147
Александр Стоймирович: "Раҳбарият ва мураббийнинг фикрлари турлича бўлса, яхши йўл ҳамкорликни тўхтатиш"
“Локомотив” клуби мураббийлар штабида ўзгариш бўлди. Александр Крестинин расман янги бош мураббий этиб тайинланди. Бунгача жамоада фаолият олиб борган сербиялик Александр Стоймирович клуб натижаларига жавоб берган, бироқ Про лицензияси бўлмагани сабабли у клубда бош мураббий бўла олмасди.
Шундай бўлса-да, жамоани мавсумга ўзи тайёрлади, таркибни шакллантирди. Қоғозда бош мураббий Ёрқин Назаров бўлса-да, асосий иш Стоймировичнинг гарданида эди. Лекин очко йўқотишлардан сўнг раҳбарият сербиялик мураббий билан хайрлашишга қарор қилди. “Локо”ни тарк этган Стоймирович куни кеча Sports.uz сайтига интервью берди.
- Сизнинг “Локомотив”даги фаолиятингиз узоққа чўзилмади. Режангиз амалга ошмаганининг асосий сабаби нима бўлди?
- Ўзингиз биласиз, мен “Локомотив”ни мавсумга тайёргарлик жараёни олдидан қабул қилиб олганман. Биз тайёргарлик даврини жуда яхши ўтказдик. Машғулотларимизни автоматлаштирилган даражага олиб чиқа олдик. Бунинг самараси ўлароқ биринчи даврада маълум вақт учинчи ўринда бордик. Шу аснода қандайдир истак пайдо бўлди ва клубнинг совринли ўринлардан бирига даъвогарлик қилиши хусусидаги гаплар қулоққа чалина бошлади. Сира тушуна олмайман. Нима, бу овқат устида иштаҳа келади, деган гапнинг исботими? Ваҳоланки, чемпионатга старт берилиши олдидан бундай режа бўлмаган ва “Локомотив”ни лигадаги ўрнини сақлаб қолиш асосий вазифа сифатида қарала бошлаган эди. Яна қайтараман: ўзаро қўл сиқишган маҳалимизда юқори даражадаги вазифа хусусида умуман гаплашмагандик. Аввало, Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолишимиз, ёш истеъдод эгаларини кашф этиш ҳақидагина гап борганди холос. Энди ўзингиз ўйланг: раҳбарият ва мураббийнинг фикрлари турлича бўлса, энг яхши йўл ҳамкорликни тўхтатиш бўлади, тўғрими?
- Клубдан кетишингиз қачон аниқ бўлиб улгурганди?
- ОКМК билан ўйиндан кейин “Бунёдкор”га қарши ўтадиган баҳс мен учун клубдаги охирги ишим бўлиб қолишини тахмин қилгандим. Буни қарангки, тахминим тўғри чиқди. Биз яна ютолмадик. Шундан кейин ишдан кетишим деярли аниқ бўлиб қолди ва биз хайрлашдик.
- Бунгача сиз жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий бўлиб ишлагансиз. Аммо бош мураббий сифатидаги дебютингиз омадли чиқмади. Балки бу лавозимда ишлашингизга бироз эртадир. Бу ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Бу саволингизга келсак, бош мураббий бўлишимга ҳали эрта эмасми, бундай фикр умуман хаёлимга келмаган. Чунки 17,5 йиллик профессионал футболчилик фаолиятим давомида 6 та турли мамлакатда ўйнадим. Сўнгра Сербияда икки йил қуйи лигада мураббий бўлиб ишладим. Шу вақт оралиғида ўқидим. Ўзбекистонда жисмоний тайёргарлик борасида мураббий бўлиб иш бошлагандим. Боз устига футболнинг ичида ўсганим боис ва хоҳлаган вазифада бемалол ишлай олишим мумкинлигига ақлим етади. Ягона муаммо шундаки, юқори лигада расман бош мураббий бўлиб ишлаш имконини берадиган керакли лицензияга эга эмаслигим. Аммо бу ҳам вақтинчалик ҳол. Энди Про лицензиясини олиш учун ўқийман.
- “Локомотив”да қаерда хато қилдим, деб ўйлайсиз?
- Ҳамма ҳам хато қилади. Боя айтганимдек, 3-турдан кейин 3-ўринда эдик. Очиғини айтганда, чекланган бюджет билан бундай натижани қайд этиб туриш осон эмас. Қолаверса, катта қийинчиликлар эвазига селекция ишларини олиб боргандик. Агар чуқурроқ таҳлил қилиб кўрилса, қандайдир хатоларга йўл қўйганимиз аниқ. Буни ўзим жамоада бўлиб турган пайтимда, охирги учрашувларда дарвозамиздан ўтказиб юборилган қатор голлар ҳам кўрсатиб турибди. Айтиш мумкин бўлса, аксар ҳолатларда биз ўзимизга-ўзимиз голлар урдик. Футболда мураббий ҳам таъсир ўтказа олмайдиган ҳолатлар кузатилиб турилади.
- Сизнингча, бу йил ким Ўзбекистон чемпиони бўлади?
- Ким кўп очко тўпласа ва ўйинчиларга шунга яраша пул тўласа ўша чемпион бўлади. Ўзбекистонда таркибига четдан катта пул эвазига сифатли футболчиларни олиб келадиган бир қанча клублар бор. Менимча, бу сафар “Насаф” ёки “Навбаҳор” чемпион бўлса керак.
- Кейинги режаларингиз қандай? Юртимиздамисиз? Янги таклифлар борми?
- Икки ойдан сўнг менда жиддий иш – УЕФАнинг Про лицензиясини олиш учун ўқиш бошланади. Бунинг учун ўз устимда кўп ишлашим керак. Лекин ҳозирданоқ менда Сербия Суперлигасидан таклифлар бор. Шунингдек, Ўзбекистондан ҳам. Аммо ҳозир бу ерга қайтмоқчи эмасман. Балки келаси йили қайтишим мумкиндир. Буни вақт кўрсатади.
- Александр Крестинин “Локомотив”нинг янги бош мураббийига айланди. Бу ҳақида фикрингиз қандай?
- “Локомотив”нинг янги мураббийи ким бўлгани мени умуман қизиқтирмайди. Билмайман ва буни ҳозир сиздан эшитиб турибман. Лекин клубда ким ишлашидан қатъий назар мен унга фақат омад тилашим мумкин. Қолгани мен учун қизиқарли эмас.
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Томошабинлар нафратига учраган, саратонни енгган турк актрисаси — Ваҳиде Перчиннинг мураккаб тақдири
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди