
Сизнинг замонавий электромобилингиз бор: салонда жимлик, тезкор тезланиш ва шаҳарнинг турли бурчакларида қувватлаш имконияти. Бундай технология ҳақиқатан ҳам ажойиб!
Аммо тест-драйв давомида сизга бир муҳим нарсани айтишмайди: электромобилнинг батареяси унинг юраги, лекин айни пайтда заиф нуқтасидир. Агар батарея ишдан чиқса, уни алмаштириш учун катта маблағ талаб қилинади, бу эса, масалан, иккинчи қўл Gentra машинаси нархига тенг бўлиши мумкин.
SlashGear нашри журналисти Мэри Браун электромобил батареяларини секин-аста ишдан чиқарадиган 5 кенг тарқалган хатолик ҳақида мақола ёзди. Мана, унинг мақоласидаги асосий фикрлар:
1. Батареяни ҳар сафар тўлиқ қувватлаш одатий эмас.
Доимий равишда 100% гача қувватланиш батарея ҳужайраларини тезроқ эскиртиради ва зарарлайди.
Энг қулай қувватлаш даражаси 20%–80% оралиғида бўлиб, уни созламаларда чеклаш тавсия этилади. Агар узоқ сафарга чиқмоқчи бўлсангиз, 100% қувватланг, лекин буни ҳар куни қилмаслик керак.
2. Батареянинг қуввати 20% дан пастга тушиб кетмасин.
Бу ҳолат батареянинг кимёвий таркибига зарар етказади ва унинг ишлаш муддатини қисқартиради. Шунинг учун, қувват даражаси 20% дан пастга тушмасидан уни зарядлашни одат қилинг.
3. Ҳарорат шароитларига эътибор беринг.
Электромобил батареяси на жуда совуқ, на жуда иссиқ муҳитни ёқтиради. -20°C совуқда батарея секин қувватланади ва ҳаракат масофаси қисқаради.
+45°C иссиқликда эса батарея ҳужайралари қизиб, тез эскиради. Шунинг учун машинангизни ҳаддан ташқари иссиқ ёки совуқ муҳитда қолдирмасликка ҳаракат қилинг.
4. Носоз ёки сифатсиз қувватлаш кабелларидан фойдаланманг.
Агар кабелингиз шикастланган ёки сертификациядан ўтмаган бўлса, уни алмаштиринг. Бундай кабеллар қисқа туташув, ҳатто ёнғинга олиб келиши мумкин.
5. Дастурий янгиланишларни эътиборсиз қолдирманг.
Электромобилингиз ғилдиракли компьютерга ўхшайди. Дастурий таъминот янгиланишлари батареяни ҳимоя қилиш, унинг қувватланишини яхшилаш ва бошқа муаммоларни бартараф этиш учун муҳим.
Янгиланишларни ўз вақтида ўрнатиб туринг. Электромобилингиз батареясини узоқ муддат ишлатишни истасангиз, ушбу маслаҳатларни ёдда сақланг ва уларга амал қилинг.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.