date

Роналду ёш футболчи танловида овоз беришдан бош тортди

Роналду ёш футболчи танловида овоз беришдан бош тортди

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни “Барселона”нинг ёш иқтидори Ламин Ямаль тарихий натижага эришди — у “Kopa Trophy” совринини иккинчи бор қўлга киритди. Бу мукофот ҳар йили “France Football” томонидан “Олтин тўп” маросимида 21 ёшгача бўлган энг яхши футболчига тақдим этилади. Илк марта 2018 йилда жорий этилган ушбу соврин 2024 йилдан бошлаб аёл футболчиларга ҳам берила бошланди.

Бу сафар Ямаль 124 очко тўплаб, рақобатчиларини ортда қолдирди. ПСЖ таркибида Чемпионлар Лигасида зафар қучган Дезире Дуэ 72 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Жоау Невеш ва Эстевао эса мос равишда 23 очкодан тўплаб, учинчи ва тўртинчи поғоналарни банд этишди.

Мукофот ғолиби оддий овоз бериш орқали аниқланмайди. “Олтин тўп” соҳиби бўлган футболчиларнинг ўзи ёш иқтидорларга баҳо бериш ҳуқуқига эга. Улар ҳар бири учта номзодни танлаб, беш, уч ва бир балл қўшади. Бу тизим Лионель Месси ва Криштиану Роналду каби машхур футболчилар учун энг ёрқин ёш истеъдодларни эътироф этиш имконини тақдим этади.

Лионель Месси ўз овозида яна Ямалга ишонч билдирди — унга энг юқори беш баллни берди. Иккинчи ўринга ПСЖ футболчиси Дуэни, учинчи ўринга эса “Ла Масия” тарбияланувчиси Пау Кубарсини қўйди. Эътиборлиси, 2024 йилда ҳам Месси худди шундай танлов қилган, фақат ўшанда Кубарсини иккинчи, “Манчестер Юнайтед” вингери Алехандро Гарначони учинчи ўринга қўйган эди.

Шу билан бирга, Криштиану Роналду бу сафар овоз беришда иштирок этмади. Манбаларга кўра, португалиялик юлдуз билан бир қаторда Англия афсонаси Кевин Киган ва Франция футболи рамзи Мишель Платини ҳам овоз беришдан воз кечишган. Бу қарор Роналдунинг сўнгги йилларда билдирган фикрлари билан уйғун келади. У индивидуал мукофотларга ишончини йўқотганини ва бундай совринларни эндиликда тан олмаслигини очиқ айтган эди.

Шу билан бирга, Роналду ҳам Месси каби келажакда “Kopa Trophy” учун овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган футболчилар рўйхатида қолади.

Маълумот учун, Ламин Ямаль “Олтин тўп” баҳсларида ҳам катта ютуққа эришган — у 1059 очко билан Усмон Дембеледан кейин иккинчи ўринни эгаллади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Роналду ёш футболчи танловида овоз беришдан бош тортди