14:50 / 10.11.2024
24

Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?

Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
Зеленский ва Трамп яқинда Ню Йоркдаги учрашуви чоғида. Фото: Getty Images
Президент этиб сайланиши ҳамоно Доналд Трамп жаҳондаги урушларни тўхтатишини эълон қилди. Сайлов кампанияси чоғида ҳам у бир неча бор Украинадаги урушни 24 соат ичида тўхтата олишини айтган эди. АҚШ Трамп вақтида шу вақтгача бажариб бўлмаётган вазифани уддалай оладими?

«Мен Зеленскийни яхши биламан. Мен Путинни яхши биламан. Бу ишни осонгина амалга ошираман», — деганди Трамп сайлов кампаниясида берилган саволларга жавобан.

Экспертлар фикрича, унинг сайловдаги ғалабаси чиндан ҳам тинчлик музокараларига ўтиш жараёнини тезлаштиради, бироқ кўпчилик барибир музокаралар муваффақиятли ўтишига шубҳа қилмоқда.

«Трамп командаси бу музокаралар нечоғлик мураккаб ва муаммоли ҳамда келишиш ва қандайдир муроса вариантини топиш қанчалик қийин бўлишини англамаяпти», — дея «Пента» сиёсий тадқиқотлар маркази директори Володимир Фесенконинг сўзларини келтирмоқда BBC.

Шу йил сентбр ойида ўтган теледебатлар чоғида Камала Ҳаррис Трамп Украинадаги урушни 24 соат ичида якунлашга ваъда бераётганига сабаб, шунчаки уни Россияга топширмоқчи, деб заҳарханда қилганди.

Украинадаги кўпчилик ҳам АҚШ янги президенти чоғида Киевни ўзи учун мақбул бўлмаган шартларда келишувни имзолашга мажбурлайди, деб чўчимоқда.

Ўтган даврда Украинага ҳарбий ёрдам республикачилар томонидан блокланиши ва сайланган вице-президент, Украинани танқид қилиб келгани билан машҳур Жей Ди Вэнснинг риторикаси бу хавотирларни кучайтирмоқда.

Интервюларидан биридан Жей Ди Венс янги маъмурият Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш масаласини қандай кўраётганини тушунтирган эди. Унинг сўзларига кўра, режа фронт чизиғи бўйлаб қуролсиз зона ташкил этиш ва Киевнинг нейтралитетини ўз ичига олади.

Бу Россия ўзи оккупация қилган ҳудудларда қолавериши, Украина эса НАТО аъзолигидан воз кечишини англатади. Киевдагилар буни таслим бўлиш сифатида қабул қилишди ва бундан келишув мамлакат раҳбарияти томонидан маъқулланиши эҳтимоли жуда паст.

«Трамп пулларни санайди»

Яқин ўтмишдаги бу баёнотларга қарамасдан, Украина жамиятида умидсизлик ва тушкунлик кайфияти ҳукмрон деб бўлмайди.

Сайлов кампанияси чоғида Доналд Трамп Украина президенти Володимир Зеленскийни жуда яхши билишини таъкидлаган. Фото: Global Images
Владимир Фесенконинг таъкидлашича, Трамп фақат Россия шартларида тинчлик ўрнатилишига кўнмайди.

«Бу нафақат Украинанинг, АҚШнинг ҳам мағлубияти сифатида қабул қилинади», — дейди у.

Президент Трампнинг амбициявийлиги (кимлардир буни нарциссизм деб ҳам атайди) ҳисобга олинса, у ютқазган инсон сифатида кўринишни истамайди.

АҚШ янги раҳбарият даврида ҳарбий ёрдам форматини ўзгартирса керак, деб ҳисобламоқда Фесенко. Ёрдам кредитга, ўзига хос ленд-лиз кўринишида берилади. «Трамп пулни санашни яхши кўради», — дейди эксперт.

Бироқ, АҚШ Киевга қурол-яроғ етказиб бериш ва молиявий ёрдам кўрсатишни бас қилишини кутмасак ҳам бўлади. Бу ҳаттоки республикачилар ичида ҳам танқидлар ёмғирини келтириб чиқаради.

Ҳарбий ёрдам ҳар икки томонни музокараларни бошлашга кўндириш учун нафақат Украинага, Россияга ҳам босим ўтказиш воситаси бўлиши мумкин.

Агар Киев бош тортса, АҚШ Украина қуролли кучларига ёрдамни камайтиради. Агар Москва кўнмаса, АҚШ аксинча, Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтиради.

АҚШнинг янги маъмурияти музокараларни бошлаш учун Москвага ён бериши мумкин бўлган асосий жиҳат — Украинанинг НАТО аъзосига айланиш истиқболларидан воз кечиши бўлади.

Бу ҳолатда Украина эҳтимол иккитомонлама келишувлар асосида муқобил хавфсизлик кафолатларини талаб қилиши мумкин.

Бу масала бўйича музокаралар жуда мураккаб бўлади, бироқ экспертлар масала юзасидан қандайдир келишувга келиши принцип жиҳатидан реал эканини айтишмоқда.

Номақбул муроса

Россия қўшинлари Донбассда олдинга силжишда давом этмоқда. DeepState таҳлчилари баҳолашларига кўра, ўтган ойда улар 500 км квадрат ерни эгаллашган — бу 2023 йилдан буён энг катта олдинга силжишдир.

Фронтдаги ҳозирги вазият Украина қуролли кучлари учун тобора мураккаблашиб бормоқда. Фото: AFP
Бундай вазият украинларни сулҳ музокаралари тарафдорлари лагерига ўтишга мажбур қилмоқда. Разумков фонди сўровномаларига кўра, ўтган йил кузида Россия билан музокаралар ўтказиш ғоясини сўралганларнинг 21 фоизи қўллаган бўлса, бу йил бундайлар сони 35 фоизни ташкил этмоқда.

Шу сабабли Трампнинг тинчлик музокаралари тўғрисидаги баёнотлари Украинада кўпчилик томонидан ижобий қабул қилинади. Бироқ, Доналд Трамп ва унинг атрофидагилар «тинчлик» деб атаётган нарса ўт очишни тўхтатиш ва можарони музлатишни, яъни Россия босиб олган ерларда қолишини англатиши мумкин.

Бироқ Киевнинг урушни музлатиш эвазига оккупация қилинган ҳудудларни Россиянинг бир қисми деб тан олиши Украинада тасаввур қилиб бўлмас нарса. Украина раҳбарияти учун бундай ғояни қўллаб-қувватлаш сиёсий худкушликни англатади, бундай қарордан кейин ҳар қандай раҳбар асрлар оша миллат тарихида хоин сифатида қолади.

Айнан мана шуни Трамп ва Вэнс тўлиқ англаётгани йўқ — оккупация қилинган ҳудудлар бўйича ён бериш имконсиз.

Владимир Путин эса тинчлик музокаралари ўтказилиши учун шарт Украина қўшинларини Россия ўзиники деб белгилаб олган Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областларидан олиб чиқиб кетиш эканини айтган. Бунда Украина ҳали Россия армияси қадами етмаган жойларни ҳам тарк этиши керак.

Фақат Украина қўшинлари ушбу ҳудудлардан чиқиб кетгач ҳамда Украина НАТОга аъзо бўлиш ниятидан воз кечсагина Россия ўт очишни тўхтатиб, музокаралар бошлашга тайёр, деган эди Путин июнда.

«Путинга ўз шартларида сулҳ керак»

Албатта, оккупация қилинган ҳудудларни тан олмасдан, 2014 йилда Қрим билан бўлгани каби можарони музлатиш мумкин.

Фесенконинг фикрича, кўплаб украинлар бунга қарши чиқишса ҳам, Киев бундай қадам ташлашга мажбур бўлишини ҳам истисно қилмаяпти.

Россия билан келишув қандай бўлишидан қатъи назар, Украинада бу борада бирлик кузатилмайди, дейди эксперт.

Лекин битимни америкаликлар таклиф қилса, бу бир қатор муаммолар ўртадан кўтарилишига хизмат қилади.

«Агар Зеленский бу ташаббусни илгари сурганда у асосий қурбон ва хоин бўларди, лекин бу асосий ҳамкор АҚШ босими остидаги тинчлик бўладиган бўлса, асосий хоин Трамп бўлади», — дея тушунтиради Фесенко.

Фото: AFP
Бироқ, эксперт фикрича муаммо Украина жамиятида қандай қабул қилинишида эмас, гап Путинда: «Путинга можаро музлатилиши керак эмас. Путинга ўз шартларида тинчлик керак».

Украина Олий Радаси депутати Олександр Мережконинг фикрича, айнан шунинг учун дипломатик йўл билан тинчликка эришиб бўлмайди.

Россия ва Путинга ишонч йўқлиги тинчлик келишуви вариантларини излашни маънисиз қилади, дейди у.

2022 йилгача Мережко Донбассдаги можароларни дипломатик йўллар билан тартибга солиш асосий вазифаси бўлган Минск гуруҳи деб аталаувчи учтомонлама контакт гуруҳи аъзоси бўлган.

«Бироқ Россия музокара жараёнидан Украинага бостириб кириш учун баҳонани қўлга киритиш учун фойдаланди», — дейди Мережко.

Шунинг учун Мережко Трамп ўртага ташламоқчи бўлган тинчлик музокаралари натижаси айнан шундай якунланишидан чўчимоқда.

«Агар биз ўт очишни тўхтатишга рози бўлсак, бу шунчаки мағлубиятимизни бироз ортга суради. Агрессив босқиннинг кейинги тўлқини ҳозиргидан ҳам хавфлироқ бўлади», — дейди Мережко.

Яхши янгиликлар олдиндами?

Ўтган йил октябрида «Россиянинг Украинадаги урушини қандай тўхтатиш мумкин?» деган ҳисобот тақдим этган Британиядаги нуфузли Chatham House таҳлил маркази тадқиқотчилари ҳам шундай фикрда.

Ҳисобот муаллифларидан бири Жеймс Шер агар куч билан қувиб чиқарилмаса, Россия қўшинлари Украинани тарк этмайди, деб ёзади.

«Россия учун музлатилган можаролар ҳеч қачон тинчликка эришиш йўли бўлмаган, аксинча, рақибларини келгусида янада кучсизлантириш платформаси бўлиб хизмат қилиб келган», — деб ёзади Шер.

Ҳисобот муаллифлари Украинани жанговар ҳаракатларни бас қилишга рози бўлиш учун мажбурлашга қарши чиқишган. Улар Украинанинг ғалабага эришиши учун Киевга янада кўпроқ ёрдам беришга чақиришган.

Бироқ, гап-сўзларига эътибор қилинса, Доналд Трамп айнан мана шу ёндашувга қарши. У тезроқ «тинчлик» ва ўзининг муваффақияти деб аташ мумкин бўлган келишувга эришиш ва ўт очишни бас қилиш тарафдори.

Бироқ, Трампнинг сайланиши барибир Украина учун яхши янгилик бўлиб чиқиши ҳам мумкин, дейди Мережко:

«Трамп Путин билан келишиш мумкин деган иллюзиядан халос бўлиб аччиқ ҳақиқат билан тўқнаш келганида, у буни ўз шахсий ҳисобига қабул қилиши мумкин. Шунда у Киевга янада кўпроқ ёрдам бериши ва Украинани қўллаб-қувватлаш учун қандайдир радикал қадамларни қўйиши мумкин».

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?