Фото: Getty Images
Уч ой муқаддам Россиянинг Украинага босқини бошланганди. Владимир Путин қисқа махсус амалиёт сифатида эълон қилган ва Кремль тезда Киевнинг олиши билан якунлашни режалаштирган ҳарбий ҳаракатлар узоқ давом этувчи ва позицион урушга айланиб кетди. BBC рус хизмати ҳарбий ҳаракатлар ва ишғолнинг 90 кунлигидаги асосий воқеаларни эслади.
Мариуполнинг яксон этилиши
Фото: Getty Images
1941 йилда немис қисмлари, 1943 йилда эса советларнинг Жанубий фронти Мариуполни бир неча кун ичида эгаллаб олишганди. Азов денгизи бўйида ястанган ушбу шаҳарни мудофаа қилиш қийин деб ҳисобланарди. Аммо 2022 йилда маълум бўлдики, бу имкони бўлган иш.
Украина ҳарбийлари бир ой давомида рақибни Мариуполдан ташқарида тутиб туришди - Россия ҳарбий бўлинмалари шаҳарга фақат 24 мартга келиб кира бошлашди. Украина ҳарбий денгиз пиёдалари ва «Азов» полки томонидан мудофаа қилинган «Азовстал» эса икки ойдан ошиқ вақт давомида қамалга бардош берди.
Мариуполда «Азовстал» қамали Россия армиясининг катта миқдордаги кучларини банд қилди, бу қисмлар Донбасснинг бошқа ҳудудларидаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилиши ўрнига шаҳар кўчаларидаги оғир жангларда қатнашишга мажбур бўлди.
Ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган маҳалда мариуполликлар ўз яқинларини уйлар ҳовлисига кўмишга мажбур бўлишган
Қамал давомида Россия армияси амалда Мариуполни яксон этди, авиация шаҳарни бомбардимон қилди, бомба ташланган бинолар орасида туғуруқхона ҳамда Мариупол рамзларидан бири бўлган, юзлаб тинч аҳоли вакиллари яширинган драматик театр биноси ҳам бор эди. Москва бундай объектларга ҳужумни ҳар сафар бу бинолар «Азов» полки базасига айлантирилганини айтиш билан оқлашга ҳаракат қилди.
Ўн минглаб шаҳарликларни иш билан таъминлаб келган иккита йирик корхона - «Азовстал» ва Ильич номидаги завод ҳам вайрон қилинди.
«Азовстал» ҳимоячилари фақат май ойи ўрталарига келиб ўз позицияларини топшириш ва таслим бўлишга рози бўлишди. 16 май куни кечқурун Украина Бош штаби «Мариупол гарнизони ўз олдига қўйилган вазифани адо этганини, олий қўмондонлик томонидан «Азовстал»даги бўлинмалар командирларига шахсий таркиб ҳаётини сақлаб қолиш бўйича буйруқ берилгани»ни маълум қилди. Украина раҳбарияти «Азовстал» мудофаасида қатнашган ўз ҳарбийларини россиялик ҳарбий асирларга алмашишни мўлжаллаган.
Бу икки заводни (шаҳардаги турар жой биноларининг 20 фоизини ҳам) тиклашнинг имкони йўқ. Украина ҳукумати баҳоларига кўра, Мариуполни тиклаш камида 10 млрд долларга тушади.
Мариупол мудофаасида қатнашган «Азов» полки жангчилари тақдири қандай кечиши номаълум - улар асирликдаги россиялик ҳарбийларга алмаштирилиши ёки Россияда суд қилиниши мумкин. Россия бош прокуратураси 17 май куни «Азов»ни террорчи ташкилот сифатида тан олишни сўраганди. РФ олий суди бу мурожаатни 26 май куни кўриб чиқиши керак.
Бошқа вайронгарчиликлар
Мариупол қамали ва деярли тўла яксон этилиши урушнинг илк уч ойида ОАВдаги асосий мавзу бўлди. Аммо бу давр мобайнида Украинанинг бошқа кўплаб шаҳарлари ҳам жиддий жабр кўрди.
Россия қўшинларининг Мариуполга юриши йўлида Волноваха шаҳри деярли ер юзидан супуриб ташланди. «Волноваха шаҳар сифатида ортиқ мавжуд эмас», деганди Донецк области ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко.
Волноваха жанглардан кейин. Фото: Getty Images
Бир ой давом этган қамалдан кейин Луганск областидаги Попасная шаҳрининг ҳам кули кўкка совурилди. Северодонецк ва Лисичанск шаҳарлари қамали оқибатлари қандай якунланишини тахмин қилиш қийин: урушга қадар бу агломерация аҳолиси 340 минг кишидан ошарди.
Икки ой давомида ўққа тутилган Харковда қарийб икки минг уй вайрон қилинган ва фақат апрел ойи охирига келиб украин кучлари фронт чизиғини шаҳардан узоқлаштиришга муваффақ бўлишди.
«Шаҳарда вайронгарчилик кўлами улкан, бу нафақат турар жойлар, кўп қаватли уйлар - балки шифохоналар, мактаблар, жамоат бинолари, трансформатор подстанциялари, сув қувурлари, қозонхоналар ҳам», деган шаҳар мэри Игор Терехов.
Харковда тинч аҳоли вакиллари метрода жон сақлади - болалари ва уй жониворлари билан биргаликда.
Чернигов шаҳри раҳбари Владислав Атрошенко россияликлар шаҳардан чекинишидан кейин вайронгарчиликлар кўламини 70 фоизга баҳолаганди. Киев областидаги Ирпен шаҳрида биноларнинг 71 фоизи, Гостомелда - 58 фоизи шикастланган.
Буча
Россия ҳарбийлари чекингач, Буча кўчаларида аниқланган тинч аҳоли вакиллари жасадлари. Фото: AFP
36 минг киши яшаган, Киевнинг йўлдош шаҳарчаси бўлган Буча Россиянинг Украинага босқинидан олдин Киевнинг ўрта синф вакиллари учун престиж жой ҳисобланарди. Ҳозирда Буча - Россиянинг Украинага қарши урушдаги энг даҳшатли ҳарбий жиноятлари синонимига айланган.
Март ойи бошида Буча Россия ҳарбийларининг Киевга ҳужумини ривожлантириш учун муҳим стратегик нуқтага айланиб қолди - бу ердан Украина пойтахти марказига қадар масофа 30 километрни ташкил этади. Шаҳарда жанглар 24 феврал куниёқ бошланган, шаҳар март ойи бошидан Россия ҳарбийлари ишғолида қолган.
Киевни ўраб олишга бўлган уринишлар муваффақиятсизликка учрагач, март ойи охирида Россия армиясининг Киев йўналишидаги юришлари тўхтатилди.
Бучада оммавий қабрларга кўмилганларни эксгумация қилиш жараёни, 14 апрел. Фото: Getty Images
Апрел ойи бошларида шаҳар кўчаларида, ҳовлиларда, биродарлик қабрларидаги тинч аҳоли вакилларининг жасадлари акс этган фото ва видеолар пайдо бўлди. Россия нашрлари барча съёмкаларни фейк деб аташга шошилди, кейин кўчаларда аслида жасадлар эмас, актёрлар ётганига ишонтирмоқчи бўлишди, охирида эса тинч аҳоли вакиллари ўлдирилишида украинларнинг ўзини айблай бошлашди.
Россияликларнинг «версиялари»дан бирортаси амалда тасдиғини топмади. Лекин тинч аҳоли вакиллари шаҳар айнан Россия ҳарбийлари оккупациясида бўлган даврда ўлдирилганига оид қатор далиллар пайдо бўлди.
Яблонская кўчасида ҳалок бўлганларнинг жасадлари (у ерда энг кўп жасад топилганди) кўчада камида шаҳар ҳали россияликлар оккупациясида бўлган март ойи ўрталаридан буён ётгани маълум бўлди - бу Maxar агентлигининг сунъий йўлдош орқали олинган тасвирлари билан тасдиқланди.
Бундан ташқари, худди шу сунъий йўлдош тасвирлари кўрсатдики, март ойининг биринчи ярмида ҳалок бўлган тинч аҳоли вакилларини бирордарлик қабристонларига кўма бошлашган - космосдан олинган фотосуратларда янги қабрлар сезилиб турарди.
Март ойини Россия ҳарбийлари ишғоли остида ўтказган ёки урушнинг илк кунларида эвакуация бўлишга улгурган аҳоли вакиллари қуролсиз одамлар россиялик ҳарбийлар томонидан отиб ташлангани, аёллар зўрлангани ва шаҳар бўйлаб талончилик ҳаракатлари содир этилгани ҳақида гувоҳликлар беришди. Уларнинг ҳикояларини видеоёзувлар ҳам тасдиқлайди - бир неча қотиллик дрон орқали съёмка қилинган.
New York Times нашри май ойи охирида видеокузатув камералари орқали олинган тасвирларни тақдим этди, унда россиялик ҳарбийлар автомат тираган ҳолда саккиз нафар маҳаллий аҳоли вакилларини кўчадан олиб ўтаётгани акс этган, кейинроқ бу одамларнинг жасадлари Бучадаги «Агробудпостач» базаси ҳудудидан топилди - бу россиялик ҳарбийларнинг вақтинча дислокация ҳудуди бўлганди, улар бу ерда ўзларининг ярадор ҳарбийларини ва асир олинган маҳаллий аҳоли вакилларини сақлашган.
Зеленский 4 апрел куни Бучага келди ва барчасини ўз кўзи билан кўрди
Май охиригача Бучага президент Володимир Зеленский ва дунёнинг қатор давлатлари раҳбарлари ва бошқа жаҳон етакчилари, масалан, БМТ бош котиби Антониу Гуттереш ҳам келди. Россия армияси ҳарбий жиноятлар содир этишда айбланди.
БМТнинг Ҳаагадаги халқаро жиноий суди бош прокурори Карим Хон Бучадаги қирғин бўйича иш «белгиланган тартибда кўриб чиқилиши»га ваъда берди. 21 майга келиб Киев области полицияси ҳудудда Россия босқини вақтида ўлдирилган тинч аҳоли вакиллари сони 1290 дан ошганини хабар қилди.
«Москва» крейсери чўктирилиши
«Москва» крейсери Қора денгиз флоти флагмани эди ва тез-тез турли парадлар ва ташрифларда қатнашарди. Архив фотода у - 2013 йил Кубада
22 апрел куни Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари, генерал-майор Рустам Минникаев Уралга сафари вақтида кутилмаганда Украинадаги ҳарбий амалиётнинг иккинчи босқичидаги мақсад Днестр бўйига қадар йўлак очиш, яъни амалда Украина жанубини эгаллаш бўлишини айтди. Кремл ўшанда генералнинг баёнотини изоҳлашдан бош тортди, таҳлилчиларнинг эса боши қотди - Миннекаев хаёлпарастлик қилмоқдами ёки қўмондонликнинг истагини сиздирдими?
Нима бўлмасин, бу режа амалга ошиши учун рус қўшинлари Қора денгиз соҳилидаги Одесса ва Николаев каби йирик шаҳарларни эгаллаши талаб этиларди.
Бу икки шаҳар ҳам урушнинг илк кунларидан ўққа тутила бошлаган ва кўплаб экспертлар Очаков ҳудудида қаердадир Россия Қора денгиз флоти ҳамда йил бошида Қора денгизга ўтказилган Шимолий ва Болтиқ флоти десант кемалари орқали десант туширилиши мумкинлиги ҳақида гапира бошлашди.
Урушнинг илк ҳафтасидаёқ Россия флоти украинларнинг Одессадан 140 км масофадаги Змеиний оролига ҳужум қилганди - ўшанда бу урушдаги асосий мемлардан бири пайдо бўлганди: «Русский военный корабль, иди на …».
23 май куни Украинада «Русский военный корабль — все» ёзувли янги почта маркаси сотувга чиқарилди. Марказий почтамт олдида уни сотиб олишни истаган юзлаб кишилар тўпланди. Фото: Christopher Furlong / Getty Images
Аммо Россия флоти учун бу уруш ғолибона кечмади. Ҳарбий ҳаракатларнинг уч ойи давомида Қора денгиз флоти бир неча десант катерлари ва «Раптор» типидаги патрул катерларидан айрилди. Оккупация қилинган Бердянск шаҳри портида турган йирик «Саратов» десант кемаси Украина қуролли кучлари томонидан чўктириб юборилди, ҳужум вақтида яна иккита йирик десант кема шикастланган.
14 апрел куни эса Қора денгиз флоти флагмани, «Москва» ракетали крейсери ҳам чўкиб кетди. Украина қўмондонлиги крейсерга «Нептун» ракетаси билан зарба берилганини маълум қилган. Москвадагилар «Москва»да бўрон шароитида ёнғин чиққани, Севастополга шатакка олиб кетиш чоғида крейсер барқарорлигини йўқотиб, чўкиб кетганини маълум қилган.
Чўкиб кетган «Москва» билан бирга қанча денгизчи ҳалок бўлгани шу вақтга қадар номаълум. Маълуми шуки, экипажнинг бир қисмини муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар ташкил этган. Соҳилга қайтмаган матросларнинг қариндошларига улар бедарак йўқолгани айтилган - ҳамон уларнинг ўлими тасдиқланмаган. Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ва бедарак йўқолганлардан бирининг отаси Дмитрий Шкребец эса ҳатто Қора денгиз флоти қўмондонлиги ракета зарбасига учраган крейсерни атайлаб чўктириб юборгани, чунки у Севастополга етказиб борилса, кема билан аслида нима рўй бергани ва йўқотишлар кўлами фош бўлиб қолган бўлиши ҳақида гапирган
Украина ҳудудлари оккупацияси
Россия томонидан оккупация қилинган Херсондаги кўча, 2022 йил май. Фото: SERGEI ILNITSKY/TASS
Россия Донбасснинг бир қисмидан ташқари Украинанинг Херсон ва Запорожье областларидаги катта ҳудудларни ҳам эгаллаб олган. Ишғол этилган энг йирик шаҳарлар - Мариупол ва Херсон бўлиб турибди.
2014 йилда бўлгани каби эгаллаб олинган ҳудудларда Россия ҳукумати томонидан «халқ мэрлари» тайинланмоқда. Аммо, 2014 йилдагидан фарқли равишда, амалдаги амалдорлар ёппасига Россия томонига ўтиши кузатилмади.
Якунда, масалан, Бердянск шаҳрига тоғ муҳандиси ва шаҳар кенгаши депутатлигига сайлана олмаган Александр Сауленко мэр бўлди, Херсон областидаги раҳбарлардан бири эса - Украинадаги вакцинацияга қарши ҳаракат етакчиларидан бири бўлган Кирилл Стремоусов ҳисобланади.
13 март куни Херсон аҳолиси «Херсон - бу Украина» номи остида акция ўтказишганди. Фото: Reuters
Аммо бу одамлар - фақат хўжалик масалалари билан шуғулланишади. Эгаллаб олинган шаҳарлардаги муҳим ишлар россиялик ҳарбий комендантлар зиммасида. Катта эҳтимол билан, булар Росгвардия офицерларидир.
Улар «халқ мэрлари» билан биргаликда «ҳарбий-фуқаролик маъмуриятлари» шакллантирмоқда - жойларда маҳаллий ҳокимият органлари айнан шундай аталмоқда. Бу ерда «ҳарбий» сўзи калит сўз: масалан, жойларда украин байроқларини руспараст маҳаллий фаоллар эмас, қўлида автомат тутган россиялик ҳарбий хизматчилар ечиб олмоқда.
Ҳарбий-фуқаролик маъмурияти гривна ўрнига рублни муомалага киритишга уринмоқда, қаерлардадир ҳатто Россиянинг «ЦМРБанк» филиаллари пайдо бўлган, бу банк Қримда ҳам фаолият олиб боради.
Март ойида ва апрел ойи бошларида оккупацияга қарши намойишлар бўлиб ўтди, аммо уларни куч билан бостира бошлашди, ўнлаб журналистлар ва фаоллар ўғирлаб кетилгани қайд этилган. Май ойи охирида Энергодарда «халқ мэри», Запорожье АЭС етакчи муҳандиси Андрей Шевчикнинг ҳаётига суиқасд уюштирилди. Шундан кейин шаҳар ҳарбий коменданти автомобиллар эгаларидан машиналари ойналаридан тонировкани олиб ташлашни талаб қилишди, акс ҳолда транспорт воситалари шунчаки мусодара қилинади.
Донбасс учун жанглар
Ҳозирда асосий ва энг шиддатли ҳарбий ҳаракатлар Донбассда кечмоқда, бу ерда Россия армияси Украина қуролли кучларининг йирик гуруҳини қуршаб олишга интилмоқда. Фронтдан келаётган хабарларга кўра, Россия икки ҳалқали қуршов ҳосил қилишга ҳаракат қилган.
У ерда фронт чизиғи ёй шаклини ҳосил қилган - аввалига Изюмдан шарққа Ямпол орқали ўтиб, кейин Рубежное ҳудудида жанубга йўналади, сўнг Северодонецк ва Лисичанскни айланиб ўтади ва кейин Попасная, Горловка ва Донецк орқали жануби-шарқ томон йўналади.
Фронт чизиғи Украина ҳудудига икки нуқтада ичкарига ёриб кирган - шимолда Изюм районида ва жанубда Горловка атрофида - бу бўртиқлар Донбассдаги йирик санот маркази Краматорскда туташиши кўзда тутилган. Бу шуни кўрсатадики, Россия қўмондонлиги камида Донбассдаги Украина қуролли кучларининг энг йирик гуруҳини ўраб олишни ўйлаган.
Аммо сўнгги вақтларда россиялик ҳарбийлар яна иккита кичик йўналишда олдинга силжиётгани ҳақида хабарлар бор - шимолда Ямпол ҳудудида ва жанубда Попаснаяда. Улар муҳим йўллар ўтган икки йирик шаҳар томон йўналган: шимолда Ямпол орқали Словянск томонга, Попаснаядан эса Баҳмут томонга ҳужум қилинмоқда. Бу икки шаҳар М03 автомагистрали билан боғланган.
Украина Бош штабининг 23 май куни берган маълумотига кўра, Россия қўшинлари Баҳмутга ёриб киришга ҳаракат қилмоқда, аммо ҳозирча уринишлар муваффақиятсизликка учрамоқда. Украина Бош штабига кўра, Россия шимолдаги йўналишдан Ямпол ва Северск томон юриш қилишга тайёрланмоқда, бу ерда қўшинлар Шимолий Донни кечиб ўтиши талаб этилади, сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирча қўшинлар ҳаракати бошланмаган. Дарё бу икки шаҳар ўртасидан оқиб ўтади.
Северодонецкка 17 май куни берилган зарбалар вақтида рафиқасини йўқотган киши икки ёшли эгизак қизлари билан Лисичанскдан эвакуация бўлишини кутмоқда.
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Ниҳоят, россиялик ҳарбийлар олдинга интилаётган яна бир йўналиш - Северодонецк ва Лисичанск ҳудудларида. Бу икки аҳоли пункти - амалда бир шаҳар. Ва бу Донбасс ёйидаги муҳим нуқта. Россия қўшинлари бу ерда ҳам ҳужум қилишни давом эттирмоқда ва жануби-ғарб томон йўналган бу саъй-ҳаракатлар украин қисмларини суриб чиқаришга қаратилган.
Аммо россиялик ҳарбийларнинг ҳаракатларини муваффақиятли ва тез суръатларда кетмоқда, дейиш қийин. Шимолий Донни кечиб ўтишда муаммолар бор, бу дарёдан ўтишда Россия армияси катта йўқотишларга учрамоқда.
Уруш Россия ҳудудига ҳам ўтган
24 феврал куни россиялик ҳарбийлар Украина ҳудудига ўзаро давлат чегарасининг барча ҳудудлари бўйлаб, шунингдек, аннексия қилинган Қрим ва Беларус орқали ҳужумга ўтди. Аммо ғалабали блицкригга эришилмади, украин кучлари босқинчини қаттиқ қаршилик билан кутиб олди.
Март ойи охирида Истанбулдаги музокаралардан кейин Россия ўз қўшинларини Киев, Суми ва Черниговдан олиб кетишга қарор қилди, май ойи ўрталарида эса рус қўшини Харков атрофидан ҳам чекина бошлади, Украина армияси тактик қарши ҳужум бошлади.
1 апрел куни Белгородда нефт базаси ёниб кетди. Белгород губернатори Вячеслав Гладков бу Украина томонидан берилган зарба оқибатида бўлганини айтган. Фото: Getty Images
Эндиликда Россия ҳудудидаги инфратузилмалар ва ҳарбий объектлар ҳам ўққа тутила бошлади - Белгород, Брянск ва Курск областларида. Губернаторлар Вячеслав Гладков, Александр Богомаз ва Роман Старовойт улар бошқарувидаги ҳудудларда ҳар ҳафтада янги портлашлар, ёнғинлар ва вайронгарчиликлар кузатилаётгани тўғрисида хабар бериб келишмоқда. Чегара ҳудудларида бир неча россиялик ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани тасдиқланган.
Украина ҳукумати ва ҳарбийлари Россия ҳудудига берилган зарбалар ва чегарадаги портлашларга алоқадорлигини расман тасдиқламаган. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)