Якунланган мавсумда Элдор Шомуродовни ижара асосида ўйнатган “Кальяри” спорт директори Нерео Бонато “Рома”дан ўзбек ҳужумчисини арзонроқ маблағ эвазига олиш йўлларини қидираётган бир пайтда легионеримизга А Сериянинг ўзидан яна иккита харидор пайдо бўлди.
Италия футболини ёритаётган infoma24.it ва tuttocagliari.net сайтларининг ёзишича, ўтган мавсумни 11-ўринда якунлаган “Женоа” ва юқори дивизионга қайтган “Парма” клубилари 29 ёшли ўзбек ҳужумчисини трансфер қилиниши мумкин бўлган ўйинчилар рўйхатига қўшди.
“Женоа” Шомуродовга бегона эмас. Элдор 2020 йилнинг октябрида Россия Премьер-лигасидан Италияга кўчиб ўтганида Генуя шаҳри клубидан қўним топган ва А Сериядаги энг ёрқин даврларини айнан мана шу жамоада ўтказган эди.
Ўшанда Шомуродов А Серияда 31 та учрашувда рақиблар дарвозасини саккиз маротаба ишғол қилган ва юқори даражада ўйнагани самарасида дебют мавсумидан кейиноқ гранд клублардан ҳисобланган “Рома”га йўл олган.
“Парма” қуйи лигадан юқори дивизионга кўтарилганидан кейин таркибини А Серия ҳавосини олган тажрибали ўйинчилар билан кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Шу боис, пармаликлар “Рома”дан кетиши кутилаётган Элдор Шомуродовга ҳам эътибор қаратди.
Қизиғи шундаки, “Парма” ўтган мавсум якунланмай туриб, А Серияга чиқиши аниқ бўлиб улгурган паллада клуб мутасаддилари бошқа ўзбек футболчиси – ЦСКА вакили Аббосбек Файзуллаевга ҳам қизиқиш билдирган эди. Пармаликлар ҳамон 20 ёшли ҳужумкор футболчини кузатаётгани ҳақида маълумотлар бор.
Демак, “Кальяри”, “Женоа”, “Парма” легионеримизни “Рома”дан олиш йўлларини қидираётган бир паллада Элдор Шомуродов римликлар бош мураббийи Даниэле Де Росси кўригидан ўтиши, Жозе Моуриньо ўрнига тайинланган мутахассис билан яқиндан танишиб олиши ва унга ўз салоҳиятини намойиш қилиши талаб этилади.
Бунинг учун ҳамюртимизда қисқа фурсат бўлади. Чунки Элдор Шомуродов Париж мезбонлик қиладиган ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан жой олди. Мусобақа қоидасига кўра, Олимпиаданинг футбол мусобақасида 23 ёшгача бўлган футболчилар иштирок этади ва мураббийлар штаби 23 ёшдан катта бўлган уч нафар тажрибали ўйинчи ёрдамидан фойдаланиши мумкин.
Тимур Копадзе ўзбек футболи тарихидаги илк Олимпия ўйинларига тажрибали футболчилардан Элдор Шомуродов, Остон Ўрунов ва Ҳусниддин Алиқуловни киритди.
- Футболчиларга умид бағишлайдиган ва клубларни ташвишга соладиган пайт келди – бу терма жамоага чақирув. Яқинда миллий терма жамоалардаги вазифасини бажарган айрим ўйинчиларни энди олимпиячилар ёрдамга чақирмоқда.
Бу жараён Даниэле Де Росси бошқарувидаги “Рома”га ҳам таъсир қилади. Жамоага қайтган ҳужумчи Элдор Шомуродов Париж Олимпиадасига чақиртирилган футболчилар қаторига қўшилди. Ўзбек футболи тарихидаги энг ёрқин футболчи учун Олимпия ўйинларида иштирок этиш катта шараф.
“Рома” мутасаддилари эса, Олимпиада ўзбек футболчисининг бошқа клубга трансферига ҳалақит қилмаслигидан умидвор. Аксинча, улар катта мусобақадаги муваффақиятли иштирок ҳужумчини қайси жамоа кўп тўласа, ўша клубга трансфер қилиш имконини беришини кутмоқда, - деб ёзди asromalive.it сайти эксперти Стефано Вори.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов Италияга кўчиб ўтганидан бери “Женоа”, “Рома”, “Специя” ва “Кальяри” сафида А Серияда 102 та учрашувда майдонга тушиб, 15 та гол ва 9 ассист муаллифи бўлган. Айни пайтда 5 миллион еврога баҳоланаётган форварднинг римликлар билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг ярмигача тузилган. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Томошабинлар нафратига учраган, саратонни енгган турк актрисаси — Ваҳиде Перчиннинг мураккаб тақдири
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди