07:04 / 25.02.2018
5 309

Улуғбек Раҳматуллаев: “Ўзгаришлар ўз вақтида келаётганидан хурсандман”

Улуғбек Раҳматуллаев: “Ўзгаришлар ўз вақтида келаётганидан хурсандман”
Ўзбек эстарада санъатини дунёга танитишни мақсад қилган Улуғбек Раҳматуллаев ижодини кузатган одам ундаги юксак ўсишни ҳис этмай қолмайди. Хонанданинг яна бир ютуғи эса ҳамон оддий ва самимийлигида. Эҳтимол, шу сабабми, у нафақат яхши қўшиқлар ижрочиси, балки юксак фазилатларни ўзида намоён эта олган инсон сифатида ҳам каттаю кичикнинг ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда.

— Қўшиқларингизни эшитган одам улғаяётганингизни сезмай қолмайди. Аввал кўпроқ севги-муҳаббат мавзуларида куйлаган бўлсангиз, эндиликда қўшиқларингизда инсонпарварлик ғояларини акс эттирган глобал мавзулар, юртимиз ҳаёти билан боғлиқ воқеалар акс этмоқда. Ижодингиздаги бу ўзгаришларни ўзингиз қандай таърифлайсиз?
— Ижодкорнинг бирон қўшиғи, қилган меҳнати эътиборга тушса, бу жуда катта бахт. Айниқса, кунига юзлаб қўшиқлар тақдим қилинаётган бугунги шоу-бизнес оламидаги оқимнинг ичида эътиборга тушишнинг ўзи — катта бахт.

Севги-муҳаббат ҳақида ҳозир ҳам қўшиқлар куйлаяпман, аммо кейинги пайтда ҳаётий қўшиқларим кўпроқ дилга яқин бўляптими, қолганларига ўрин бермай, тарозининг палласини босиб кетяпти. Шу пайтда санъатда ўрнимни топишимга сабабчи бўлган устозларимдан бири Иқбол Муҳаммаджоновнинг бундан кўп йиллар олдин айтган гаплари ёдимга тушди. Улар “Вақти-соати билан санъаткор “бўйига чўзадиган” давр келади, яъни уни ҳамма танийди. Лекин бу қўшиқчи кучли бўлди, дегани эмас, уни қаттиқроқ шамол йиқитиб қўйиши мумкин. Бўйига чўзилгандан сўнг санъаткор энига “семиртирадиган”, яъни тарозини босадиган қўшиқлар қилиши зарур. Шу жиҳатларга эътибор беришимиз керак бўлган даврлар келади”, дегандилар.

Эҳтимол, ижодимдаги бу бурилишлар ёшим билан ҳам боғлиқдир, чунки ёш бола эмасман, шу кунларда ўттиз олтига кирдим. Сал кам қирққа яқинлашиб қолдик, ижодда ҳам ёшимизга муносиб бўлишимиз керак. Тўғриси, ўзим ҳам маҳзунроқ, ҳаётий мавзудаги қўшиқларни куйлагим келиб қолгандек, назаримда. Лекин шўх, кайфиятни кўтарадиган қўшиқлар ҳам керак. Айниқса, тўйлар, концертларни уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бироқ ўзимда ҳаётдаги саволларга жавоб бера оладиган қўшиқлар куйлашга мойиллик кўпроқдек… Бу ўзгаришлар вақт билан, ёш билан ва тушунчаларим ҳам олдингидан ўзгаргани билан боғлиқ. Энг кераклиги, бу ўзгаришлар ўз вақтида келаётганидан хурсандман.

— Бугун жамиятимизда инсонларнинг ўзаро муносабатлари билан бирга воқеа-ҳодисаларга муносабатлари ҳам ўзгарди. Сиз атрофингизда рўй бераётган ҳодисаларга қандай муносабат билдирасиз? Бу борада ўзингизни фаолман, деб айта оласизми?
— Бўлаётган ўзгаришлар, айниқса, санъат соҳасида сезиларли бўлди. Президентимизнинг фармонлари, қонунлар, халқимизга имкониятларнинг кенгайиши натижасида кўп нарсаларга эришдик. Шахсан ўзимнинг ҳам санъаткор сифатида орзу қилган, аммо эриша олмаётган ишларим бор эди. Уларни амалга оширгим келарди, лекин қўлим калталик қиларди. Ўтган йили мана шу орзуларим амалга ошиб, жуда кўплаб қўшни давлатлар бўйлаб концерт гастроллари уюштирдим.

Бугунги кунда юртимизда бўлаётган барча янгиликлар шаффоф тарзда одамларга тақдим этилмоқда. Жамиятдаги яхши ўзгаришлар, муҳими, улардан инсонларнинг хурсандлиги одамни қувонтиради. Олдин ўн йилда етиб боришимиз керак бўлган мақсадимизга бугунги кунда жуда қисқа муддатга етиш имкони борлиги шу жараёнларда ўз аксини топди. Ўйлайманки, бу соҳада мен ҳам фаолман. Ҳамма нарсадан бохабарман, бугунги кун янгиликлари билан боғлиқ видеороликларни тарқатишда кўмаклашишга ўзим ҳам ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.

Фаол бўлишнинг ўзимизга ижобий томонлари борлигини ҳаётда кўриб турибмиз, одамлар ҳаракат қилса, нимагадир эра олишини билишяпти, бу ёлғон эмас. Чунки қилаётган ишимизнинг натижаси сезиляпти, илойим, юртимиздаги мана шу жараёнларга кўз тегмасин. Бу борада давлатимиз раҳбариятини оиламиз билан доим қўллаб-қувватлаймиз.

— Кейинги пайтда “Гўдак ноласи” деб номланган қўшиғингиз ўз таъсирчанлиги билан ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Бу қўшиқнинг ёзилиш тарихи қандай бўлди?
— Ҳар йили пойтахтимиздаги муҳташам “Истиқол” санъат саройида концерт бериш насиб қилишининг ўзи — бахт. Мен концертда мухлислар билан дийдорлашиб, чиройли суҳбат қилишдан, уларга завқ улашишдан ташқари, шу баҳона томошабинларга бир маълумот етказгим келади. Айнан шу “Гўдак ноласи” қўшиғини тақдим этишдан асл мақсад ҳам одамларга бор нарсаларининг қадрига етишни яна бир бор эслатиш эди. Инсон ўз ҳаётида ақлан ҳис қилиб, ўзига сингдириб, шукур қилишни ўрганса, муаммолари қолмас экан. Чунки келаётган муаммоларга нисбатан ҳам хурсандчилик билан қарайдиган бўлиб қоларкансиз. Биз ўрганишимиз керак бўлган муҳим нарса бу — шукур қилиш экан.

Шу тушунчаларни одамларга етказиш мақсадида бир неча йиллардан бери тинчлик, ватанга, оилага, ота-онага бўлган меҳр-муҳаббат ҳақида қўшиқлар ёзиб, мухлисларга етказгимиз келади. 2017 йилги концертда ҳам шунақа мавзуда қўшиқ қидириб, тўғриси, бошида топа олмадик. Шунда устоз бастакор Иқбол Муҳаммаджонов, “Улуғбек, сиз бу ҳақда ўйламанг, сизга бир совғам бор, қўшиқ тайёрлаяпман”, дедилар. Қўшиқни концертдан ўн кунча олдин офисимизда жонли ижрода, пианино чалиб айтиб берганларида, худди мухлислар уни илк бор эшитганида қандай таъсирланишган бўлса, шундай ҳолатга тушдим. Ва бу қўшиқни айтмасам, хато қилган бўламан, деган қарорга келдим. Аммо қўшиқни студияда ёзишга жуда қийналдим, боланинг ноласи ифода этилган ҳар бир мисрани айтаётганда, кўзимга ёш келди. Лекин концерт дастуримда мухлислар қалбига ёққан учта қўшиқниг энг биринчиси шу бўлди. Ваҳоланки, бу тарона дастурга энг охири киритилганди. Одамлар уни кўзда ёш билан тинглашди.

“Гўдак ноласи”ни икки ойга яқин вақт орасида интернет тармоғида клипсиз ҳолда икки миллиондан кўп одам тинглади, бундан жуда қувондим. Шу қўшиқни айнан менга тақдим этганлари учун Иқбол акага, таронага мусиқий сайқал берган Жасур Бадалбоевга, шу қўшиқнинг ёзилишида ҳисса қўшган барча ижодкорларга раҳмат деб қоламан.

“Бугунги кунда яхши қўшиқни ҳам шунчаки тақдим қилиш қийин, унга, албатта, клип олишингиз керак, у ҳақида маълумотлар бериб, пиар қилишингиз керак… Яхши қўшиқнинг яхшилигини бугунги кунда ҳаракат қилиб билдирмасангиз, қолиб кетади. Мен учун ҳам қўшиқни бир эшитишда танитиш орзу эди. Бу борада устоз санъаткорларга ҳавас қилардим. Кейинги йилларда куйлаган “Жаннатларга етиб бордим”, “Гўдак ноласи” каби қўшиқларим шу даражадаги тароналардан бўлди”.

— Сизни ўтган йили қўшиқлари хорижий тилларда энг кўп куйланган хонанда сифатида ҳам эътироф этишди. Энди ўзингиз ҳам бирон хорижий тилда қўшиқ куйлашни ўйламаяпсизми?
— Репертуаримда хорижликлар томонидан энг кўп куйланган қўшиқ “Қирмизи олма” бўлди. Бу қўшиқни икки юздан ортиқ машҳур ва машҳур бўлмаган чет эл санъаткорлари куйлашди. Бундан жуда хурсандман. Чунки қўшиқларимизни чет элларда куйлашларини ижодимизнинг илк давриданоқ орзу қилганмиз. Мен хурсанд қилган яна бир жиҳати, қўшиқлар оммага тақдим этилгач, уларнинг асл варианти, унинг ижрочиси кимлиги, қайси мамлакатданлиги ҳақида ўша давлатларнинг маҳаллий телевидениеларида кўрсатувлар қилишганини билдим.

Бу йил, худо хоҳласа, ўзга тилларда ҳам қўшиқлар куйлаб, санъатимизни хорижда янада кенг тақдим этиш ниятим бор. Шу ўринда бир сирни очаман, чет эллик машҳур бир бастакор билан ижодий ҳамкорликни бошладик ва биринчи қўшиғимизни ёздик. Худо хоҳласа, тарона тез орада тақдим этилади.

— 2017 йилги концертингизда ҳамманинг эътиборини тортган яна бир қўшиқ — “Қизалоғим” бўлди. Бу қўшиқнинг сабабчиси ва ижодкорлари кимлар?
— “Қизалоғим” — қалбимга яқин тарона. Уч фарзандимдан бири қиз, уни жуда яхши кўраман. Ўтган йили ўғлимга атаб қўшиқ куйласам, қизим озгина хафа бўлди. Унга берган ваъдамга мувофиқ, шу таронани ёздик. Қўшиқ шеъри ва мусиқаси бугунги кунда ижодий гуруҳимда фаолият олиб борадиган, “Соғиниб тонглар отгунча” “I love you”, “Кабутарлар” каби хит қўшиқларим муаллифи Алишер Тайрга тегишли. Ушбу қўшиққа бир қизнинг кичкиналигидан катта бўлиб, бошқа бир оилага келин бўлиб тушгунча бўлган ҳолати асосида саҳна кўриниши ҳам ишладик. Таронани саҳна кўриниши билан берганимиз қўшиққа бошқача жон киритди, оила аъзоларимизга ҳам, барча томошабинларга ҳам ёқди.

Буни кузатиб, қўшиққа клип сурат олишимиз кераклигини тушундим. Чунки ҳаётда фарзанди қиз бўлса ёки қизлари кўпроқ бўлса, хафа бўладиган, қиз болани авайлашни билмайдиган одамлар ҳам бор. Бу қарашлар нотўғрилигини ана шу клип орқали етказиб беришни ният қилдик. Клип ғоясини ўзим бердим, Жамшид Ҳожиниёзов унга сценарий ёзишга ёрдам берди. Дўстим Ёдгор Носировга мурожаат этиб, ушбу клипда ўзим ҳам роль ўйнадим. Фақат клипда ўзимни эллик ёшга қаритдик.

Ўзимни кекса киши образида кўришни орзу қилардим, орзуимга шу клипда эришдим. Қўшиқ клипи таъсирли, ҳаётий, энг муҳими, шу қиз катта бўлиб бировнинг уйига келин бўлганида, унинг қай даражада катта бўлганини яна бир бор кўрсатиб берадиган, яъни эҳтиёт қилишга ундайдиган ижод намунаси бўлади, деб ўйлайман. Орзуим — шу. Чунки баъзан бировнинг қадрига етмаймиз ва қизларимизни қандай парвариш қилишганини унутиб қўямиз. Қўшиғимиз клипи орқали одамларни ўнта бўлса ҳам, қиз фарзандларимизнинг борига шукур қилиб яшашга ундай олсак, қизларимизнинг қадрини кўтарсак, мақсадимизга етган бўламиз.

Клипни суратга олиш осон бўлмади, шу жараёнда актёрларга осон эмаслигини билдим. Чунки грим таъсирида юзимга икки кун ичида майда тошма тошиб, муаммолар келиб чиқди. Лекин бу тўсиқларга қарамай, клипни тасвирга олдик.

— Фарзандларингиз улғайишмоқда. Рафиқангизга уларнинг тарбиясида нималарга эътиборлироқ бўлишни маслаҳат берасиз?
— Фарзандлар оилада кимдандир сал ҳайиқиб, хижолат бўлиб тургани маъқул экан. Худога шукур, ота сифатида шу даражага ҳам етиб келдим. Катта ўғлим — Файзуллоҳ, қизим — Иймона, кичик ўғлим — Муҳаммадюсуфни биринчи навбатда ота-онам, рафиқам билан бирга тарбиялаб вояга етказяпмиз. Худога шукур, болаларим меҳрибон. Рафиқамга уларнинг озодалиги, дарси илм олиши учун бефарқ бўлмаслигини, ҳеч нимага осон эришиб бўлмаслигини тушунтиришини эслатаман. Улар нимадир хоҳлаяптими, кийимини тахлаб қўйсин, расм чизиб берсин, шеър ёдлаб берсин ёки хонасини йиғиштириб қўйсин, дейман. Билмадим, балки ўта талабчандирман, аммо турмуш ўртоғим “Сиз яхши отасиз”, дейди. Фаарзандларим келажакда юзимизни ёруғ қиладиган инсонлар бўлишса, энг катта бахтим шу. Бугунги кундаги интилишим, ҳаракатларим улар ва оилам учун.

— Уларга қай даражада вақт ажрата оласиз?
— Бошқаларга ўхшаб “Болаларимга кўп вақт ажратаман”, десам, нотўғри бўлади, чунки санъаткорман, бунга доим ҳам имконим бўлмайди. Аммо баъзан иш билан юрган бўлсам ҳам, уларни бирга олиб юриб, кўпроқ мулоқот қилишга ҳаракат қиламан. Оилавий анъанамиз бор — маълум бир вақтда барчамиз бирга айланишга, тушлик қилишга чиқиб турамиз.

Ўзимиз боболаримиз, бувиларимизнинг суҳбатларига тўймаганмиз, улар жуда кичкиналигимизда ўтиб кетишган. Болаларим ота-онамнинг тарбиясини олаётганига шукурлар қиламан. Тўйларда ҳам набираларига дуо бераётган бувиларни кўрсам, кўзимга ёш олиб, “Илоҳим, менинг фарзанларимга ҳам мана шу бахт насиб этсин”, дейман.

“Мен доим хурсандманки, ота-онамиз биз — фарзандларининг орзу-истаклари билан ҳисоблашган ота-она. Кўп оилаларда бунинг акси бўлса ҳам, катталарга қарши чиқишга ўзбекона тарбиямиз йўл қўймайди. Аммо менинг ота-онам бизнинг орзуларимизни доим қўллаб-қуввалашган, тўхтаб қолмаслигимиз учун ундаб туришган. Улар менинг биринчи мухлисларим, айниқса, отам ижодим учун кўп жон куйдирганлар. Шу кунларга эришишимда уларнинг меҳнати, ҳиссаси катта. Бунинг учун улардан жуда миннатдорман!”

— Ўзингизни телебошловчиликда ҳам синаб кўрдингиз, аммо бу фаолият узоққа бормади…
— Тўғриси, бу ҳолатни “синов” дейишни хоҳламасдим, чунки бирон кўрсатувни топширишса, уни бемалол олиб бора олишимга кўзим етарди. Фақат бу фаолият мени асосий ишимдан чалғитиб қўяди. Тўғри, баъзи каналларга йўқ дея олмай, кўрсатувларида бошловчилик қидим. Лекин ўшанда ҳам бунга вақтинчалик иш деб қарашларини, бу фаолиятни узоқ вақт давом эттира олмаслигимни айтганман. Агар мавзуси ҳеч кимда йўқ, моҳияти яхшиликка чорловчи ва бировга кетиб қолишидан ўзим қизғанадиган даражадаги кўрсатув бўлса, бошловчилик қила оламан. Лекин бугунги кунда мени ўзига жалб қиладиган ва ўзимни бошловчи сифатида кўрадиган кўрсатув йўқ. Бу билан кўрсатувлар ёмон демоқчи эмасман, уларга ўзим тўғри келмайман.

— Мухлислардан қандай эътирофлар ва эътирозлар эшитасиз?
— Бугунги кунда “инстаграм” ижтимоий тармоғида бир миллионга яқин мухлисга эгаман. Улар баъзан “Саволларимга жавоб бермайсиз”, деб эътироз билдириб қолишади. Буни атай қилмайман, чунки ҳамма таклиф ва хабарларни ўқиб чиқаман, аммо уларнинг барчасига жавоб ёзишга доим ҳам имконим бўлмай қолади. Бунақа пайтда ўзимдан ҳам хафа бўламан. Вақтларини аямай, ўз фикрларини билдираётган мухлислардан узр сўрайман, келгусида уларнинг барча саволларига жавоб беришнинг имконини топишга ҳаракат қиламан.

Раҳмат айтадиган, миннатдор бўлган мухлисларимиз ҳам кўп, улар миннатдор бўлиб, дуо қилишяптими, демак, қўшиқларимиз билан кимгадир керакмиз, бундан албатта хурсандман. Барча мухлисларимиз соғ бўлишсин!

“Бугунги кунда телефон шу даражада бизнинг энг яқин дўстимизга айланиб қоляптики, у кичик телевизор вазифасини ҳам бажара оляпти. Унда бемалол истаган кўрсатувингизни кўра оласиз. Аммо биз — санъаткорларда вақт анча муаммо. Тўғриси, телевизор кўришга имкониятим, вақтим бўлса, мен кўпроқ кино кўрган бўлардим. Чунки кинони яхши кўраман. Агар телевизорда яхши кино берилаётган бўлса ёки яхши мусиқа бўлса, ТВ томоша қиламан. Янгиликлар, маълумотларни эса интернетдан оламан”.

— Яхши нотиқсиз, бунга сабаб бўлган омиллар кўп китоб ўқиганингизми ёки бошқа бирон сабаби борми?
— “Жуда кўп китоб ўқиганман” десам, ёлғон бўлиб қолмасин. Лекин китоблар ҳам ўқиб тураман, афоризмлар, ҳаётий мақолларни кўп ўқийман. Кам қўлланиладиган ибораларни, сўзларни ёдлашга ҳаракат қиламан. Шунда фикрингизни осон тушунтира оласиз. Нутқим яхшилигига кўп кино кўришим ҳам сабаб бўлса керак, чунки кино ҳам бир китоб. Сценарий ҳам китоб асосида ёзилади, у ҳам инсонга кўп маълумот беради. Олим, комил, ёши катта инсонлар билан кўп суҳбатлашишни яхши кўраман. Улардан ҳам кўп нарса ўрганганман. Бундан ташқари, нутқ равонлиги менга онамдан ўтган бўлса керак. Уларда устозлик иқтидори бўлган, болалигимдан улар менга кўп нарсаларни ўргатганлар, биринчи устозим онам, деб биламан.

— Келгусида қандай лойиҳалар, режалар қилиш ниятингиз бор?
— 2018 йил жуда яхши бошланди, янги ижод намуналаримиз тез кунда тақдим этилади. Яқинда 2017 йилги концертимнинг DVD кўринишдаги альбоми тақдим этилади. Бу тақдимот учун уч ой давомида монтаж ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, кўп қўшни давлатларга гастроль сафарлари уюштирамиз, шу билан бирга қўшни давлатлар билан ҳамкорликдаги ишларни бошлаганмиз, уларни амалга ошириш ниятидамиз. Ниятларимиз кўп, энг кераклиги, соғлик-саломатликда, юртимизга хизмат қилиб чарчамайлик!
Муҳаббат ШАРИФОВА суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Улуғбек Раҳматуллаев: “Ўзгаришлар ўз вақтида келаётганидан хурсандман”