3 930
«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун қандай имкониятларни беради?
Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланган эди. 15 октябрь куни давлатимиз раҳбари мазкур Қонунни имзолади.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар масалалари доимий диққат-эътиборда бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ушбу Қонун ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини тартибга солади, улар учун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ногиронлик асосида камситилмасдан, жамиятнинг бошқа аъзолари билан тенг равишда иштирок этиш учун тенг имкониятлар яратишни назарда тутган ва инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этишга асосланган.
Қолаверса, мазкур ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини, уларнинг шахсий мустақиллигини, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш, ногиронлик белгисига кўра камситилишига йўл қўймаслик, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги, ногиронлиги бўлган болаларнинг ривожланаётган қобилиятини ва ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, объектлар ва хизматларни ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ҳолда яратиш, ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига жалб этиш каби принциплар ёрқин ифодасини топган.
Қонунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқи ҳам мустаҳкамланган. Аввало, давлат ногиронлиги бўлган шахсларга уй-жой қурилишини таъминлаши аниқ белгилаб қўйилган. Бунда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан уй-жой олиш бўйича рўйхатларни шакллантириш чоғида - ногиронлиги бўлган шахслар ва ўз таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оилалар алоҳида рўйхатга киритилади ҳамда бу борада қатор имтиёзлар яратилади.
Ногиронлиги бўлган шахсларга ва ўз таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оилаларга якка тартибда уй-жой қуриш, ёрдамчи хўжаликни, дала ҳовли хўжалигини ва боғдорчиликни юритиш учун имтиёзли шартлар асосида ер участкалари олиш ҳуқуқи берилади. Қолаверса, бу тоифадаги шахсларга уй-жойни тақсимлашда имкониятга қараб, объектлар ва хизматларнинг қулайлиги принципига риоя этилган ҳолда, иш жойига, тиббиёт ва реабилитация муассасаларига яқин бўлган уй-жой берилади.
Шу билан бирга, давлат ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот олиш ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни кенг омма учун мўлжалланган, қулай форматлардаги ва ногиронликнинг турли шакллари ҳисобга олинган технологиялардан фойдаланган ҳолда ахборот билан таъминлайди.
Бундан ташқари, театрлар, музейлар, кинотеатрлар, ахборот-кутубхона марказлари ва ахборот-ресурс марказлари, маданият ва истироҳат боғлари ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун қулай бўлиши кераклиги алоҳида белгиланган.
Давлат органлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг илм ва таълим олишлари спорт билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиш ва уларни спорт билан шуғулланишга жалб этишга доир дастурларни нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари билан биргаликда ҳар йили ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади. Шунингдек, барча таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган шахсларга мос келадиган шарт-шароитлар яратиш орқали, уларни инклюзив таълим жараёнларига жалб этилишига Қонунда алоҳида ўрин берилган.
Яна бир жиҳат. Қонунга кўра ногиронлиги бўлган шахслар давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ доирасида мулоқотда имо-ишора тилидан, сурдотаржима хизматларидан фойдаланиш ҳам кўзда тутилган.
Қонунга асосан тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари фаолияти янада такомиллаштирилди. Унга кўра, текширувдан ўтказиш тиббий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида бепул амалга оширилади.
Қолаверса, Қонунда шахсни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш – тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан, ўн саккиз ёшгача бўлган болаларни ногиронлиги бўлган шахс деб топиш эса – педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилиши белгиланган. Замонавий протез-ортопедия буюмларини ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида реабилитация қилиш индустриясини ривожлантириш давлатнинг доимий назоратида бўлиши ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
Шу билан бирга, меҳмонхоналарда камида битта хона ўриндиқли аравачадан фойдаланадиган ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай тарзда жиҳозланиши, шунингдек, эшитиш ва кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун дисплейлар ҳамда овозли қурилмалар ўрнатилиши таъминланиши шарт қилиб белгиланган. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Мухтасар қилиб айтганда, мазкур Қонун мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларга қатор имтиёзлардан фойдаланиш имконини яратади.
Маҳмуджон ПАРПИЕВ,
Олий Мажлис Сенати
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш
масалалари қўмитаси раиси ўринбосари. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди