Президент топшириғини тескари тушунган автосаноат: Автомобилга навбатга туриш имконияти йўқ қилинди
Шу кунларда UzAuto Motors'дан фақатгина 400 миллион сўмдан қиммат турувчи «Malibu» автомобили учунгина шартнома олиш мумкин. Катта асъаса-дабдаба билан ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган «Tracker-2» ва «Onix» автомобиллари учун ҳам шартнома бериш тўхтатилди.
Оммабоп «Spark», «Damas», «Nexia-3», «Cobalt», «Gentra» каби автомобиллар отлиққа ҳам йўқ бўлиб қолганига ярим йил, бир йил бўляпти.
Президент «Ўзавтосаноат» олдига 2022 йилнинг 1 майига қадар автосалонлардаги навбатларни тугатиш вазифасини қўйган эди. Орадан бир йил ўтиб, автосаноатимиздаги корчалонлар президент топшириғини «тўғридан тўғри» тушунгани маълум бўляпти.
Президент, албатта, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, тўлов қилинган автоларни эгаларига ўз вақтида етказиб бериш билан навбатларни бартараф этиш талабини қўйгани аниқ.
Лекин бугунга келиб автосаноатчилар шунчаки навбатни йўқ қилиб юборишди. Энди ҳеч ким тўлов қилолмайди ва янги машина сотиб ололмайди (импорт қилинган энг қиммат моделларни айтмаганда, албатта).
Бир йил аввал президент топшириғини Шавкат Умрзоқов ўз қулоғи билан эшитиб, қўлидаги блокнотга ёзиб олганди. Бугун у – Тошкент шаҳар ҳокими. Янги раҳбар «президент менга айтмаган, демак, бу топшириқ меники эмас», деб фикрлайди чоғи...
Гапнинг қисқасини айтганда, ҳозирги пайдо бўлган вазият «растаможка»ни ланг очиб юборишни тақозо этмоқда.
Хориждан янги автомобиллар ва электромобилларни фақат ҚҚС тўловини тўлаб, мамлакат ичига олиб киришни жорий этиш вақти етиб келди. Бундан энг аввало давлат ғазнаси катта фойда кўради.
27 йилдирки катта умид билдирганимиз, бор инон-ихтиёримизни топшириб қўйган миллий автосаноатимиз халқнинг устидан очиқчасига кулиш даражасига чиқиб олди.
Улар машиналарни ўз вақтида ишлаб чиқариб, ўз вақтида етказиб бериш ўрнига, хориждан машина келтириб сотиб, чайқовчилик қилишга ҳам ўтиб олишди, мана.
Президент 2021 йилдаёқ тадбиркорлар билан учрашувда бу вазиятга ўз баҳосини бериб бўлган эди:
«[Асакадаги завод] Бирор марта маҳсулотини фойда билан ишлаб чиқармаган. Агар ҳозиргидек рақобат бўлиб, заводни кенг океанга қўйиб юборганимизда машина сони кўпаяр, ҳам арзон, ҳам рақобатбардош бўларди», – деган эди Шавкат Мирзиёев.
Президент автозавод ўзига берилган солиқ ва бошқа имтиёзларга қарамасдан, ҳеч қачон халқ манфаати учун хизмат қилмаганини ҳам таъкидлаганди.
«Экспортга юборган машинамизни ички бозорга нисбатан 30−40 фоиз арзонроқ қилиб сотар эдик. Чегарадан ўтказиб қўяр эдик-да, экспорт қиляпмиз, дер эдик. У экспорт эмас, бало эди», – деганди давлат раҳбари.
Президент келгусида рақобат муҳити шаклланиши натижасида завод ҳам иш фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишига тўғри келишини қайд этганди:
«Андижон машина заводи 3−4 йилдан кейин бизга керак ҳам эмас. Нимага десангиз, мана Тошкент вилоятида, Наманганда очиляпти, Жиззахда ҳеч ким тасаввур қилмаган 2−3 та завод очяпмиз».
Биз Андижондаги ва бошқа автозаводларимиз ёпиб юборилсин деган талабни илгари сурмаймиз. Шунчаки, улар рақобатга рўпара қилиниши керак. Агар рақобат туфайли ўз-ўзидан ёпиладиган даражада бўлса, бешбаттар бўлсин! ЙИГИРМА ЕТТИ ЙИЛ ичида рақобатдан қўрқмайдиган ишлаб чиқариш ташкил қилинмабдими, ҳайф шунча ишонч, шунча имтиёз.
Ички ёнув двигателли автомобилларни фақат ҚҚС тўлаб олиб киришни жорий этишда, айнан ҳайдалмаган яп-янги автомобилларга урғу бериш керак. Ўзбекистон Дубай автобозорининг чиқиндихонасига айланиб кетишини истамаймиз, албатта.
Шунда мамлакатимизда Toyota, Skoda, Nissan, Mazda каби энг йирик автомобил брендлари ўз салонларини очар эди. Бунга шароит яратиш керак. Одамларда эса узоқ кутмасдан ҳамёнбоп, арзон ва сифатли автомобиллар харид қилиш имконияти пайдо бўлар эди.
Ҳозирги монополия шароитида миллий авто ишлаб чиқарувчимиз «билган шакари»ни еяпти. Бундан истеъмолчилар жабр чекишмоқда. Юқоридаги чоралар амалга оширилса, UzAuto Motors рақобат нима эканини ўз танасида бир ҳис қилиб кўрса, кейин сон, сифат ва тезкорлик борасида бош қотира бошларди.
Халқ шунча сабр қилиб, чарчади. Энди эркатой автосаноатчилар бош қашлаб ишлаши учун чораларни қўллаш керак.
Шуҳрат Шокиржонов,
журналист