Энди юртимизда ҳам автомашина рақамларини шахсий исм ёки сўз шаклида расмийлаштириш мумкин бўлади. Бу борадаги имконият Ҳукуматнинг 562-сон қарорида белгилаб қўйилди.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб «Uzavtomotobelgi» давлат унитар корхонасига аҳолининг хоҳиш ва талабидан келиб чиқиб, автомототранспорт воситалари учун олтигача ҳарф ва (ёки) рақамлар комбинациясидан иборат «ноёб» давлат рақами белгиларини аукцион асосида тақдим этиш ҳуқуқи берилди.
Шу тариқа, эндиликда «ноёб» рақамлар очиқ электрон ким ошди савдолари орқали сотувга чиқарилади. Бироқ улар амалдаги рақамлар билан такрорланмаслиги, қонун ҳужжатларига зид ёки жамият ахлоқий меъёрларига хилоф маъно касб этмаслиги шарт қилиб белгиланди.
Яъни, бундан кейин кўчаларда «ELYOR», «ELBEK», «AZIZA», «ODIL» ёки «BUXORO» деб ёзилган шахсийлаштирилган рақамли автомашиналарни учратиш мумкин бўлади.
Мазкур қарор мамлакатда рақам белгиларини янада эркинлаштириш, аҳолининг шахсийлаштириш эҳтиёжини қондириш ва давлат хизматларини замонавий механизмлар асосида йўлга қўйишга хизмат қилиши кутилаяпти.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!