11:21 / 06.07.2024
175

Евро-2024. Чорак финал. Германия йиғлади, Роналду тўхтади

Евро-2024. Чорак финал. Германия йиғлади, Роналду тўхтади
Фото: IAN MACNICOL/GETTY IMAGES
Немислар овертаймда пеналти тепиш ўрнига сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборди. Испанлар 12 йил ичидаги илк совринга яқинлашди.

Испания – Германия 2:1
Голлар
: 1:0 – 51 Олмо, 1:1 – 89 Виртц, 2:1 – 119 Мерино.
Испания – Унаи Симон, Карваҳал, Лапорт, Ле Норман (Начо, 46), Кукуреля, Фабиан Руис (Ҳоселу, 102), Родри, Педри (Олмо, 8), Уилямс (Мерино, 80), Ямал (Ферран Торрес, 63), Мората (Ойарсабал, 80).
Германия – Нойер, Рюдигер, Та (Мюллер, 80), Раум (Миттелштедт, 57), Кроос, Гундўған (Фюллкруг, 57), Жан (Андриҳ, 46), Киммиҳ, Ҳавертц (Антон, 90), Сане (Виртц, 46), Мусиала.
Огоҳлантиришлар: Рюдигер (13), Раум (28), Ле Норман (29), Андрих (56), Кроос (67), Миттелштедт (73), Ферран Торрес (74), Унаи Симон (82), Шлоттербек (90), Виртц (94), Карваҳал (100), Родри (110), Ундав (113), Мората (120+1), Фабиан Руис (120+1).
Четлатиш: Карвахал (120+5)

Испания ва Германия Евро чоракфиналида ўйнаши маълум бўлганида, мухлислар бу учрашувга «финалдан олдинги финал» ёрлиғини ёпиштиришди. Чиндан ҳам, испанлар ва немислар — турнир ғолиблиги учун асосий фаворитлар бўлиб турганди ва уларнинг ўзаро тўқнашуви мухлисларга сифатли футбол ваъда қилаётганди. Якунда мухлисларнинг бу ишончи тўлиқ оқланди деса ҳам бўлади.

Испанлар бош мураббийи Луис де ла Фуэнте 1/8 финалда ўйнаган таркибни ўзартирмади. Юлиан Нагелсман эса ўзгаришлар қилди: Германиянинг бошланғич таркибида Эмре Жан ва Жонатан Та ҳаракатланди. Ўйиннинг старти «ҳеч кимга раҳм-шафқат йўқ» шиори остида ўтди. Асосий қаҳрамон эса Тони Кроос эди: аввалига Педрини қўполлик билан қарши олди, кейин эса вингер Ламин Ямалнинг оёқларини босиб олди.


Испанлар яримҳимоячиси газонга қулади ва йиғлаб юборди. У жиддий жароҳат олганди ва саккизинчи дақиқадаёқ мажбуран алмаштирилди. Унинг ўрнига майдонда Дани Олмо пайдо бўлди. Бош ҳакам Энтони Тейлор эса бу эпизодлар учун Кроосга ҳатто сариқ карточка ҳам кўрсатмади ва бу ўйин ҳароратини ошириб юборди. Биринчи бўлим давомида уч футболчи огоҳлантирилди: Антонио Рюдигер, Давид Раум ва Робен Ле Норман.

Ўйиннинг ўзи эса у қадар ёрқин кечмади. Жамоалар вазиятлар яратди, аммо у қадар хавфли чиқмади. Кай Ҳаверцда гол уриш учун имконият юзага келганди, аммо Унай Симон форварднинг бош билан йўллаган зарбасидан кейин сейв ижро этди. Ламин Ямалнинг жарима майдони ичидан ерлатиб берган зарбаси эса бироз хато кетди. Бўлим охирида Олмо ўз вазиятидан фойдалана олмади: унинг 25 метр масофадан йўллаган зарбасини Нойер қайтарди.

Биринчи бўлимда тўпга эгалик қилиш бўйича кўрсаткич ҳам деярли тенг эди — Испания фойдасига 51 фоизга 49. Бошқачароқ рақамлар юзага келиши кутилганди, аммо немислар ҳам тўпни назорат қилишга эътибор қаратди. Испанларнинг тўпни олиб қўйиш учун қилган прессинглари эса доим ҳам иш бермади, қарши ҳужумлар ҳам ўхшамади. Германия рақибга асосий устунликларидан фойдаланишга йўл қўймади, аммо ўзидаги вазиятлар ҳам минимумгача тушди.

Нагелсман танаффусда таркиб танлашдаги хатосини тушуниб етиб, алмаштиришлар қилди. Сане ўрнига Вирц, Жан ўрнига Андриҳ тушди. Аммо бу Германиядан кўра Испаниянинг фойдасига бўлиб чиқди. 51-дақиқада Ямал жарима майдонининг ўнг бурчагидан тўпни марказ томон узатди, бу ҳудудда Жан йўқлиги билинди, Олмо эса тўпга бир тегинишда Нойер дарвозасини ишғол этди.

Ўтказиб юборилган голдан кейин Германия олдинга ташланди. Жамоа ўз майдонларида ўтаётган Еврони чоракфиналдаёқ тарк этишга кўна олмасди. Аввалига Германиянинг хавфли вазият яратишга уринишлари ўхшамади. Аммо 69-дақиқада немислар яхши вазият яратишди: аввалига Фюллкруг тўпни қабул қилиб, ўзидан қулайроқ позицияда турган Андриҳга узатди. Роберт зарба берди, аммо Симон қутқарди.

Бир неча дақиқадан кейин яна бир яққол вазият юзага келди. Вирц жарима майдони марказидаги Фюллкругни тўп билан таъминлади, Никлас эса устунни пойлади. 82-дақиқада эса дарвозабон Унай Симон Германияга яна бир хавфли вазият тортиқ қилди. У тўпни узоқлаштиришда хатога йўл қўйди — тўп Ҳаверцга келиб тушди. Аммо форварднинг шошилиб йўллаган зарбаси тўсин устидан ўтиб кетди.

Ва барибир Германия жавоб голини ура олди. Ўйиннинг охирги қисмида уюштирилган штурм дарвоза ишғол этилиши билан якунланди: Миттелштедтнинг зарбаси устундан қайтди, Киммиҳ ҳаводаги курашда тўпга эга чиқиб, уни Вирцга ташлаб берди, Флориан эса битта ҳаракат билан уни дарвоза тўрига жойлади — 1:1.

Қолган дақиқаларда Германия яна бир гол уриб ғалабани илиб кетиши мумкин эди. Томас Мюллерда қулай вазият бўлди, аммо 34 ёшли ҳужумчининг зарбасидан кейин тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди ва жамоалар овертаймларга таклиф этилди. Бу вақтга келиб Испания бош мураббийи де ла Фуэнте ҳужум чизиғини тўлиқ алмаштириб юборганди. Масалан, Моратанинг ўрнига таянч яримҳимоячиси Мерино туширилганди.

Қўшимча бўлимларда ўйиндаги тезлик пасайди. Лекин биринчи экстра-таймда жамоаларда хавфли зарбалар бўлди. Аввалига Оярсабалнинг зарбасидан кейин тўп устун ёнидан ўтиб кетди, кейин эса Вирцда худди шундай ҳолат такрорланди.

Иккинчи экстра-тайм стартида эса Мусиаланинг зарбасидан кейин тўп жарима майдони ичидаги Марк Кукурелянинг қўлига тегди, аммо ҳакам Тейлор пеналти белгиламади ва видеотакрорга ҳам мурожаат этмади. Катта эҳтимол билан, англиялик арбитр ҳимоячининг қўли табиий ҳолатда турганди деб топди, қолаверса бу ҳолатда ҳимоячи қўлини ўз танаси томон тортаётганди.

117-дақиқада эса Фюллкруг мураккаб вазиятда тўпга бош билан зарба бериб, испанларнинг асабини синовдан ўтказди. Аммо Унай Симон бу хавфни бартараф этди. Барча пеналтилар сериясига тайёрланаётганди, аммо 119-дақиқада Дани Олмо тўпни Германия жарима майдонига етказиб берди, Микел Мерино эса барчадан баланд сакраб, боши билан Нойер дарвозасига ғалаба голини урди. 2:1! Бутун стадион ва немислар жамоаси шок ҳолатида қолди.

Қолган дақиқаларда ҳам Германия штурм уюштирди, аммо голга испанлар яқинроқ келди. Ферран Торрес яккама-якка вазиятга чиқиб кетди, аммо Нойерни алдай олмади. Сўнгги ҳужумлардан бирида Фюллкруг яна бош билан хавфли зарба берди — тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди. Сўнгги сонияларда Дани Карваҳал иккинчи сариқ карточка эвазига Мусиалани жарима майдони атрофида йиқитганида немисларда яна бир имконият бўлганди. Аммо Крооснинг узатмасидан кейин тўп Симоннинг қўлларига келиб тушди. Шу билан тугади.

Германия ўз уйидаги Евродаги иштирокини чоракфиналдаёқ тўхтатди. Тони Крооснинг фаолиятидаги сўнгги ўйин максимал даражада драматик кечди. У билан бирга, катта эҳтимол билан Нойер, Мюллер ва Гундўған ҳам фаолиятидаги сўнгги йирик турнирни ўтказди.




Аммо Германия бу турнирдаги иштироки учун уялмаса ҳам бўлади. Шунчаки Испания ҳозирда жуда кучли ва сўнгги 12 йилликдаги илк соврини томон кетмоқда.

Франция бирорта гол урмасдан яримфиналга етиб келди

Португалия — Франция 0:0
Пеналтилар серияси — 5:3.
Португалия
– Кошта, Канселу (Семеду, 74), Пепе, Диаш, Мендеш, Фернандеш (Консейсау, 74), Бернарду Силва, Палиня (Рубен Невеш, 90+2), Витиня (Нунеш, 119), Леау (Феликс, 106), Роналду.
Франция – Менян, Кунде, Упамекано, Салиба, Эрнандес, Канте, Чуамени, Камавинга (Фофана, 91), Гризманн (Дембеле, 67), Мбаппе (Барколя, 106), Коло-Муани (Тюрам, 86).
Огоҳлантиришлар: Палиня (79), Салиба (84).

Испания ва Германия жуфтлиги билан солиштирганда, мухлислар Франция — Португалия қарама-қаршилигидан шиддатли тўқнашув кутмаётганди.

Икки жамоа таркиби ҳам юлдузларга тўла эканига қарамай, уларнинг айнан ҳужум чизиғи борасида саволлар йиғилиб қолган. Французлар бу Еврода ҳали бирор марта ўйиндан ўз кучи билан гол уролмади (автогол — «Учранглилар»нинг энг яхши тўпурари). Диде Дешам мунтазам равишда ўз форвардларининг жойлашувларини ўзгартирмоқда, у бу сафар ҳам шу ишни такрорлади — ҳужум марказига Мбаппега шерик сифатида Коло Муани қўйилди, уларнинг ортид — Гризманн ҳаракатланди. Қолган позицияларда — сюрпризлар йўқ.

Роберто Мартинесга эса битта савол бор эди, аммо бу жиддийроқ савол — у Словенияга қарши муваффақиятсиз ҳаракатланган Роналдуни яна майдонга туширадими? Аммо у бунга жазм этмади — вазиятлардан фойдалана олмаган Криштиану ҳам, ўйин охирларида қўпол хатога йўл қўйган 41 ёшли Пепе ҳам яна бошланғич таркибда пайдо бўлди. Кимдир буни қўрқоқлик деб аташи, кимдир — соғлом ақлга таянган қарор дейиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, португалияликлар сардори ўз обрўсини тиклаши ва ўзи жамоа учун ортиқча юкка айлангани ҳақидаги гапларга чек қўйиши талаб этиларди.

Биринчи бўлимни жамоалар кутилганидек эҳтиёткорлик билан ўтказишди. Икки жамоа ҳам ҳужумга ўтишга шошилмасдан, тўпни майдон марказида тартиб билан ҳаракатлантириб, фақат айрим ҳолатларда вазиятни кескинлаштириш учун таваккалчиликка қўл урди.

Французлар фаолроқ бошлаганди, аммо 15-дақиқадан кейин темпни пасайтириб, бўлим ўрталаридан умуман суст ҳаракат қилишга ўтди. Бўлим давомида эсда қоларли яққол вазиятлар бўлмади.

Португаллар чап қанот орқали олдинга ўтишга ҳаракат қилди, аммо Нуну Мендеш ва Рафаэл Леау ҳам хавфли вазиятлар ярата олмади — Криштиану эса кўп ҳолатларда жамоа ўйинидан ажралиб қолди. Бўлим давомида икки томондан биргина зарба дарвоза соҳасига тўғри боргани ҳам бўлим қандай ўтганини ифодалайди.

Танаффусдан кейин ўйин ниҳоят жонлана бошлади. Дастлаб Португалия ўйинини кучайтирди — Камавинга Леаунинг рейдини тўхтатишга базўр улурди. Кейин Канселу жарима майдони ичида Бернарду Силвани қулай вазиятга чиқарди, аммо зарба Менян томонидан қайтарилди. Бир дақиқа ўтиб французлар дарвозабони яна бир бор қутқаришига тўғри келди — бу сафар бир ҳужумнинг ўзида икки бор (аввалига Витинянинг зарбасини, кейин Роналду ўткир бурчакда туриб товони билан йўллаган зарбани).

Диде Дешам Гризманн ўрнига Дембелени туширди. Усмон дарҳол жамоа ўйинига тетиклик ва кескинлик бахш этиб, ўнг қанотда рақиб ҳимоячиларини қийин аҳволга тушириб қўя бошлади — ўзи ҳам хавфли зарба берди, Мбаппени қулай вазиятга чиқарди, аммо французларнинг зарбалари ёки хато кетди, ёки тўғри Диогу Коштага борди. Ўйин охирида Тюрам дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетиши мумкин эди, аммо 41 ёшли Пепедан қочиб кета олмади. Умуман олганда, иккинчи қирқ беш дақиқаликда икки жамоа ҳам жонлироқ ўйин намойиш этди, аммо бу ҳисобни очиш учун етарли бўлмади.

Овертаймлардан биринчиси бошида Консейсаунинг ажойиб рейди ва узатмасидан сўнг Роналду қулай вазиятдан фойдалана олмади.

Лекин қўшимча бўлимларни жамоалар пеналтилар сериясига етиб бориш мақсадида ўйнаётгандек ўтказишди. Португаллар тўпга эгалик қилди, аммо вазиятларни деярли кескинлаштиришмади, французлар эса ҳимояда ўтирди, бу картина икки томонни ҳам қониқтирарди.

Эътиборли ҳолат бўлимлар оралиғидаги қисқа танаффус вақтида рўй берди — Мбаппе ўзини алмаштиришни сўради ва унинг ўрнига Барколя тушди. Бундан бироз олдинроқ тўп рикошет бўлиб келиб, унинг бошига текканди. Натижада французлар пеналтилар сериясига қараб кетаётган ўйинда штатдаги пеналтичиси ва сардорсиз қолишди.


Португалия сафида ҳам алмаштириш амалга оширилди — шу куни ўйини чиқмаган Рафаэл Леау ўз ўрнини Жоау Феликсга бўшатиб берди ва у тўпга илк тегинишидаёқ бош билан зарба берди, аммо қулай позициядан йўлланган зарба дарвоза соҳасига тўғри бормади. Охирги дақиқаларда эса Нуну Мендеш жарима майдони ичида бўш қолдирилди, у қулай позициядан туриб ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин эди, аммо унинг зарбаси кучсиз чиқди ва Менян тўпни осонлик билан эгаллаб олди — мухлислар бу ўйинда гол кўра олишмади.

Ўйиндан кейинги серияда эса Дембеле илк зарбани аниқ амалга оширди. Унинг ортидан Роналду ҳам ўз ишини тўғри бажарди. Умуман олганда, серияда деярли барча ижрочилар ўз уринишларини жуда ишончли бажаришди. Фақат Феликснинг кучли зарбаси устунни титратди ва у кеча антиқаҳрамонига айланди. Ундан кейин нуқтага келган французлар хато қилишмади ва Тео Эрнандес Францияни яримфиналга олиб чиқди.

Катта эҳтимол билан, бу Криштиану Роналду ва Пепе учун охирги йирик турнир бўлиб қолди.

Бир неча кундан кейин Испанияга қарши Европа классикаси бўлиб ўтади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Евро-2024. Чорак финал. Германия йиғлади, Роналду тўхтади