22:50 / 30.03.2024
223

Рўзиқул Бердиев: "Ҳар бир баҳсда юқори мақсадни кўзлаб майдонга тушамиз"

Рўзиқул Бердиев: "Ҳар бир баҳсда юқори мақсадни кўзлаб майдонга тушамиз"
“Андижон” – “Насаф” (1:1) учрашувидан кейин ташкил қилинган матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар устози Рўзиқул Бердиев иштирок этди.

- Бугунги ўйин менимча ҳозирги чемпионатимиздаги энг яхши ўйинлардан бири бўлди. Бунга муҳит ҳам, майдон ҳам сабаб бўлди ва қолаверса, иккала жамоани ҳам ғалаба учун курашгани туртки кечди. Бу жуда ҳам қувонарли. Чунки шундай ўйинлар кўп бўлса, чемпионатимиз даражаси кўтарилгани кўриниб турибди. Ўйинга келадиган бўлсак, биз яхши бошладик, гол урдик. Аммо стандарт вазиятда эхтиёткор ўйнашимиз талаб этилганди. Рақиб бу вазиятни голга айлантирди. “Андижон”ни ўрганганимизда кўп югурадиган, жисмонан яхши ва курашувчан жамоалигини бугун яна бир бор кўрсатди. Жамоаларда ғалаба учун етарлича голли имкониятлар бўлди. Афсуски, дуранг билан тугади. Ушбу дурангдан бошқа клублар манфаатдор бўлдилар.

- Учрашувда “Насаф” икки очко йўқотди, деган фикрлар айтиляпти...
- Олдимизда мақсад турибди. Йўқотишлар ҳали ҳамма жамоада бўлади. Чунки чемпионатимиздаги кўп клубларнинг даражаси тенглашиб боряпти. Шу боис очко йўқотишлар юз беради. Албатта, бугун ғалаба учун ўйнагандик. Аммо “Андижон” ўз мухлислари қаршисида қанчалик яхши ўйин кўрсатишини ҳам билардик. Бугун бу ҳолатга яна бир бор амин бўлдик. Шунга қарамасдан, биз голли вазиятдан кейин оддийроқ футболга ўтиб қолдик. Иккинчи бўлимда айрим ўзгаришларни қилдик. Тўп назоратига ўтдик ва имкониятларга эга бўлдик. Бироқ голга айлантира олмадик.

- Жавоҳир Сидиқов нега захирада қолдирилди. Ўтган мавсумда у етакчилардан бири бўлганди. Бу йил унда бироз пасайиш бўлаётгандек. Станоевич тўғрисида ҳам шуни айтмоқчи эдим.
- Жамоамизда рақобат бор, ўйинчилар кўп ва барчасига имконият беряпмиз. Жавоҳирга келсак, “Пахтакор” билан ўйиндан олдин жиддийроқ жароҳат олганди. 10 кунча биз билан машғулотларда қатнашмади. Бу анча муддат. Жисмоний ҳолати ёки ўйин амалиётига эга бўлмагач, ўз имкониятини йўқотади. Барчасига ишонамиз.

- Захирадан майдонга тушганлар ўйинни қанчалик кучайтира олди?
- Тўпни иккинчи таймда кўпроқ назорат қилдик. Позицион ҳужумлар уюштирдик. Бунга алмашган футболчиларнинг ҳиссаси бўлди.

- Кейинги учрашувларда “Насаф” кетма-кет “Навбаҳор”ни қабул қилади. Бу ўйиндан олдин фикрингиз қандай?
- Барча клуб билан ўйнай оламиз. Буни исботлаганмиз. Рақибларимиз жиддий. Ҳар бир баҳсда юқори мақсадни кўзлаб майдонга тушамиз.

“Андижон” матбуот хизмати.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев: "Ҳар бир баҳсда юқори мақсадни кўзлаб майдонга тушамиз"