Ўзбекистонда ОТМларнинг янги рейтинги эълон қилинди. У ҳақиқийми?

  • 22 май 2019, 16:37
  • 714
  • Ўзбекистон
  • Ўзбекистонда ОТМларнинг янги рейтинги эълон қилинди. У ҳақиқийми?
    Дунёнинг халқаро рейтинг агентликларининг тажрибаси шуни кўрсатадики, университетларни баҳолашда асосан, 4 тадан 13 тагача индикаторлардан фойдаланилган. Шу билан бирга, дунёдаги маҳаллий рейтинг тизимларига назар солсак, унда асосан 9 тадан 42 тагача индикаторлар ишлатилади.

    Шу ўринда дунё мамлакатларининг миллий рейтинг кўрсаткичларига тўхталиб ўтсак. Буюк Британияда 42 та, АҚШда 39та, Македонияда 35та, Малайзияда 32та, Хитойда 22 та, Польшада 19та, Туркия ва Қозоғистонда 1та, Туркияда 18та, Бразилия ва Лисунияда 12 та, Чили ва Покистонда 9 та кўрсаткич бўйича ОТМлар рейтинги аниқланади. Шу билан бирга, миллий рейтинг тизимидан ташқари халқаро рейтинг агентликлари мавжуд бўлиб, уларнинг баҳолаш кўрсаткичлари қуйидагича: ТНЕ (Times Higher Education) 13 та, ARWU(Academic Ranking of World Universities) 10 та, LEIDENS ва SCImago 7 та, QS (Quacquarelli Symonds) ва URAP 6та, HEEACT 5та, WEBOMETRICS 4 та кўрсаткичдан иборат.

    Миллий рейтинг агентликлари баҳолаш жараёнида 46% ўқув жараёнига, 26% илмий фаолиятга ва 28% бошқа йўналишларга эътибор қаратишади. Халқаро агенликлар рейтинг тизими эса 72% илмий фаолиятга, 16% ўқув жараёнига ва 12% бошқа йўналишларга эътибор қаратади. Кўриниб турибдики, халқаро рейтинг агентликларининг асосий этибори илмий фаолиятга йўналтирилган.

    Ўзбекистонда ҳам миллий олий таълим муассасалари рейтингини шакллантиришда дунёнинг илғор рейтинг тизимлари чуқур таҳлил қилиб чиқилди ва рейтинг тизимини баҳоловчи индикаторлардан Ўзбекистон таълим тизмига мос келадиганлари ўрганилиб танлаб олинди. Хусусан, THE (Times Higher Education), QS (Quacquarelli Symonds), ARWU (Academic Ranking of World Universities) каби йирик рейтинг агентликлари услубларини ўрганган ҳолда 23 та энг муҳим ва ўзимизга мос индикаторлар танлаб олинди. 2018 йилда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 57 та олий таълим муассасалари фаолияти таҳлил қилиниб, натижалари эълон қилинган эди.

    Яқинда турли интернет сайтлари орқали UniRank агентлиги томонидан Ўзбекистоннинг энг яхши олий таълим муассасалари эълон қилинди деб хабар тарқатилди. Лекин ушбу рейтинг агентлигининг методологияси қандай? У қайси кўрсаткичлар асосида баҳолаган? Мезонлар рейтинг мазмунини кўрсата оладими? Ушбу саволлар очиқ қолмоқда. Фақатгина ОТМнинг веб сайти ва унга неча нафар одам кирганлиги билан аниқланган рейтинг натижалари бу таълимнинг сифатини тўғри баҳолай олмайди, шубҳасиз. Яна бир жиҳат, рейтинг натижаларини эълон қилган ҳар қандай агентлик ёки ташкилот ҳам жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган бўлавермайди.

    Шундай экан, рейтинг натижаларини эълон қилаётган вақтда рейтингни амалга оширган ва баҳо берган халқаро агентликларнинг бу соҳага қанчалик чуқур ёндашгани ва қайси мезонлар асосида аниқлаганига ҳам эътибор қаратиш айни муддао. Зеро, ОТМлар рейтингини тўғри, аниқ ва шаффоф баҳоланиши республикамизда фаолият юртитаётган таълим муассасаларини халқаро андозаларга мос равишда юксалтириш ва етук мутахассислар тайёрлашда соғлом рақобат яратувчи замин бўлади.

    Маълумот учун, UniRank агентлигининг мақсади жаҳон университетлари ва коллежларининг жаҳон миқёсида онлайн таниқлилиги ва алоқаларнинг онлайн мавжудлигига асосланган. Шунингдек, чет эллик талабалар ва ўқитувчиларга махсус олий таълим муассасасининг бошқа давлатда қанчалик машҳурлигини тушунишларига ёрдам бериш учун мўлжалланган. Ушбу ташкилот рейтингида олий таълим муассасаларининг таълим сифати, академик хизматлари, ўқув ва илмий фаолият асосий мезонлар сифатида қабул қилинмаган.

    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
    Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
    Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

    Фикрлар

    » » Ўзбекистонда ОТМларнинг янги рейтинги эълон қилинди. У ҳақиқийми?