19:23 / 11.05.2019
3 990

Ўзбекистонда кимлар ўрта синф вакиллари ҳисобланади?

Ўзбекистонда кимлар ўрта синф вакиллари ҳисобланади?
Ўрта синф замонавий жамиятнинг асоси деб ҳисобланади. Экспертларнинг фикрича, аҳолининг айнан мана шу тоифаси вакиллари ўзгаришларга бўлган талабни шакллантиради ҳамда сиёсий зўрликни рад этган ҳолда барқарорликни кафолатлайди.

2018 йил октябрда Тошкентда «Ўзбекистонда давлат бошқарувининг янги моделини шакллантириш шароитида жамоатчилик иштирокининг ривожланиши» мавзуидаги тадқиқотнинг дастлабки натижалари тақдим этилди. Жумладан, экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга келиб, Ўзбекистон аҳолисининг 60%ини ўрта синф вакиллари ташкил этади.

Яқинда Kun.uz сайти «Сизнинг фикрингиз» Telegram-каналида сўров ўтказди.

«Сиз ўзингизни ўрта синфга мансуб деб ҳисоблайсизми?» деган саволга 1 553 киши жавоб берди. Уларнинг 67%и ўзларини ўрта синф, 19% фоизи эса бундай эмас деб ҳисоблашларини маълум қилди. Шу билан бирга сўровда қатнашганларнинг 14%и бу саволга жавоб беришга қийналган, чунки айримлар ўзларининг қайси синфга мансуб эканликларини билишмайди.

Умуман олганда, ўрта синф ҳақидаги аниқ тушунча ҳақида гапиришга ҳали эрта, чунки Ўзбекистонда ҳали минимал истеъмол савати ва яшаш минимуми миқдори аниқ белгиланмаган.

Сўровда жавоб берганларнинг 67%и ўзини ўрта синфга мансуб деб ҳисоблар экан, уларнинг ҳар бири ўз қараши, тушунчаси ва ўлчовига эга эканлигига эътибор қаратиш лозим. Кимдир ўз уйи, машинаси ва 3 млн сўм ойлик маоши бўлгани учун ўзини ўрта синф вакили деб ҳисоблайди. Уйи, машинаси ва 5 млн сўм ойлиги бўлган бошқа бир киши эса зўрға яшаётганини айтиши мумкин. Бундан ташқари, 500 минг сўм пенсия оладиган ва Россиядан ўғиллари ҳар ойда жўнатадиган 1,5 минг долларга яшаётган киши ҳам ўзини ўрта синф вакили деб аташи мумкин.

Умуман, Ўзбекистон аҳолиси ўзининг қайси синфга мансуб эканлигини ўзи белгилмоқда.

«Ўзбекистонликлар ойига ўртача қанча маош олишлари керак?» деган саволга 106 киши жавоб қайтарган. Уларнинг 38%и ўзбекистонликлар ойига ўртача 5-6 млн сўм олиши керак деб ҳисоблайди. 26% киши ойига 3-4 млн сўм етарли деб ҳисоблайди. Сўровда қатнашганларнинг 14%и ўзбекистонликлар ўртача 7-8 млн, 10%и - 9-10 млн, 10%и - 10 млн сўмдан кўпроқ олиши кера кдеб ҳисоблайди. Атиги 2% одам ўзбекистонликлар ойига ўртача 1-2 млн сўм олиши керак деб жавоб қайтарган.

111 киши «ойлик маоши бир ойга етиши» ҳақидаги саволга жавоб берган. Уларнинг 40%и ижобий жавоб қайтарган. Бундан 14%и ойлик маоши бир ойга тўлиқ етишини айтган бўлса, 26%и тежамкорлик қилишини айтган. 58% киши маоши бир ойга етмаслигини билдирган. Жавоб қайтарганларнинг аксарияти қўшимча иш қилишини (11%), ота-онасининг қўллаб-қувватлашига умид қилишини (11%), иккита жойда ишлашини (3%), оғир ҳолатда эканлигини (3%) ва шунчаки «яшаётганлигини» (2%) маълум қилган.

«Ойлик маошим билан ипотека кредити олишим мумкин» деган таъкидга 101 киши жавоб берган. Иштирокчиларнинг 83%и бундай кредит ололмаслигини, 17%и эса олиши мумкинлигини билдирган. Бу эса уйларнинг қимматлиги Ўзбекистонда ипотека кредити ривожланишига салбий таъсир қилаётганлигини кўрсатади.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, 2019 йил январь-март ойларида Ўзбекистон бўйича юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2 049,7 минг сўмни (иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд) ташкил этиб, 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 32,2%га ўсишни таъминлади.

Иқтисодий тадқиқотлар марказининг маълумот беришича, Ўзбекистонда ўрта синфнинг улуши 28-30%ни ташкил этади ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун 2030 йилга келиб бу улушни икки бараварга ошириш лозим. Бугунги кунда аҳолининг 45- 48% га яқини «ўрта синф захираси» ҳисобланиб, улар маълум бир шароитларда ўрта синфга ёки кам таъминланганлар тоифасига қўшилиши мумкин.

«Ҳар қандай ҳолатда ҳам нафақат йирик инвестициялар ва шаҳар ҳамда қишлоқларнинг ривожланиши учун шароитлар яратиш, балки мамлакат янги макони структурасини яратиш – транспорт коммуникациялари тармоғини барпо этиш (қўшни давлатлар иқтисодиёти билан интеграциялашув ва жаҳон бозорига чиқишни ҳам ўз ичига олган ҳолда), ишлаб чиқариш кучларини (нафақат йирик ишлаб чиқаришлар), маъмурий-бошқарув ва молиявий-иқтисодий марказларни жойлаштиришнинг истиқболли схемасини тузиш талаб қилинади», - деб ҳисоблайди таҳлилчилар.
Улуғбек Акбаров.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда кимлар ўрта синф вакиллари ҳисобланади?