18:02 / 16.04.2019
7 379

Мактаб эшигидаги беҳаё сўзларга Чироқчи туман халқ таълими кўз юмиб ўтдими?

Мактаб эшигидаги беҳаё сўзларга Чироқчи туман халқ таълими кўз юмиб ўтдими?
Биз бежизга таълим даргоҳларини маънавият масканлари демаймиз. Бола аввало боғчада, кейин эса мактабда ўзининг илк дунёқарашини шакллантиради, онги ва тафаккури равшан тортади.

Гап шундаки, бугун таълим тизимида йўл қўйилаётган ёинки кўз юмилаётган айрим камчиликлар келажакда жиддий ва тузатиб бўлмас хатоларни келтириб чиқариши мумкин. Буни Қашқадарё вилояти Чироқчи туман Халқ таълими тизими фаолиятида ҳам кузатиш қийин эмас.

ФАҚАТ ТАЪЛИМ БЕРИЛАДИ, ТАРБИЯ ЭМАС

Таҳририятимизга Чироқчи тумани “Соҳил бўйи” МФЙ дан мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатни ўрганишимиз давомида шу ҳудудда жойлашган айрим таълим масканларининг ачинарли аҳволи эътиборимизни тортди. Энг аввало, Чироқчи туман Халқ таълими бўлимига қарашли 14-умумий ўрта таълим мактабидаги ўқувчи қизларнинг мактаб тартиб-тамойилига муносиб бўлмаган замонавий бироз “очиқ” мактаб кийимларидан ҳайратга тушдик. Ташқи тарафидан худди ташландиқ бинони эслатувчи даргоҳ, не ажабки мактабнинг юқори синфлари таҳсил оладиган бино экан. Дарвозаси йўқлиги майлику-я, аммо ичкаридаги манзарадан киши кўнгли хира тортади. Аввало, бино эшигига уят сўзлар билан ёзиб кетилган битик ҳар қандай кишини ҳайрон қолдиради. Синф эшиклари, стол-стул, парталарда ҳам турли беъмани суратлар чизиб ташланган.
Бу орада бизнинг қаршимизда соч-соқоли ўсиб кетган, ўзини жаҳл билан мактаб директори деб таништирган Зокир Сайитқулов пайдо бўлди. Кимлигимиз ва қаерданлигимиз билан қизиққач, аввало муаммо ечимига эмас, қўл телефонига “ёпишди”. Маълум бўлишича, у Чироқчи Халқ таълими бўлими мудираси Назира Абраева билан боғланди.
Телефондаги суҳбат мазмунидан бехабармиз, бироқ директорнинг сўзларига қараганда туман Халқ таълими бўлими мудираси томонидан “Журналистга мактабни суратга олишга ким ҳуқуқ берди, тезда уларни ҳайдаб юборинг” деган топшириқ берилган эмиш. Вазият борасида мактаб директорининг берган изоҳи янада қизиқ бўлди.
- Аввало, сиз бўлимдан рухсат олиб, уларнинг розилиги бўлсагина мактабга киришларингиз керак. Кейин ўқувчилар формасига келсак, биз бир неча бор ота-оналар йиғилишларида бу ҳақда таъкидлаб ўтганмиз. Хўш, биз нима ҳам қила олардик? Ёзувларга келсак, биз фақат таълим берамиз, тарбияни бола уйидан олади.

Демак, Зокир Сайитқуловнинг сўзларига кўра, мактаблар фақатгина таълим берадиган масканга айланиб бораяпти. Тарбия эса уйдангина олинади, холос.
Начора, нима ҳам дердик, ўрганиш ишларимизни маъқуллаган мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбсари Абдусалом Жуманов сўзларига қулоқ тутдик:

– Директорга ҳам ҳайронман, ким келса жиддий қаршилик кўрсатади. Мактабдаги муаммоларни яширади, дарров мудирага қўнғироқ қилади. Муаммоларимиз эса “ёпди-ёпди” бўлади. Бу гапларни эшитган киши мени балки раҳбарнинг ўрнига қизиқиб қолган ёки “сотқин” экан деган хаёлга бориши мумкин. Нафақага чиқишимга бор-йўғи бир йил қолди. Менга бировнинг ўрни ҳам, ортиқча ғалва ҳам керак эмас. Шунчаки, бефарқлик, масъулиятсизликни енгайлик демоқчиман, холос.

КЎЗДАН ЙИРОҚ, НАЗОРАТДАН ҲАМ ЙИРОҚ(МИ?)
Бундан ташқари, мактабнинг учта ўқув биноси бор. Биринчи бино асосий саналиб, ўқувчи сони кўп бўлганлиги сабабли мактаб маъмурияти ҳам шу ерда жойлашган. Иккинчи ва учинчи ўқув биноларида эса ҳеч қандай назорат ва навбатчилик тизими ўрнатилмаган. Эътиборимизни собиқ иттифоқ давридан буён фаолияти тўхтатилган ва анча қаровсиз ҳолга келиб қолган болалар боғчаси ичида жойлашган учинчи ўқув биноси тортди. Поллар илма-тешик бўлиб кетган, сувоқлар кўчган, эшик ва ромлар яроқсиз ҳолга келиб қолган. Бир сўз билан айтганда, бу ерда умуман дарс ўтиб бўлмайди. Бу борада ҳам мактаб раҳбаридан сўрамоқчи бўлганларимиз кўп эди, бироқ у бизнинг фаолиятимиз ва ўрганиш ишларимизга жиддий қаршилик кўрсатди. Мактабдаги бошқа муаммоларни ҳам сир тутди.

УНУТИЛГАН МАКТАБ ФИЛИАЛЛАРИ
Ҳудудда шунингдек, 18 ва 13-умумий ўрта таълим мактаблари ҳам фаолияти йўлга қўйилган. Аммо бу мактаблар ҳам муаммолар гирдобидан йироқ эмас. Ҳеч бир масъул мазкур таълим даргоҳларининг фаолияти билан қизиқиб кўрмаган шекилли йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларга тўлиқ ечим топилмаган.

18 ва 13-умумий ўрта таълим мактаблари айрим аҳоли хонадонларидан узоқ бўлганлиги сабабли филиал ташкил қилинган. Табиийки, филиалда кўп сонли ўқувчилар таҳсил олишмайди. Асосан бошланғич синф ўқувчилари учун қурилган филиалда кам сонли ўқувчилар ўқишади. Лекин, масаланинг бошқа томони бор. Хусусан, 13-умумий ўрта таълим мактаби филиали йўл ёқасида жойлашган бўлиб, бу ерда серқатнов машина йўли ўтган. Ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун на бирор белги ва на бирор-бир темир тўсиқ ўрнатилмаган. Бу ҳақда шу ерлик аҳоли шундай дейди.

- Бу йўл жуда хавфли. Айниқса кичик ёшдаги болалар шу филиалга таълим олгани келишади. Мактаб яқинида “Кўк тўнли ота” қабристони ва зиёратгоҳи бор. Асосан чоршанба ва жума куни бу ерга келувчилар сони кескин ортади. Бунинг натижасида машиналар қатнови ҳам кўпаяди. Биз мактаб раҳбариятига бир неча маротаба болалар хавфсизлиги таъминлашини сўраб мурожаат қилганмиз. Бесамар. Улар куннинг ярмигача ўз дарсларини ўтишса-ю, тезроқ уйларига кетишса. Ҳатто, мактаб атрофида темир панжарали ҳимоя тўсиғи ҳам ўрнатилмаган.

МЕНГА ҲАММАСИДАН ҲОМИЙ МУҲИМ
Бундан ташқари, 18-умумий ўрта таълим мактаби филиали ҳақида хам шундай хулосага келиш мумкин. Жумладан, асосий мактабда 465 нафар бола ўқийди. Дарслар икки навбатда ташкил қилинган. Мактаб филиали билан эса ҳеч кимнинг иши йўқ. Бундай дейишимизга асосий сабаб, мазкур филиалнинг фаолиятини ўрганишдан аввал мактаб директори Фарҳод Мирзаев билан учрашдик. Афсуски, директор бизга вақти йўқлигини, айни дамда қандайдир ҳомий билан учрашиши кераклигини билдириб ўтди. Начора, ўзимиз филиал томон отландик.

Бир қарашда оддий қишлоқ мактаб филиали. Қишлоқ дала шийпони ўрнига мослаштирилган бино таъмирланиб болаларга дарс берилаяпти. Аммо, синф хоналарини ёпиқ эшиклар орқали кузатар эканмиз, деворлари бўм-бўш, саноқлигина стол-стул ва эскирган доскадан бошқа ҳеч нимани кўрмадик. Бу ҳақда мактаб ёнидаги ҳовлида яшайдиган аёлдан изоҳ олдик.
-Ўзи камгина бола ўқийди. Ўқитувчилар ҳам шунга яраша. Тушгача дарс бўлади. Менимча, иккита синф ўқиса керак. Яна билмадим. Фарзандларим ҳам шу ерда ўқишади. Шароитини яхши дея олмайман-у, лекин болаларнинг билими унчалик яхши эмас.

ИЗОҲ БЕРИШ ҚИЙИНМИ?
Туман Халқ таълими бўлимининг вазифаси мактаб қуриш ёки мактабларни таъмирлашдан иборат эмас. Чунки бу ҳақда Қашқадарё вилоят Халқ таълими бошқармасининг масъул ходимлари бизга кўп бора билдириб ўтишган. Лекин, тизимда фаолият кўрсатаётган мутахассис ва услубчилар таълим сифати борасида йўл қўйилаётган бундай жиддий камчиликларни назорат қилиши керакдек, назаримизда. Чироқчида мактаблар кўп. Ҳар бирида ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Таълим тизимини ислоҳ қилишда дастлабки қадам мана шу муаммоларга ечим топишдан бошланади.

- Мен қайси бирига улгурай, журналистларга ҳисобот беришга мажбур эмасман, муаммоларни кўтаришга ҳаққи борми, мактабларимни ёзмайсиз, изоҳ бермайман.

Бу Чироқчи туман Халқ таълими бўлими мудираси Назира Абраеванинг ҳар сафар мактабларда кузатиладиган муаммолар юзасидан журналистларга берадиган жавобларидан айримлари. Шу билан ўзи эшитган, кўрган ёки билган мавжуд камчилик ва муаммоларга нуқта қўйилса яхшику-я, аммо эски тос эски ҳаммомнинг такрорланиши қанчалик тўғри? Ҳар доимгидек хулосани ўзингизга қолдирамиз.
Дилшод НАБИЕВ,
Муқаддас ИСМОИЛОВА.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Мактаб эшигидаги беҳаё сўзларга Чироқчи туман халқ таълими кўз юмиб ўтдими?