
Дунё бўйлаб энг яхши миллий ошхоналар рўйхати янгиланди. Қарийб 19 мингта анъанавий таом таҳлил қилиниб, энг мазали деб топилган 100 та миллий ошхона рейтинги тузилди. Бу ҳақда машҳур гастрономик платформа — TasteAtlas маълум қилди.
Платформа изоҳига кўра, рейтинг дунё миқёсида тақдим этилган деярли 19 мингта миллий таом бўйича берилган 590 228 та тасдиқланган баҳога таянилган ҳолда шакллантирилган. Ҳар бир мамлакатнинг якуний ўрни фойдаланувчилар томонидан қўйилган ўртача балл асосида аниқланган. Шу билан бирга, ҳисоб-китоб жараёнида фақат реал фойдаланувчиларнинг баҳолари инобатга олингани, ботлар ёки сунъий “ватанпарварона оширишлар”ни чеклаш учун махсус механизмлар қўллангани таъкидланган.
TasteAtlas талқинига кўра, дунёдаги энг мазали 10 та мамлакат миллий ошхонаси қуйидагича жой олган:
1.Италия — 4,64
2.Греция — 4,60
3.Перу — 4,54
4.Португалия — 4,53
5.Испания — 4,53
6.Япония — 4,49
7.Туркия — 4,49
8.Хитой — 4,48
9.Франция — 4,48
10.Индонезия — 4,48
Марказий Осиё мамлакатлари орасида рейтингга фақат Қозоғистон киритилган. Ушбу давлат 100 та мамлакат орасида 98-ўринни эгаллаб, ўртача 3,9 баллга сазовор бўлган. Умумий рўйхатда паст ўрин қайд этилганига қарамай, миллий ошхонанинг айрим таомлари фойдаланувчилар томонидан юқори баҳоланиб, алоҳида тавсия этилган.
Хусусан, платформа татиб кўришни маслаҳат берган таомлар орасида бутун Марказий Осиёда машҳур бўлган гўштли анъанавий пишириқ — сомса ҳам бор. У 4,0 балл билан баҳоланиб, “хушбўй ҳидли, қарсилдоқ хамирли ва минтақанинг классик таоми” сифатида таърифланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.