Камару Усмон энг кўп танқид қилинадиган UFC чемпионларидан бири ҳисобланади. У 2013 йилдан бери бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган, ярим ўрта вазн тоифасидаги чемпионлик камарини беш марта ҳимоя қилган ва бу борада Жорж Сен-Пьердан ҳам ўзиб кетган (Жорж дивизионда 13 марта ғалаба қозонган бўлса, Камаруда бу кўрсаткич 15 тани ташкил қилади). Усмон ўз даврининг юлдуз жангчилари Демиан Майя, Тайрон Вудли, Гильберт Бёрнс, Колби Ковингтон ва Хорхе Масвидални ер тишлатган (сўнгги иккисини икки мартадан).
Усмоннинг Масвидалга қарши реванш жанги олдидан уни томошабинлар ҳуштакбозлик билан кутиб олди — улар Усмоннинг жангларини томошабоб деб ҳисобламас ва унинг кураш тушишга бўлган муҳаббатини қиммат «уйқу дориси» деб атайди.
Фото: Reuters
Бироқ ўша сафар Камару барчани ҳайратда қолдирди: у нафақат Масвидални нокаутга учратди (Хорхе охирги марта 2008 йилда нокаутга учраган), балки биринчи марта отасини октагонга олиб чиқди ва унга чемпионлик камарини тутқазди. Муҳаммад Усмон (Камарунинг отаси) учун бу катта воқеа: у Америка қамоқхонасида 10 йилдан ортиқ «ўтириб чиққан» ва фақат 2020 йилнинг февралида озодликка чиққан, Камару уни айбсиз деб билади.
Катта Усмон ўғлининг жангларини телевизорда кўрган, ҳозир эса унга томошабинлар орасидан мухлислик қилади. Бу оила учун ниҳоятда таъсирли воқеа...
Усмоннинг отаси катта оилани Нигериядан АҚШга олиб келган. У дастлаб муваффақиятга эришади, аммо Камару 23 ёшдалигида фирибгарлик учун қамалиб кетади
Муҳаммад Усмон Нигериядан АҚШга 1998 йилда, Камару икки ёшда бўлганида кўчиб ўтган. У дастлаб Нигерия, кейинчалик АҚШ армиясида хизмат қилади, шу билан бирга фармацевтика соҳаси бўйича ҳам таҳсил олади. Муҳаммад ватанига диплом билан қайтишни режалаштирганди, бироқ вақт ўтгач, АҚШда қолиб, оиласини ҳам шу ерга кўчиришни истаётганини тушуниб етади (бу пайтга келиб, унинг уч нафар ўғли бор эди).
Муҳаммад ўзини бизнесга уради ва тезда ишлари юришиб кетади. Аммо оиласини кўчириш учун унга олти йил керак бўлади: 1989 йилдан 1995 йилгача у бирор марта ҳам Нигерияга бормайди. Муҳаммад қариндошлари билан телефон орқали гаплашар ва АҚШда бўлган ватандошлари орқали хатлар жўнатиб турарди. Кўпинча у уйига конвертда пул жўнатар ва совғаларни ҳам почта орқали юборарди.
«Муҳаммад болаларга видео ўйин юборганида улар унинг нималигини сўраганди. Бизда электр йўқ эди, уларга: ‘Дадангиз Америкага борганингизда ўйнайсизлар деб ўйинчоқ юборибди’, дедим. Биз уни улаш учун нақ икки ҳафта кутишимизга тўғри келди, ўшанда болалар биринчи марта экранда сакраб турган кичик тасвирни кўрганди. Улар бундан жуда ҳаяжонланиб кетганди», — дея ёдга олганди Камарунинг онаси Афишету.
Фото: Reuters
Оила кўчиб ўтгандан сўнг болалар Америка мактабига боради, айнан ўша ерда Камару курашга қизиқиб қолади. Бироқ ота-онаси уни қўллаб-қувватламайди: улар мусобақаларга бормас ва ўғлининг жароҳат орттириб олишидан хавотирланарди. Ҳар сафар Камару онасига кураш ҳақида гапирмоқчи бўлса, шундай жавоб оларди: «У ерда бошқа болалар билан жанжаллашасанми? Бизни ҳар куни мактабга чақиришларини хоҳлайсанми?». Афишету ўғилларининг безори бўлиб кетишидан ва турмуш ўртоғининг уринишлари бесамар кетишидан қўрқарди.
Аммо Камару курашда муваффақиятга эриша бошлайди: дастлаб ўрта мактаб даражасида (рекорд 53-3), кейин эса Небраска университетида, Камару у ерга айнан спортдаги ютуқлари туфайли қабул қилинганди. Катта Усмон ўғлининг кураш мусобақаларини уч марта кўрган, холос. Охиргиси 2009 йилда Ҳюстон иккинчи дивизионида, Камару унда биринчи ўринни эгаллайди. Ўша йилнинг ёзида Муҳаммад ҳибсга олинади, 2010 йилнинг май ойида эса 15 йиллик қамоқ ва 1,3 миллион долларлик жаримага ҳукм қилинади.
У оиласининг кўз ўнгида ҳибсга олинади: махсус кучлар Усмонларнинг уйига бостириб кириб, эшикни очган Муҳаммаднинг 20 ёшли ўғлини итариб юборади. Ўша пайтда Камару 23 ёшда эди.
Катта Усмон соғлиқни сақлаш соҳасида фирибгарликда айбланади, аммо Камару отасининг айбсиз эканлигига ишонади
Катта Усмоннинг жинояти маиший ўғрилик эмасди — у таълим олган ва бизнес билан муваффақиятли шуғулланадиган одам эди. Муҳаммад шошилинч тиббий ёрдам кўрсатадиган (жумладан, оғир беморларни ташишга мўлжалланган) иккита компанияга эгалик қиларди: Royal Ambulance (2003 йилда ташкил этилган) ва First Choice EMC (2005 йил). У бизнесни менежерлар жамоаси ёрдамида бошқарарди. Камарунинг сўзларига кўра, айнан улар отасининг «тагига сув қуйган».
Фото: Reuters
«У Далласда катта бизнесга эгалик қиларди, бу тиббий ёрдам кўрсатадиган компанияга ўхшаш нарса эди. Лекин ўз бизнесини йўлга қўйиб, бойиб кетган муваффақиятли мигрантлар одамларга ёқавермайди. Отам бизнес бўйича мутахассис бўлмагани учун компанияга одамларни ёллашда хатога йўл қўйган. Ходимлар ўз айбига иқрор бўлса-да, суд қонунни билмаслик, жавобгарликдан озод қилмаслигини айтиб, ҳамма айбни унга ағдарди, натижада отам 15 йил олди», — деганди Усмон Жо Роган билан бўлган суҳбатда.
Катта Усмон соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб фирибгарлик ҳаракатларида ва давлатдан пул олган сохта компания яратишда (суғурта тўловлари учун ҳам сохта ведомостлар тузган) айбланган. Федераллар ҳужжатларни ўрганаётганда шубҳали нарсаларни пайқайди, аммо беморлар билан суҳбатдан сўнг ҳамма нарса аниқ бўлади. Муҳаммадга айбини тан олиш таклиф қилинади. Гарчи жазо муддати қисқариши мумкин бўлса-да (беш йилгача), у буни рад этади.
«Тан оладиган ҳеч нарса йўқ ва ҳеч қандай нотўғри иш қилмаганман, нега келишувга рози бўлишим керак?», — деганди ўшанда катта Усмон.
Бу оила учун мураккаб даврлар эди, чунки расмийлар Муҳаммаднинг барча банк ҳисобларини музлатиб қўйди. Кейин Камару спорт фаолиятини бошлашга қарор қилади ва отасидан розилик олиш учун қамоққа келади:
«У олдимга келди ва жангчи бўлишни хоҳлаётганини айтди. Телефонидаги машғулотлари видеосини ойнадан кўрсатди. Ўғлимга унинг бундай иш билан шуғулланишини хоҳламаганимни айтдим, лекин барибир унга розилик бердим».
Муҳаммад Усмон ўғлининг жангларини камерадошлари билан телевизорда томоша қиларди. Айнан шунинг учун Камару телевизорда кўрсатилмайдиган мусобақаларда жанг қилишдан бош тортган
Мураккаб стартдан сўнг (биттадан ғалаба ва мағлубият) Усмоннинг карьераси фақат яхши томонга қараб ривожланди. У 2012 йилда MMA’да дебют қилди, 2015- йилда The Ultimate Fighter реалити-шоусида ғолиб чиқди ва UFC билан шартнома имзолади, 2019 йилнинг март ойига келиб эса промоушен чемпиони бўлди. Усмон ташкилотдаги деярли барча жангларни пуллик PPV тизимида эмас, балки телевизорда намойиш этиладиган мусобақаларда ўтказди. У буни отаси учун қилади: Камару жангларини отаси кўришини хоҳлаган.
Фото: Reuters
Отасининг жангларни қандай кўриши ҳақидаги савол 2015- йилда, TUF’даги дебютидан олдин пайдо бўлганди. Ўшанда Камару қамоқхонада олтита телевизор ўрнатилган хонани кўради ва фақат телевизорда кўрсатиладиган турнирларда жанг қилишга қарор қилади. Ўз навбатида UFC раҳбарияти ҳам унга ён босади — Камару чемпионлик жангларидан ташқари барча баҳсларни ТВда олиб берилган мусобақада ўтказади.
Камару қамоқхонада ўғлининг ғалаба қозонишини кўриш отаси учун қанчалик муҳимлигини яхши тушунарди:
«Бундай жойда ўзингизни осонгина рад этилган, кераксиз ҳис қилишингиз мумкин, гўё сизни ҳеч ким кутмаётгандек. У ерда ҳамма бокс билан шуғулланганини ёки қариндошларидан кимдир боксчи бўлгани ҳақида гапиради. Аммо отамга ёрдам бера олганимдан ва унинг ўғли кимлигини ҳаммага кўрсата олганимдан фахрланардим», — деганди Камару ESPN телеканалига берган интервьюсида.
Усмоннинг гапи тўғри чиқди — унинг жангларини бутун қамоқхона томоша қиларди, отаси эса маҳбуслар орасида яхшигина машҳурликка эришади. Маҳбусларнинг ҳаёти Камарунинг жанглари атрофида қуриларди — ҳамма жангларни муҳокама қилар, навбатдагиларига эса тахминлар билдирарди. Ҳатто маъмурият ҳам уларга ён беради: маҳбусларга шовқин кўтариш ва кечгача телевизор кўришга рухсат берилади.
«Очиғини айтаман, биз бу жанглардан бошқа нарсани кутмасдик. Бу барча маҳбуслар, оқ танлилар, қора танлилар, мексикаликлар йиғиладиган ва уларнинг барчаси томошадан завқланадиган жой бўлган. Ҳамма бир-бири билан мулоқот қила оладиган вақт эди, ўша пайтда биз қаерда эканимизни, нималарни бошдан кечираётганимизни унутардик. Жангдан кейин ҳам бир неча ҳафталаб унинг тафсилотларини муҳокама қилардик. Камарунинг жанглари туфайли қамоқхонадаги вақт тезроқ ўтарди», — дея эсга олганди Усмоннинг отасининг камерадоши Ди Рей.
Катта Усмон ўғлининг Тайрон Вудли ва Колби Ковингтонга қарши чемпионлик жангларини кўра олмайди, бу жанглар фақат PPV’да кўрсатилган (UFC’нинг позициясига кўра). Аммо 2020 йил февраль ойида, ўн йиллик қамоқдан сўнг Муҳаммад муддатидан олдин озод қилинади. У ўғли билан бирга Масвидалга қарши биринчи жангга бормоқчи бўлади, бироқ коронавирус пандемияси туфайли UFC турнирни Лас-Вегасдан БААга кўчиришга мажбур бўлганди. Муҳаммад ўғлининг жангини яна телевизорда томоша қилади, бироқ бу сафар озодликда.
Фото: Reuters
Масвидал билан реванш жангида Усмон барчани ҳайратда қолдирди: у зерикарли жангчи эмаслигини ва рақибларини нокаутга учрата олиши мумкинлигини исботлайди. Гарчи бунгача Гильберт Бёрнсни нокаутга учратиб, Колби Ковингтоннинг жағини синдирган бўлса-да, бу сафарги ғалаба ўзгача эди. Аммо Камару учун асосий мукофот отасини бахтли кўргани бўлди: жанг якунида ғолиб номи эълон қилинганидан кейин Камару унга чемпионлик камарини тақиб қўйди. Муҳаммад эса кўз ёшларини ушлаб тура олмайди, кўринишидан у сайёрадаги энг бахтли отага ўхшарди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар