
Парламент қуйи палатасининг яқинда ўтказилган навбатдаги мажлисида халқ ноиблари томонидан бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди. Шулардан бири —“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасидир.
Мажлисда таъкидланганидек, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасида, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмасини бериш, жамоатчилик кенгаши таркибини шакллантириш назарда тутилган.
Лекин ушбу қонунлар қабул қилинганидан бери ўтган давр мобайнида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат ижтимоий буюртмаси бериш амалиёти кузатилмади. Натижада социал, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни кўриб чиқиш, умумлаштириш, уларни баҳолаш бўйича тузилиши лозим бўлган жамоатчилик кенгашлари ҳам амалда ишламади.
Шунинг учун ҳам депутатлар ўз мажлисида ана шу ўзига яраша “бўшлиқ”ни тўлдириш — давлат ижтимоий буюртмасини бериш тартибини соддалаштиришга қарор қилдилар.
Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши давлат ижтимоий буюртмаси бериш тартиби такомиллашишига, бир давлат бошқаруви органида ўхшаш ва такрорловчи вазифа ҳамда функцияларга эга бўлган жамоатчилик кенгашлари тузилишини назарда тутувчи нормалар бекор бўлишига олиб келади.
Шунда соҳада ортиқча бюрократизмнинг олди олиниши, нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақил бўлиши таъминланиши қайд этилди.
Зиёда АШУРОВА
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар