Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев 4 июль куни Остона шаҳрида ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиб, ташкилот олдида турган энг долзарб вазифалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик
Президентнинг таъкидлашича, глобал даражада ишонч тақчиллиги мисли кўрилмаган даражага чиққан шароитда умумий хавфсизликни таъминлашда янги ёндашувларни излаш зарурати ўсиб бормоқда. Шу боис ҳозирги пайтда умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича биз илгари сурган Самарқанд ташаббусининг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.
Фото: Президент матбуот хизмати
“ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодекси қабул қилиниши ҳозирги янги шароитда мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имконини беради, деб ҳисоблаймиз”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Иқтисодий соҳада ҳамкорлик бўйича стратегик юксалишга эришиш
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо давлатлар билан савдо айланмаси ўтган йил якунлари бўйича 20 фоиз, жорий йил бошидан буён эса яна 15 фоизга ўсди. Шавкат Мирзиёев ШҲТ доирасида савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича битимни ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблайди. Ҳужжатга савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, техник регламентлар ва сертификатлаш, фитосанитария ва ветеринария назорати тизимларини яқинлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни киритиш мумкин.
Бундан ташқари, трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантириш бўйича жаҳондаги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу соҳада амалдаги рақамли савдо платформалари интеграциясини кўзда тутувчи ҳамкорлик дастурини тайёрлашни таклиф этди.
Саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш
“Энг аввало, инфратузилма, саноатнинг юқори технологияли тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф этамиз”, — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев бунда ушбу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини пухта ўйлаб кўриш, ШҲТ Жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга қайтиш муҳимлигини таъкидлади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Инклюзив транспорт тизимларини шакллантириш
Ўзбекистон президентининг қайд этишича, “Шарқ–Ғарб” ва “Шимол–Жануб” йўналишлари бўйича инклюзив транспорт тизимларини шакллантириш ташкилотга аъзо мамлакатлар иқтисодий салоҳиятини самарали ривожлантириш имконини беради.
“Алоҳида таъкидлаб айтаман: транспорт йўлаклари кўп вариантли бўлиши – бу бутун минтақамиз барқарор ривожланишининг энг муҳим шартидир”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, логистика жараёнларини рақамлаштириш режасини ишлаб чиқиш, шу жумладан, мамлакатлари чегаралари орқали ўтадиган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларнинг электрон алмашувини ташкил этишни таклиф қилди.
ШҲТ маконида замонавий ва ишончли энергетика инфратузилмаларини кенгайтириш
Президент Ўзбекистонда “яшил” энергетикани жадал ривожлантириш бўйича катта дастурни қабул қилинганини маълум қилди. Йилига икки гигаватт қувватли қуёш ва шамол электр станцияларини ишга туширилаётганини, саноат даражасида “яшил” водород ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш бошланганини билдирди.
Давлат раҳбари қайта тикланадиган энергетикага инвестиция ва технологияларни жалб этишни рағбатлантириш бўйича ҳамкорликнинг комплекс режасини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Жадаллаштирилган рақамли трансформация
“Бизнинг фикримизча, рақамли иқтисодиётга ўтиш, сунъий интеллектни, илғор IT қарорларни жорий этиш мамлакатларимиз рақобатбардошлигида ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Шу борада билимлар, тажриба ва энг яхши амалиётлар алмашуви, IT паркларнинг тизимли ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида ШҲТ келажак технологиялари дастурини ишлаб чиқиш тарафдоримиз”, — деди Ўзбекистон президенти.
Шавкат Мирзиёев ижтимоий ривожланиш ва ҳимоя соҳасида ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлиги бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди.
“Ишончим комилки, аҳоли ҳаёт даражасини юксалтириш ва ҳудудларни, биринчи навбатда, қишлоқ жойларни ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни амалга ошириш 2030 йилгача мўлжалланган энг муҳим мақсадларга эришиш йўлида умумий ҳисса бўлади”, — деди Ўзбекистон раҳбари.
Фото: Президент матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларни етказиб бериш имкониятлари номма-ном акс эттирилган мамлакатларнинг агросаноат соҳасидаги салоҳияти ҳақидаги маълумотларни бирлаштирадиган “ШҲТ озиқ-овқат хавфсизлиги атласи” қўшма электрон платформасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ деб топди.
“Биз ШҲТ оиласи жипслигини кучайтиришимиз, биргаликда ривожланиш тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиб, очилаётган янги имкониятлардан максимал даражада фойдаланишимиз зарур” — деди Шавкат Мирзиёев
Президент ҳозирги кунда ШҲТ ҳамжиҳатлиги заифлашишига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлади. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Томошабинлар нафратига учраган, саратонни енгган турк актрисаси — Ваҳиде Перчиннинг мураккаб тақдири
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди