Фото: Presidential Press Office/Handout via REUTERS
Туркиялик автоҳаваскорларнинг азалий орзуси рўёбга чиқди: ўтган асрнинг ярмидан бошлаб лицензия бўйича автомобиллар ишлаб чиқарувчи Туркияда илк миллий автомобил модели пайдо бўлди. Ушбу тарихий воқеанинг аҳамиятлилигини ҳисобга олиб, автомобил тақдимотида шахсан президент Ражаб Тоййиб Эрдўған иштирок этди.
Тақдимот 27 декабрда Истанбул яқинидаги Габза туманида бўлиб ўтган. Тақдимотдан сўнг Эрдўған биринчи турк автомобили рулига ўтириб, уни синаб кўрди.
Туркиянинг илк миллий модели ўрта ўлчамли электрокроссовер бўлиб, у TOGG маркаси остида ишлаб чиқарилади. Кейинроқ марканинг седан, хетчбэк, компактвэн ва B-сегментдаги кроссовери ҳам пайдо бўлади. Тадбир давомида седан концепти ҳам намойиш қилинган.
TOGG (Türkiye’nin Otomobili Girişim Grubu, Турк автомобил ташаббускор гуруҳи) маркаси 5 та турк компанияси - Anadolu Grubu, BMC, Kök Grubu, Turkcell ва Zorlu Holding’нинг биргаликдаги ташаббуси ҳисобланади.
Компания раҳбари Рифат Хисаржиклиўғлунинг маълум қилишича, 2021 йилда завод қурилиши якунланади ва унда 2022 йилдан бошлаб 5 та моделдаги автомобиллар ишлаб чиқарилади. Заводнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 175 минг дона машинани ташкил қилади. Компания тўлиқ хусусий ҳисобланади, бироқ ҳукумат уни 2035 йилгача солиқ имтиёзлари, бепул ер ижараси ва 30 минг дона машина сотиб олиш мажбурияти билан қўллаб-қувватлайди.
Завод лойиҳаси 22 млрд турк лирасини (3,7 млрд доллар) ташкил қилади. У ишга туширилгач 2-3 йилдан кейин жаҳон бозорига чиқиши режалаштирилган.
Тақдим қилинган кроссовернинг базавий версияси орқа ўқда жойлаштириладиган 200 от кучига эга электромотор билан жиҳозланади. Моделнинг топ-версиясида худди шундай электромотор олд ўқда ҳам бўлади. Базавий версия 100 км/соат тезликка 7,6 сонияда, топ-версия эса 4,8 сонияда эриша олади.
Таъкидланишича, машина дизайнини яратишда Pininfarina ательеси ёрдам берган ва унда турк миллий анъаналари ҳисобга олинган.
Ҳозирча номи ҳам бўлмаган кроссовер бир қувватланишда 300 км ёки 500 км йўл боса олувчи батареялар билан таклиф қилинади. Таъкидланишича, батареяни 80 фоизга 30 дақиқа ичида қувватлаш мумкин бўлади, унга завод берадиган кафолат 8 йилни ташкил қилади.
Туркиянинг Devrim маркасидаги илк миллий автомобили 1961 йилда яратилган, бироқ серияли ишлаб чиқаришга қўйилмаган. Бунга эса машинанинг 4 та тажрибавий намунасидан бири синов вақтида ўчиб қолгани сабаб бўлган. Ўшанда машина ҳақида пайдо бўлган салбий таассуротлар лойиҳанинг ёпилишига олиб келган. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”