
Ўзбекистон тижорат банкларига олтинни аҳоли ва бизнес субъектларига мобил иловалар орқали сотишга рухсат берилди. Бу тартиб 3-ноябр куни Марказий банк раиси томонидан тасдиқланиб, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.
У қимматбаҳо металлар билан боғлиқ операцияларни, жумладан, уларни электрон шаклда, жисмоний етказиб беришсиз сотиб олиш ва сотишни тартибга солади. Рақамли олтин ҳисоблари махсус металл ҳисобварақларида юритилади.
Бу ҳисобларда фақатгина металлар массасининг граммда кўрсатилиши назарда тутилади, шунингдек, олтин қуймаларининг серия рақамлари қайд этилмайди, бу эса жисмоний сақлаш заруратини йўқотади. Банклар олтиннинг нархини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлиб, нархлар кун давомида ўзгариши мумкин.
Шунингдек, металл ҳисобварақларидаги олтиннинг қиймати ҳар куни Лондондаги қимматбаҳо металлар бозори ассоциациясининг (LBMA) котировкаси асосида қайта баҳоланади. Амалиётлар учун мижознинг иловада идентификациядан ўтиши талаб этилади.
Илова орқали ўлчанган жисмоний олтин қуймаларини ҳам сотиб олиш мумкин. Тўлов амалга оширилгач, мижоз банк бўлимидан қуймани олиш учун махфий код олади.
Шунингдек, масъул сақлаш хизмати мавжуд бўлиб, бу хизмат орқали қуймани масофадан туриб банкка қайта сотиш имконияти яратилган. Марказий банк маълумотига кўра, ушбу янгилик фуқаролар ва бизнес учун қўшимча инвестиция имкониятларини яратади ҳамда қимматбаҳо металлар бозорига хавфсиз ва тўлиқ масофавий киришни таъминлайди.
Маълумот учун: Қизилқум чўлида жойлашган Мурунтов кони Ўзбекистон ҳудудидаги дунёнинг энг йирик очиқ олтин конларидан бири ҳисобланади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.