07:05 / 01.07.2020
2 701

Сайёҳлик соҳаси Туркий тилли давлатлар иқтисодиёти тикланишида муҳим омиллардан биридир

Сайёҳлик соҳаси Туркий тилли давлатлар иқтисодиёти тикланишида муҳим омиллардан биридир
Жорий йилнинг 23 июнь санасида видеоконференция шаклида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига (ТТДҲК) аъзо давлатлар туризм вазирларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, ТТДҲК туризм вазирлари йиғилиши – ушбу ташкилот доирасидаги мулоқот платформаси ҳисобланиб, сайёҳлик соҳасида фаолият юритувчи барча манфаатдор соҳа вакилларини ўз атрофида бирлаштиради. Тузилманинг фаолият мақсади — туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган умумий стратегияни ишлаб чиқиш ва шу соҳа доирасида Туркий Кенгашнинг халқаро миқёсдаги мавқеини кўтариш.

Эътиборлиси шундаки, учрашувнинг ўтказилиши сайёҳлик соҳасининг миллий ва халқаро миқёсда коронавирус пандемиясининг салбий таъсири остида қолиб кетган бир шароитга тўғри келди.

Тармоқнинг шу давргача кўрган зарарини Халқаро туризм ташкилоти 1,2 триллион миқдорида баҳоламоқда. Ушбу ташкилотнинг статистик маълумотларига кўра, фақатгина жорий йилнинг январь ва апрель ойлари оралиғида туризм соҳаси саёҳатларнинг 44 фоиз камайиши ҳисобига 195 миллиард ҳисобида зарар кўрди. Шу билан бирга, катта йўқотишларни хизмат кўрсатувчи соҳалар — кафе, ресторан, меҳмонхона ва такси хизматлари ҳам бошдан кечиришди.

Шуни инобатга ҳолда, сайёҳлик соҳасини қайта ишга тушириш чораларини излаш, сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва биргаликда фаолиятни йўлга қўйишда ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари ТТДҲКнинг жорий йиғилиши кун тартибидаги асосий мавзуга айланди.

Учрашув иштирокчилари пандемия шароитида туризм ҳолатига оид бўлган масалаларни муҳокама этиш билан бир қаторда, беқарор эпидемиологик вазиятнинг тармоққа бўлган салбий таъсирини юмшатиш ишлари бўйича фикр алмашдилар ва энг муҳими, мамлакатлар ўртасидаги туристик алмашувларни тиклаш вазифаларини кўриб чиқишди.

Бундай шароитда тикланиш жараёнига туртки беришга қодир бўлган яратувчанлик ғояларга зарурият пайдо бўлганлигини инобатга олган ҳолда, муҳокама иштирокчилари туризм соҳасига рақамли технология ютуқлари ва янги инновацияларни жалб этиш масалаларига жиддий эътибор қаратишди.

Шу билан бир қаторда, Туркий Кенгаш мамлакатлари туристик йўналишлари умумий «йўл харитасини» яратиш, умумий сайёҳлик телеканалини ишга тушириш ва виртуал турларни йўлга қўйиш каби аниқ мақсадлар кўриб чиқилди.

Вазирлар учинчи мамлакатлардан ташриф буюрувчи сайёҳларга мўлжалланган «Ипак йўли визасини» амалга жорий этиш вазифаларини тезлаштириш лозимлиги бўйича аниқ тўхтамга келишди. Шунингдек янги туристик йўналишларни йўлга қўйиш билан туризм соҳаси имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳам келишувга эришилди.

Энг муҳим қарорлардан бири сифатида фаолият турига сайёҳлик идоралари бевосита ҳамкорлик юритиши учун информация алмашиш жараёнини таъминлаб бериш каби вазифалар кирувчи туризм соҳасидаги фаолиятни Мувофиқлаштирувчи қўмитани яратиш ғояси бўлди.

Яқин истиқболдаги мақсадлар қаторига «қизил», «сариқ» ва «яшил» рейслар тизимини жорий этган ҳолда ТТДҲК давлатлари ўртасида ўзаро мувофиқлаштирилган халқаро авиақатновларни йўлга қўйиш масалалари киритилди.

Ўз тарафидан, Ўзбекистон ўзига хос тарихий-маданий объектларга эга бўлган бир нечта шаҳарларини давлатлар ўртасида ягона туристик лойиҳа ҳисобланувчи «Замонавий Ипак йўли» дастурига киритиш таклифи билан чиқди.

Конференция якунида кейинги учрашувни Ўзбекистонда ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Айнан ушбу учрашувда инқироздан сўнг соҳани ривожлантириш бўйича истиқболли режаларни чуқур кўриб чиқиш кутилмоқда.

ТТДҲКнинг ушбу аниқ келишувлар билан якун топган навбатдаги учрашувини интеграцион тузилма аъзоларининг туризм соҳасини «фалаж» (турғун) ҳолатидан олиб чиқиш ва уни «коронаинқироз» даврига мослаштириш имконини берувчи ягона ҳаракатлар тизимини ишлаб чиқишга бўлган умумий интилишларнинг натижаси сифатида баҳолаш мумкин.

Учрашув ўтказилиш вақтининг халқаро туризм саноати «қайта жонланиш» аломатлари кўзга ташланаётган бир даврга тўғри келганлиги бежиз эмас. Шу маънода, мазкур йиғилишни бутун дунёни қамраб олган беқарор эпидемиологик вазиятнинг сайёҳлик соҳасига салбий таъсири, бундай шароитда миллий туристик стратегияларни қайта кўриб чиқиш лозимлиги ва халқаро туризм бозоридаги жадал ўзгараётган ҳолатнинг долзарблигини Кенгаш иштирокчилари томонидан чуқур англанганлиги амалий ифодаси деб ҳам ҳисобласак бўлади.

Шуни инобатга олган ҳолда, устувор мақсадлар қаторига туристларга хизмат кўрсатишнинг янги тартибини амалга жорий этиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари киритилди. Қолаверса, Туркий Кенгаш мамлакатлари туристик йўналиш ва маҳсулотларни кенг оммалаштиришда жадал «рақамлаштириш» йўлига ўтишни кўзлашмоқда. Виртуал турларни ташкиллаштириш ва туристик канални ишга тушириш режаларининг мувофиқлаштирилиши ҳам шу билан изоҳланади.

Рақамли технологияларнинг кенг қўлланилиши: саёҳат қилиш мақсадини кўзлаганлар учун ўз ташрифларини режалаштириш йўлларини оптималлаштиришга ва миллий корхоналарга янги эпидемиологик шароитга босқичма-босқич мослашишга имконият яратиб бериб, туризм соҳасини «қутқарувчи омилга» айланади.

Бундан ташқари, виртуал турлар ёрдамида туризм соҳасидаги корхоналарга маълум сайёҳлик йўналишларидаги манзара ва маҳаллий диққатга сазовор жойларнинг панорамасини онлайн тарзда атрофлича намойиш этган ҳолда тарихий объектларни оммалаштириш ишларини енгиллаштириш мумкин.

Шу билан бир вақтда учрашув давомида умумий виза тизимини жорий этиш, туризм соҳасида Мувофиқлаштирувчи қўмита тузиш ва туристик йўналишларнинг ягона «йўл харитасини» яратиш каби келишилган мақсадлар ТТДҲК мамлакатларининг умумий туристик брендни шакллантириш ва сайёҳлик маҳсулотларини жамоавий тартибда кенг тарғиб қилиш имконини берувчи ягона туристик маконни яратиш лойиҳаси устида иш олиб бораётганликларини кўрсатмоқда.

Ҳамкорликнинг бундай тарзда ривожланишида туркийзабон мамлакатлардаги туризм соҳасидаги раҳбарлар ва иш бошқарувчилар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларнинг ўрнатилиши, шунингдек улар томонидан мавжуд муносабатлар механизмидан ўзаро тажриба айирбошлашнинг мунтазам амалиётига ўтиш мақсадида кенг фойдаланилиши яна бир муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шубҳасиз, ҳамкорликнинг бундай ривожланишидан асосий фойда олувчиларнинг бири сифатида туркий-исломий цивилизациянинг асосий маркази мақомига эга бўлган, халқаро туризм бозорининг салмоқли иштирокчиси ҳисобланувчи, шунингдек дунёнинг барча нуқталаридаги маъданий-эстетик завқ истовчилар учун «жозибадор қутбга» айланаётган Ўзбекистон саналади.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг туркийзабон мамлакатлар ичида биринчилардан бўлиб туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳал этишга киришгани ва бугунги кунда янги «хавфсиз туризм» тизимини жорий этиш тараддудида турганлигини эслатиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Шуниси эътиборлики, Ўзбекистон давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг май ойидаёқ миллий туризм бозори иштирокчиларини қўллашга қаратилган муҳим чоралар ва рағбатлантиришлар тизимини амалга киритиш мақсадлари доирасида коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашда кечиктириб бўлмайдиган чораларга оид қарорни имзолади.

Бир вақтнинг ўзида мамлакатимиз ҳукумати сайёҳлик хизматларига бўлган ички талабни соҳани рағбатлантиришнинг оқилона усулларидан бири деб билади. Шу мақсадда 1 июнь санасидан бошлаб ички туризм қайта тикланди.

Хулоса қилиб айтганда, Туркий Кенгаш туризм соҳаси раҳбарларининг бўлиб ўтган видеоконференцияси ушбу ҳамкорлик форматига борган сари талаб ортиб бораётганлигини, иштирокчи мамлакатларнинг маданий-қондошлик ришталарини ўзаро манфаатли иқтисодий шерикчилик муносабатларига айлантиришга бўлган эзгу интилишларини ва уларнинг туризм соҳасида ижобий натижаларга эришишга қаратилган аниқ амалий ҳаракатларга ўтишга тайёр эканликларини яна бир бора тасдиқлади.

Дунёда ҳукм сураётган пандемиянинг «зарарли исканжаси гирдобида» қолиб кетган сайёҳлик тармоғини қайта ишга тушириш учун умумий чоралар мажмуасини ишлаб чиқишга бўлган ТТДҲКнинг бундай уринишлари умумиқтисодий фаолиятни тизимли тиклаш йўлида «катализаторга» айланиши шубҳасиздир.

Бу эса ўз навбатида, ташкилотнинг туркийзабон мамлакатлар давлат раҳбарларининг бу ўлкалар халқларини иқтисодий фаровонлигини оширишга бўлган эзгу саъй-ҳаракатларида камарбаста бўлиб, яна бир «илғор ғоялар таъминотчиси» вазифасини бажараётганлигини кўрсатмоқда.

Азизжон Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Сайёҳлик соҳаси Туркий тилли давлатлар иқтисодиёти тикланишида муҳим омиллардан биридир