Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб янги қуриладиган турар жой мажмуалари ва бошқа объектларга фақат ўзбек тилида ном берилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 22 октябрь куни қабул қилинган қарорида маълум қилинди.
Қарорга кўра, келгуси йилдан бошлаб ҳар бир янги қурилиш объектининг номи, бино паспорти, пешлавҳаси, реклама ва эълонларидаги ёзувлар давлат тилида бўлиши шарт. Ҳужжатларда ўзбек тили меъёрларига қатъий амал қилиш талаб этилади.
Шунингдек, қурилишга оид барча техник, муаллифлик ва назорат ҳужжатлари тегишли ҳудудий инспекцияларга давлат тили талабларига мос ҳолда тақдим этилади.
Ҳужжатда, шу билан бирга, қурилиш соҳасидаги “E-XSUD” ва экология йўналишидаги рухсатнома тизимларини “Кадастр ва рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган ахборот тизими” ҳамда “Шаффоф қурилиш” платформалари билан боғлаш вазифаси юклатилган.
Мазкур қарор расмий эълон қилинган санадан уч ой ўтгач, яъни 2026 йил бошидан амалга киритилади.
Мутахассислар бу қарорни давлат тили мавқеини мустаҳкамлаш ва шаҳарларда тил маданиятини ошириш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!