва самимият билан музокараларга ўтирди.

Халқаро ҳамжамият

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро чегаралар муаммоларини ҳал қилишга татбиқ этиш учун айни пайтда Ўзбекистон тажрибасини ўрганмоқда. Марказий Осиё интеграллашуви жараёнининг бошланиши ва ривожланиши эса Президент Мирзиёевни, халқаро сиёсий экспертлар тан олганидек, фақат кучли тактик эмас, балки кучли прагматик стратег сифатида намоён этди. Бу эса, ўз навбатида, Ғарб давлатларининг эътиборини тортди.

Кўпчилик экспертлар Ўзбекистон Россия таъсири остига тушиб қолишини башорат қилишига қарамасдан ташқи сиёсатдаги прагматизм ва очиқлик орқали Президент Мирзиёев Ўзбекистон минтақада барча билан тенгма-тенг, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрната олишини амалда кўрсатди. Натижада Ўзбекистон миллиардлаб инвестицияларни жалб қила бошлади. Янги Ўзбекистон дипломатиясининг ютуқларидан бири сифатида БМТ қошида Оролбўйи ҳудудларга ёрдам бериш халқаро траст фонди ташкил этилганини кўрсатиш мумкин.

Умуман, президент Мирзиёевнинг БМТдаги чиқиши ва бутун дунёга чин демократик қарашларини ифода этиши, амалда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича реал ишларни бошлаб юбориши ортидан халқаро ташкилотларда Ўзбекистонга сўзда эмас, амалда реал демократ ва инсон ҳуқуқларини қадрият деб қарайдиган Президент бош­қарувга келганини англаб етди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумининг Самарқандда БМТ шаъфелигида ташкил этилиши Ўзбекистонга Давлат ўлароқ дунёнинг муносабати ижобий томонга ўзгарганининг исботи бўлди.

Президент Мирзиёев инсон ҳуқуқларини олий қадрият деб билиб, диний эркинликлар соҳасида амалга оширган ислоҳотлари самарасида 20 йилдирки дунёда диний эркинликлар чекланган мамлакатлар рўйхатидан 2018 йилда расман чиқарилиши катта воқелик бўлди. Буни АҚШ Давлат котиби Майкл Помеонинг шахсан эълон қилиши биринчидан, Президент сиёсатининг икки йилдаги муваффақияти эътирофи бўлса, иккинчидан дунё сиёсий майдонида Ўзбекистон янгича қиёфада ўзини кўрсатаётганининг далолати бўлди. Бу ерда нозик бир нуқтага тўхталиш шарт – ўтган 20 йил давомида бу рўйхатдан чиқарилган иккинчи мамлакат Ўзбекистон бўлди.

Мамлакат ичкариси

Ички сиёсатда Президент Мирзиёев ўзини ўзи алдаш – ёлғондан воз кечиш, мавжуд муаммоларни тан олиб, уларни бартараф этишни бошлади. Халқдан узилиб қолган, расмий эълон қилинган рақамларга ошуфта бўлиб юрган давлат бошқарув аппарати кадрларини халқнинг ичида юриб, эшикма-эшик кириб халқнинг дардини эшитиш, реал ҳолат билан танишишга мажбур қилди. ­Президент виртуал қабулхонасига келиб тушган аризаларни холис ўрганиш ва тезкор шаклда масалаларни ҳал этиш тизимини яратди.

Бу қадамларнинг мантиқий давоми ўлароқ коррупцияга қарши курашни кун тартибининг энг устувор масаласига олиб чиқди. Порахўрлик ва таъмагирлик ким томонидан амалга оширилишидан қатъи назар, жазо муқаррарлиги амалда ўз исботини топяпти.

Президент Мирзиёев ўз олдига қўйган – янги Ўзбекистон сиёсий реаллигини яратишда автократик эмас демократик йўлни танлади – сўз эркинлигини таъминлаш учун оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлади. Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз: мамлакатдаги ўта оғир сиёсий-ижтимоий ҳолатда сўз эркинлигига йўл очиб берилиши ­Президентнинг сиё­сий хавфсизлиги учун таҳликали эди аслида. Чунки турли сиёсий гуруҳлар ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда ОАВни давлат раҳбарининг сиё­сий позицияларини заифлаштириш учун қўллаши эҳтимоли бор эди. Аммо президент Мирзиёев бундан чўчимади. Бунинг натижасида ОАВга кириб келган эркинлик жойларда давлат ислоҳотлари ижросини назорат қилишга кўмаклашмоқда.

«Исталмас»лар рўйхатига киритилган ижодкор ва зиёлиларни адабиёт ва жамоатчилик саҳнасига қайтарди. Бундан ташқари, ўн минглаб ватандошимиз ўз эътиқоди туфайли киритилган «Қора рўйхат» амалиётига барҳам берди. Турли хил ғийбат ва туҳмат билан қамалганлар озод этилди. Ўзбекистон ҳибсхоналарида сиёсий айблов билан қамалган бирорта журналист қолмади.

Миллатнинг муҳтарами саналган ўқитувчи ва илм-фан фидойиларининг жамиятдаги мавқеини ошириш ва моддий аҳволини яхшилашга, илмий тадқиқот институтлари фаолиятини қайта ташкил этишга миллиардлаб бюджет маблағлари йўналтирилди. Бу эса улуғ аждодларимиз номи билан мақтанишдан кечиб, уларга муносиб ворис бўлиш, илм-фан тараққиёти учун қўйилган амалий қадам эди.

Ўтган икки йил давомида ногиронлиги бўлган ва кам таъминланган аҳоли қатламининг ижтимоий ҳимояси учун ҳам миллиардлаб маблағ йўналтирилди. Республика бўйлаб бу тоифадагиларга минглаб уйлар ажратилди. Энг асосийси, олдингидан фарқли ўлароқ маҳаллий ҳокимият вакиллари ижтимоий муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш илтифот эмас, ҳокимиятнинг мажбурияти эканлигини англай бошлади.

Ўтган давр мобайнида мингдан кўпроқ суд ишларида оқлов ҳукмлари эълон қилинди. Терговда қийноқ қўллаш амалиётига амалда барҳам берилди. Жазони ижро этиш муассасаларида маҳбусларга ноинсоний муносабатда бўлиш, таҳқирлаш тўхтатилди. Яқинда давлатимиз раҳбари ўз маърузасида маҳкумларнинг сайловларда овоз бериш ҳуқуқи таъминланиши, озодликдан маҳрум этилганлар учун масофавий таълим имконияти яратиш борасида ишлар бошланиши ҳақида маълум қилди.

Буларнинг барчаси Президент ­Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда тараққиётнинг янги босқичига ўтиш учун жамият трансформацияси бош­ланганини кўрсатади.

Икки йилда нима ўзгармади?

Икки йил давомида Президент кутган, аммо ўзгармаган бир нуқта борки, жамики ислоҳотларнинг тамомила муваффақиятини тўлалигича таъминлашга халал бермоқда. Таассуфки, икки йилдан бери жамиятда тафаккур тўлиқ ўзгармади.

Биз Давлат ўлароқ танланган йўлга миллат ўлароқ отландик. Қаёққа кетаётганимиз маълум. Йўлнинг оғир эканлиги ҳам, бошқа йўлимиз йўқлиги ҳам маълум. Фақат миллат ўлароқ танлаган манзилимизга нега кетаётганлигимизни миллат сифатида тўлиқ тушуниб етганимизча йўқ. Бу танланган манзил сари нега кетаётганлигимизни аниқ-тиниқ тушуниб, ана шу тушунча билан қалбимиз ҳамда шууримизда аниқ-тиниқ бир мақсадни шакллантиришимиз керак.

Чунки танланган йўлда миллат ўлароқ миллий шуур, миллий онг ва миллий якдиллик бўлмас экан, биринчи чиққан ғовда ёхуд таҳликадаёқ ҳаммамиз миллат эмас, оломон янглиғ ҳар тарафга тўзиб кетамиз. Тарқалиб пароканда бўлиб кетамиз. Миллий шуур, миллий якдиллик эса индивидлар эмас, шуурли шахсларнинг якдиллиги воситасида вужудга келувчи ҳодисотдир. Ҳозирча эса биз шунчаки йўлда кетяпмиз. Қаёққа кетаётганлигимиз маълум, нега кетаётганлигимизни эса англаб етганимизча йўқ. Нега?

Биринчи сабаб

Биз миллат ўлароқ ВАТАНПАРВАРЛИК ва ҲУКУМАТПАРВАРЛИК деган тушунчаларни қориштириб юборганмиз. Айниқса, оммавий ахборот воситаларимизда, маънавий тарғибот ишларимизда бу яққол намоён бўлмоқда. Гўёки ватанпарварлик деб ўйлаб қилаётган­ ишларимиз, ўтказаётган тарғибот тадбирларимиз, олаётган фильмларимиз, ёзилаётган асарларимиз, шеърларимизнинг кўп қисми аслида ҳукуматпарварликдан бошқа нарса эмас. Ватанпарварликнинг ҳукуматпарварликдан фарқи шундаки, ватанпарвар ўзидан кечиб Ватан учун ҳар нарсага тайёрликни анг­латади. Ҳукуматпарварлик эса ҳукуматдан рағбат олиш учун ўзидан бошқа ҳамма нарсадан воз кечишга тайёрликни англатади.

Ҳукумат хато қилиши, адашиши мумкин, лекин қадим Давлат ҳеч қачон адашмайди. Давлатнинг тепасига ҳеч қачон, ҳеч ким адашиб келиб қолмайди. Ҳукуматга адашиб келиб қолган ёки келганидан сўнг адашганларни Давлат танбеҳлаб ёки алмаштириб қўяверади. Биз эса қадим Давлатнинг эгаси бўлган МИЛЛАТГА қайишиш ўрнига, миллат хизматчиси бўлган ҳукуматга ён босишни, яъни ҳукуматпарварликни ватанпарварлик деб ўйлаймиз.

Иккинчи сабаб

Миллий руҳиятимизда мутаассиб­лик жуда ҳам кучли. Айниқса, диний мутаассибликка муккамиздан кетиб қоламиз. 27 йилдирки, мустақил бир давлатда яшаб келяпмиз. Дунёга очилганимизга салкам ўттиз йил бўляпти. Инсоният ахборот алмашинувининг янги эрасига кириб келди. Эрталаб туриб ишга кетгунча телефонимизда ҳар куни дун­ёнинг қайси бурчагида нима ҳодиса бўлганини, дунё қаёққа кетаётганидан хабар топганимиз, информацион иҳоталанган бир жамиятда яшамаётганимиз бир ҳолда ҳануз мутаассибликка мойиллигимиз сабаби нимада?

Сўнгги икки йилда ижтимоий тармоқларнинг миллий информацион макони расман диний уламо ва валломатларнинг информацион уруш полигонига айланди. Бунда четдан бўлган информацион хуружлардан кўра мамлакат ичидаги диний соҳа вакилларининг бир-бирига қарши олиб бораётган даҳанаки жанги кўпайиб кетди. Мактабда рўмол, соқол масалалари миллий қайғу даражасига кўтарилди. Бир мусулмон ҳаётида бу масалалар муҳим ўрин тутади. Аммо энг, аввало, бир инсон сифатида рўмол ва соқолдан кўра ахлоқ, илмли бўлиш, таълим сифати, шахснинг жамият олдидаги масъулияти, инсонсеварлик қайғулари муҳимроқ эканини унутиб қўйяпмиз.

Аслида чин мусулмонликнинг акси ўлароқ рўмол ўрамаган аёлларни ёппасига бузуққа чиқариш, ёш авлоднинг мактабда ёки университетда таълим олишидан кўра масжидга бориб намоз ўқиши шарт деб ўйлаш, жамият ва шахсий ҳаёти учун ҳалол ишлаётган инсонларимизни беш вақт намоз ўқимагани учун бенамоз ва дўзахий деган айбловлар билан айблашлар, бошқа дин вакиллари билан дўстона муносабатлар ўрнатилишини ҳаром дейиш ва шундай тушуниш, бир сўз билан айтганда, мутаассиблик жамият таназзулининг сабаб­ларидир. Бошқа тарафдан мутаассиб­лик — дин аҳкомларини билиш, қатъий амал қилиш, аммо унинг моҳиятини тушуниб етмаслик маҳсулидир.

Бундай бир назар солсангиз, аслида рўмол ва соқолдан кўра долзарброқ бўлган Орол дарди, болаларимизда йод танқислиги, йил сайин кўпайиб кетаётган қон касалликлари, мактаблардаги таълим сифати, ёшларимизнинг кун сайин интернетда иффатини йўқотаётгани, аршни ларзага келтирувчи – оилаларда ажралишлар изтироби бор. Биз эса шу ҳолимиз билан уйининг томидан чакка томаётган инсоннинг томни тузатиш эмас, чиройли кўрпача дардига тушганидек тутаяпмиз ўзимизни. Таассуф.

Учинчи сабаб

Инсоният пост-индустриал тараққиёт эрасига қадам қўйгани ҳолда биз ҳануз ўтган аср охиридаги тафаккур тарзимиздан воз кечолмаяпмиз.

Инсоният буюк мақсадлар сари интилар экан, биз ҳануз майда дардлар билан оворамиз. Бундан сўнг ҳар тарафлама тараққиётни фақат ва фақат замонавий илм-фанни ривожлантириш таъминлашини била­япмиз-у, англамаяпмиз. Тушунаяпмиз-у ҳис қилмаяпмиз. Дунёда нанотехнология, биотехнология гуркираётган бир пайтда ҳануз далаларимизни суғориш учун қанчадан-қанча сувни исроф қил­аяпмиз. Ўн беш мингга китоб, икки мингга газета олиш малол келади-ю, лекин телефоннинг янги модели чиқса, олмагунча ҳаловатимиз йўқолади.

Тўртинчи сабаб

Фалсафий мушоҳадалар майдонларини деярли йўқ қилиб бўлдик. Инсон ва жамият, инсон ва давлат ҳамда бошқа мавзулардаги фалсафий мунозараларни тиклашимиз керак. Ёш авлод телевизорда, радиода, матбуотда файласуф ва футурологларнинг фалсафий баҳс ва мунозараларини эшитиб, кўриб, ўқиб ўссагина ижтимоий тараққиёт рўй беришини англолмаяпмиз. Таассуф.

Хулоса

Президент Мирзиёев ҳар жабҳада давлат сиёсатининг бош мезони бундан сўнг Адолат мезони бўлиши кераклигини қайта-қайта таъкидламоқда. Шунинг учун ҳам ўз сиёсатида ўзига қула­йини эмас, тўғрисини, халққа мақбулини танлашга интилиб келмоқда. Бу давлат раҳбарининг ҳамма айтгани ҳам кечикмасдан амалга ошмоқда дегани эмас, албатта. Қаерлардадир ортда қолиш бор.

Чунки Президент сиёсий иродасини амалга оширишга масъул бўлган ижро ҳокимиятида янгича ишлашга, янгича фикрлашга кўникмаётганлар, жамият учун фойдалисини эмас, ўзига қула­йини танлашни истаётганлар бор. Улар ислоҳотларни жойларда қанчалик ортга суришга, уларни тўхтатишга уринмасинлар президент ­Мирзиёев­ ўз сиёсий иродасидан қайтмаслиги маълум бўлди. Демак, олдинда фақат бир йўл бор: ёки адолат мезони бўйича ишлашга кўникишади ёки ўз ўринларини бу мезонга амал қиладиган янги авлод бошқарув кадрларига бўшатиб беришади.

Шахс ўлароқ Президент Мирзиёев ўз сиёсий иродасини амалга оширишда қайсидир кучларга, сиёсий гуруҳларга эмас, ўз миллатининг иродаси ва ишончига таяниб ундан куч олишни давом эттирар экан, ҳадемай жамиятда тафаккур модернизацияси рўй бериши аниқ.
Саид-Абдулазиз ЮСУПОВ

Манба: «Жамият» газетаси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Дунёга очилаётган Ўзбекистон: сўнгги икки йилда нималар ўзгарди-ю, нималар ўзгармади?