16:24 / 25.04.2019
3 973

«Ўзгидромет» апрелдаги кучли ёғингарчилик сабабини изоҳлади

«Ўзгидромет» апрелдаги кучли ёғингарчилик сабабини изоҳлади
Бу йилги апрель Ўзбекистонда ёмғирли об-ҳавоси билан ажралиб турибди. Апрель ойининг бошидан бошлаб то ҳозирги кунгача республиканинг шимолий туманлари ва Фарғона водийсидан ташқари мамлакат ҳудудининг катта қисмида турли жадалликдаги ёмғирли кунлар кузатилди. Ёғинлар миқдори эса ойлик меъёрдан ошиб кетди, баъзи кунлари эса бир неча соат давомида бир ойлик ёмғирнинг деярли ярми ёғиб ўтди.

«Ўзгидромет»нинг Kun.uz`га берган маълумотига кўра, бундай ёмғирли об-ҳавонинг сабаби шундаки, деярли бутун ой давомида Ўзбекистон ҳудуди устида жанубда ҳосил бўлган нам ҳаво оқимлари Россиянинг Европа ҳудудидан кириб келган нисбатан совуқ ҳаво оқимлари билан доимий равишда қўшилиб турди. Ҳаво оқимларининг бундай бир-бирига қўшилиши кучли жала ҳосил бўлиши учун қулай шароитлар яратди.

Апрель ойидаги бундай ёғинларни аномал, ғайриоддий ҳодиса деб бўлмайди, апрель йилнинг энг нам ойларидан бири ҳисобланади. Шундай бўлса ҳам бундай серёмғир апрель камроқ – 4-5 йилда 1 марта кузатилади.

2002 ва 2009 йилнинг апрель ойлари ҳам шундай ёмғирли бўлган. Энг нам апрель Тошкентда 1990 йилда кузатилган. Ўшанда бир ой давомида ёққан ёмғир деярли 3 ойлик меъёрни ташкил қилган. Ярим ойлик ёғинлар миқдори 1 куннинг ўзида ёққан.

Охирги кунларда кузатилган, узоқ муддат давом этган ёмғирдан сўнг (10 кун атрофида), айниқса 19-апрелдан 21-апрелгача бўлган даврда, шунингдек 24 апрелда республикамизда жала ёмғирлари ёғиб ўтди. Бугундан бошлаб ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади ва яқин кунларда бундай кучли ёмғирлар кутилмайди.

Бу Каспий денгизи районларидан кириб келаётган совуқ ҳаво массаларига боғлиқ бўлиб, шу сабабдан ёғингарчилик эхтимоли кам, лекин меъёрдан анча паст бўлган (10-12 дар.) нисбатан совуқ ҳаво ҳарорати кузатилади. Кечқурун ҳарорат 5-8 даража илиққача пасаяди, 25-27 апрелда кундуз кунлари 13-16 даражадан кўтарилмайди.

Совуқ ҳаво массаларининг таъсири узоқ давом этмайди, 3-4 кундан кейин совуқ ҳаво республикамиздан шарқ томонга силжиши ва Туркманистон туманларидан бизга иссиқ ҳаво кириб келади ва баҳорнинг қуёшли илиқ кунлари бошланади. Ҳарорат апрель ойи охири учун хос бўлган меъёрий кўрсатгичларга қайтади ва кечаси 8-13 даража, кундузи 22-27 даража илиқни ташкил қилади. Ой охирида ёғингарчилик бўлиш эҳтимоли кам.

Май ойида эса ойлик ўртача ҳаво ҳарорати апрель ҳароратидан 6-8 даражага юқори. Ой давомида баҳорга хос бўлган беқарор об-ҳаво шароитлари кузатилиши мумкин. Майда икки-тўрт мартта совуқ ва иссиқ ҳаво оқимларининг алмашиниши кузатилади, бу даврлар 2 кундан, баъзи ҳолларда 9-10 кунгача давом этиши мумкин.

Ўртача максимал ҳарорат май ойида Ўзбекистоннинг катта қисмида 25-30 даражани, республиканинг жанубида ва чўл зоналарида 30-35 даражани ташкил қилади.

Энг иссиқ йилларда май ойида кундузги ҳарорат 38-40 даражани, жанубда 41-43 даражани ташкил қилган. Энг совуқ даврларда кечаси ҳарорат баъзи холларда 6-8 даража илиққача пасайиши мумкин.

Одатда май ойидаги ёғингарчиликлар ёмғир кўринишида, фақат баланд тоғли ҳудудларда ҳўл қор кўринишида ёғади. Ойлик ёғингарчилик миқдори апрель ойига қараганда 1,5 марта кам. Аммо ёмғирлар кўпинча жала кўринишида, узоқ давом этмаса-да, кучли бўлиши мумкин. Май ойида момақалдироқлар кўпроқ гумбурлайди, шамол ҳам анча кучли эсади. Тоғолди ҳудудидаги кучли ёмғирлар сел оқимлари ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин.

Бу йилги май ойи бизни илиқ ва қуёшли ҳаво билан қарши олади. Ҳаво ҳарорати меъёрлар атрофида бўлиши, баъзан иқлимий меъёрлардан юқори бўлиши мумкин.

Келаси ойда кечаси ҳарорат 10-15 даража, кундузи 23-28 даража бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » «Ўзгидромет» апрелдаги кучли ёғингарчилик сабабини изоҳлади