El Pais нашрининг ёзишича, Испания ҳукумати Америка Қўшма Штатларига тегишли кема ва самолётларнинг мамлакатдаги ҳарбий базалари орқали Исроилга қурол олиб ўтишини ман этди.
Мамлакат расмийларига кўра, сўз Рота (Кадис вилояти) ва Морон-де-ла-Фронтера (Севилья вилояти) базалари ҳақида кетмоқда. Янги қарорга биноан, тақиқ нафақат тўғридан-тўғри Исроилга йўл олган кема ва самолётларга, балки бошқа давлатларда оралиқ тўхтовдан сўнг охирги манзили Исроил бўлганларига ҳам тааллуқли.
Шу билан бирга, қироллик ҳозирча АҚШнинг Испанияда тўхтаган ҳарбий самолёт ва кемаларини текширишни амалга оширмайди. Бироқ таҳлилчилар таъкидлашича, Пентагон юк мазмунини ошкор қилмаслиги мумкин. Шундай ҳолатда эса иттифоқчилар ўртасида ишончга путур етиши эҳтимоли борлиги қайд этилмоқда.
Испания охирги пайтларда Ғазо минтақасидаги вазият туфайли Исроилга нисбатан кескинроқ сиёсат олиб бормоқда. Мамлакат ҳукумати аллақачон Исроилга қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатган эди.
Ҳозирги вақтда Испания бош вазири Педро Санчес яна бир қатор қатъий чораларни илгари сурмоқда. Жумладан, қурол етказиб беришга тўлиқ эмбарго жорий қилиш, ҳарбий жиноятларда гумон қилинаётган Исроил амалдорларининг мамлакатга киришини тақиқлаш, ҳарбий ҳамкорликни бекор қилиш ҳамда фаластинликларга инсонпарварлик ёрдамини кенгайтириш таклиф қилинмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!