Фото: Jens Buettner / dpa / AP / Scanpix / LETA
Россия ва Европа газ уруши остонасида турибди. Россиядан кўҳна қитъага кетадиган асосий газ ўтказгич бўлмиш «Шимолий оқим» ҳамон ёпилган. Россия ўтказгич 21 июлгача техник сабабларга кўра ёпилганини айтмоқда, аммо Европада руслар бу санада газ таъминотини тиклашига ишонишмаяпти.
Россия ҳамон газ орқали Европани шантаж қилиб санкциялар бекор қилинишига эришишига ишонмоқда. Руслар бу борада очиқ айтгани йўқ, аммо ҳаракатлар шунга ишора қилмоқда. Иқтисодчилар Россия Европага кетаётган газни бемалол тўхтата олишига ишонмоқда. Агар шундай бўлса, Европа бундай энергия танқислигига қандай дош беради? Россиянинг ўзи бундан қанча зарар кўради?
«Шимолий оқим» нега таъмирланмоқда? Таъминот нега қайта тикланмаслиги мумкин?
11 июл куни «Газпром» Европага борадиган энг катта ўтказгич бўлмиш «Шимолий оқим»да таъмирлаш ишлари бошланишини эълон қилиб, жараён 10 кун давом этишини билдирди. Расмий маълумотга ишониш мумкин, чунки ҳар ёзда қувурли ўтказгичда чиндан таъмирлаш ишлари олиб борилади. Аммо охирги бир йилда, айниқса уруш бошланганидан буён Россия Европага борадиган газ миқдорини камайтириб бормоқда. Шу сабаб 10 кунлик таъмирлаш қитъани газсиз қолдириш учун навбатдаги баҳона деб қаралмоқда.
Май ойидан бошлаб «Шимолий оқим» бўйлаб газ оқими кескин камайди. Бунга сабаб сифатида Siemens компанияси «Партовая» станциясидаги компрессорлар қувурлари Канадага таъмирлаш учун юборилгани келтирилди. Санкция сабаб Канада қувурларни вақтида қайтара олмади. Қувурлар икки хил мақсадда ишлатилиши мумкин бўлган маҳсулот сифатида санкция рўйхатига тушиб қолди. Чунки амалда бундай қувурларни самолётлар учун ҳам ишлатиш мумкин.
Охирги кунларда тарқалган хабарларга кўра Канада қувурларни таъмирлашни тугатиб, Россияга юборган ва 22 июл куни манзилга етиб боради.
Siemens ва Канаданинг бунга нима алоқаси бор?
Июл ойига келиб «Шимолий оқим» ва Siemens қувурларни тўғридан тўғри Россияга эмас, Германия орқали юборишга келишади. Компания шу тариқа ҳамма айбни Германия ҳукуматига ағдариб, санкцияни четлаб ўтиши мумкин бўларди. Канада ҳам ўз навбатида Siemens’га вақтинча рухсат беради. Бу рухсатномани АҚШ ҳам қўллади, Украина эса қарши чиқди. Бу хабарлар фонида Россия «Шимолий оқим»да таъмирлаш бошланганини эълон қилиб юборди. Европага борадиган энг катта ўтказгич ёпилганидан кейингина Россия ҳали қувурларни олмаганини хабар қилди.
Европа Иттифоқида, айниқса Германияда бу ҳеч қандай техник муаммо билан боғлиқ эмас, аксинча Россиянинг газ бермаслик учун навбатдаги баҳонаси деб ҳисоблашмоқда. Бир сўз билан, Россия Европани санкциялар учун шантаж қилмоқда деб ҳисоблашяпти.
Россия чиндан таъминотни қайта тикламаслиги мумкинми?
Россия бу ҳақда ҳозирча очиқ айтгани йўқ, Путиннинг матбуот котиби Песков «бу соф техник муаммо» эканини айтди. Кремл расмий вакили Россия Европа учун энг ишончли энергия етказиб берувчи давлат эканини ҳам қўшимча қилишни унутмади.
Аммо Россия уруш бошланганидан буён «нариги фронт»даги Европани ҳар хил усуллар билан шантаж қилиши янгилик эмас. Масалан, Ғарб Россияни Украинада тўпланиб қолган 22 миллион тонна донни олиб чиқишга қаршилик қилиш орқали жиддий озиқ-овқат инқирози келтириб чиқаришда айбламоқда. Путин эса муаммони ҳал қилишнинг санкцияларни бекор қилишдан бошқа йўли йўқлигини очиқ айтмоқда. Шу сабаб европаликлар Россия газ жўмрагини қайта очмаслигига ишониб, энг ёмон сценарийга тайёрланмоқда.
Франция иқтисодиёт вазири Брюно Ле Мэрнинг фикрича, Россиядан газ келиши бутунлай тўхташи воқеалар ривожининг энг реал давоми ҳисобланади. Германия Федерал тармоқлар агентлиги раҳбари Клаус Мюллер ҳам шундай фикрда, немисларни энергияни тежашга чақирмоқда. Европа Россиядан агрессив ҳаракатларни урушдан олдин ҳам кута бошлаганди. Газ бўйича ултиматум бир неча йиллик муаммо.
«Газпром» танлаган позиция ҳам муаммони жиддийлаштирмоқда. Компания Европага кетадиган газ қудуқларида қазиб олишни тўлиқ қайта тиклай олмаслигини билдирмоқда. «Siemens Канададан қувурларни олиб келишига ҳеч қандай ишора кўрмаяпмиз», дейилади компания баёнотида.
«Газпром» баёнотида Европага борадиган газ тўлиқ ёпиб қўйилишига қуйидаги жумлалар ҳам ишора бўлган: «Бундай ҳолатда «Шимолий оқим» ўтказгичи учун муҳим бўлган «Партовая» компрессор станцияси фаолиятини хавфсиз тиклаш ҳақида гап бориши қийин», дейилади компаниянинг мужмал баёнотида.
Газ тўхтаб қолиши хавфи жуда юқори, айниқса Германия учун. Австрия, Италия ва Нидерландияга ҳам қолганлардан қийинроқ бўлади, чунки бу давлатлар рус газига қаттиқ боғланиб қолган. Шу сабаб Европа Иттифоқининг олтита санкция пакетининг бирортасида рус газидан воз кечиш борасида сўз бормаган.
Россиянинг ўзи учун ҳам газ экспортидан воз кечиш осон иш эмас, чунки йил охирида Россия бюджетида нефт ва газ савдоси улуши 40 фоизга етиши кутилмоқда. Урушиш учун эса жуда кўп пул керак. 2022 йил прогнозларига кўра, Россия давлат бюджети ЯИМнинг 1 фоизи миқдорида ошириб бажарилиши кутилган бўлса, энди газ нархининг рекордга чиққанига қарамай 1,2 дефицит кутилмоқда. Бу эса 1,7 триллион рубл дегани. Аммо Европага кетаётган газни тўхтатиб қўйиш учун ҳеч қандай техник тўсиқ йўқ.
Энг ёмон ҳолатда Россия қанча зарар кўради?
Қисқа жавоб шундай – жиддий зарар кўради. Аммо Россияда «Шимолий оқим» узиб қўйилгани оқибатида кўриладиган зарарнинг бир қисмини қоплашга имконият бор. 2014 йил Россия Европага газ сотишни 6 ойга тўхтатса, 24-27 миллиард доллар, 9 ойга тўхтатса, 36-40 миллиард доллар йўқотиши мумкинлиги ҳисобланганди. Ҳозир ҳам рақамлар шунга яқин бўлиши мумкин. 2021 йил «Газпром» 117 миллиард доллар фойда кўрганди, Европага газни ёпиш эса даромадни учдан бир қисмга камайтириб юборади.
Европа ўрнига амалда бошқа харидорлар топиб газни сотиш мумкин, лекин бунинг техник жиҳатдан имкони йўқ, чунки газ қувурларда тортиб борилади. Ҳар хил йўналишлардаги газ қазиб олиш ҳажми ҳам бир хил эмас. Масалан, Хитойга кетадиган «Сила Сибира» ўтказгичининг қуввати 38 миллиард кубометр, «Шимолий оқим»ники эса 59 миллиард кубометр.
«Газпром» Европага газ беришни бутунлай тўхтатишидан аввал етказиб беришни кескин камайтирганини ҳам унутмаслик керак. Тахминан уч бараваргача. Яъни руслар шу орқали тахминий зарар кўриш ҳолатида нима қилишни ўйлаб олган бўлиши мумкин. Бироқ нархларнинг кескин ошгани руслар даромадларини сақлаб қолди. 2021 йил дунё иқтисодиёти коронавирус пандемиясидан кейин энди ўзига келаётган вақтда газ нархи 700 фоизга ошиб кетди. Россия газ ва нефт савдосидан 2022 йилда 9,5 триллион рубл пул ишлашни мақсад қилганди. Руслар ярим йил ичида аллақачон 6,4 триллион рубл савдо қилиб, режани 60 фоизга бажариб бўлишди.
Россия нефт ва газдан қанча пул ишламоқчи?
Бугун рус гази актуал масала сифатида қаралаётган бўлса-да, мамлакатнинг асосий пул ишлайдиган хомашёси нефт ҳисобланади. Россия нефтдан газга қараганда уч баравар кўпроқ фойда кўради. Газ масаласида эса Россия бир неча қисмдан иборат фойда кўради:
* Масалан, экспортёр сотиб олган маҳсулотига қўшимча 30 фоиз бож тўлайди. Бундан давлат жуда катта фойда кўрмайди. «Алфа-банк» иқтисодчиси Наталия Орлованинг айтишича, ушбу бож Россия бюджетининг 0,5 фоизини ташкил этади.
* Давлат «Газпром»дан жуда кам солиқ олади. Масалан, 2020 йилда солиқ тушуми 29 миллиард рублни ташкил этган.
* Бундан ташқари фойдали қазилмаларни қазиб олишдаги газ солиғи бор.
* Ниҳоят, дивидендлар. 2021 йил Россия энг кўп (1,2 триллион рубл) бюджети дивидендлардан эмас, вақтинчалик устамалардан олганди.
Бождан олинадиган пул экспорт қилинадиган газ миқдорига боғлиқ бўлади. Яъни бу борада руслар катта фойдага умид қилмаса ҳам бўлади. Лекин қолган барча даромадлар умумий иқтисодий кўрсаткичларга боғлиқ. Устамадан келадиган даромад ўрнини Россия Европага газ экспорти камайган ҳолатида ҳам тўлдира олиши мумкин. Масалан, бошқа йўналишларга савдони ошириш ва ички бозорни ривожлантириш орқали. Россия йилига 500 миллиард кубометр газ қазиб олади ва фақат 180 миллиард кубометр узоқ хорижга экспорт қилади.
- Россия Европага кетадиган газни узишдан кўрадиган зарарини «Газпром»га нисбатан солиқ юкини ошириш орқали ҳам қисман қоплаши мумкин. Бу учун эса нефт нархига боғлиқ солиқларга ишониб қолишни тўхтатиш керак, дейди «Медуза» билан суҳбатда нефт ва газ соҳасидаги мустақил эксперт Сергей Вакуленко.
Устама ва экспорт божлари ҳам нархга боғлиқ, лекин улар газнинг ўз нархи каби кескин ошиб кета олмайди. Яъни бож газ ва нефт нархидаги парадигма орқали ҳисобланади. Вакуленконинг фикрича, Россия ҳарбий бюджет ортган, санкциялар, хорижий компаниялар кетган бир вақтда ҳам Европага газни тўлиқ узиб қўя олади. «Нарх ошгани сабаб ўтган йил Россия бюджети шунчалик кўп фойда кўрдики, мамлакат камида бир йил ўзини эркин ҳис қилиши мумкин», дейди эксперт.
Рубл мустаҳкамланаётгани қандай муаммо туғдириши мумкин?
Наталия Орлованинг фикрича, Россия «Шимолий оқим» масаласида кескин позиция эгаллашига яна бир сабаб шуки, ҳозир бюджетда ортиқча пул пайдо бўлган ва рублнинг кескин мустаҳкамланиши бюджет учун муаммо туғдирмоқда. Нега муаммо? Чунки рубл мустаҳкамлана боргани сари экспортчиларнинг рублдаги даромадлари камаяди, шунга яраша бюджетга тушадиган тушум ҳам камаяди. «Газдан келадиган даромад камайиши кўпроқ яхшиликка хизмат қилади, бу рубл ортиқча мустаҳкамланишининг олдини олади».
Сергей Вакуленко ҳам бу фикрга қўшилади. Унинг айтишича, нормал иқтисодиётда мамлакатга экспорт валютага импорт маҳсулотлари харид қилиш учун керак. Ҳозир Россияда импорт кескин камайиб кетган ва шу сабаб ортиқча валюта давлатга ёрдам бермайди. Давлат 300 минг рубл маош олувчи ёлланма ишчилар билан шу пулга сотиб олиш мумкин бўлган маҳсулотлар орқали ҳисоб-китоб қилади. Харид қобилияти эса пасайиб кетаверади, пул чоп этиш орқали келиб чиқадиган инфляция орқалими, товарлар дефицити орқалими – фарқи йўқ. Ахир, ёлланма ишчиларга ҳам пул кўринишидаги қоғознинг кераги йўқ.
Ҳозирги воқеалар ривожида Европага нима бўлади?
Нима бўлишини тахмин қилиш мумкин: «Шимолий оқим»сиз Европа ва дунёнинг бошқа қисми учун газ нархи ошиб кетаверади, хомашё дефицит бўлади. 2023 йилга бориб немислар газ учун уч баравар кўп пул тўлаши мумкин. Йилига ўртача 1,5 минг евро газга тўлайдиган оила бу вақтда 4,5 минг евро тўлашга тайёр бўлавериши керак.
Нарх ошиши билан бирга дефицитдан ҳам қочиб қутулиб бўлмайди. Европа Иттифоқидаги операторлар Россия газни узган тақдирда ноябрга бориб захираларини ошиб борса 71 фоизга тўлдириши мумкин. Энергохавфсизлик учун эса камида 80 фоиз захира тўла туриши керак.
Энг катта зарарни Германия кўради. Россия Украинага бостириб киргач, немислар рус газига бўлган қарамликни 55 фоиздан 35 фоизга камайтирди. Аммо Германия иқтисоди ҳажми инобатга олинса, 35 фоиз жуда катта миқдор ҳисобланади. Мамлакатнинг барча йирик саноат тармоқлари рус газига боғлиқ. Ҳозир-ку захиралар орқали амаллаб туриш мумкин, лекин қишга бориб руслар газни узиб қўйса, Германия энергоинқирознинг иккинчи даражасини эълон қилишга мажбур бўлади. Бу эса ҳукумат кескин иқтисод режимига ўтади дегани.
Масалан, марказлашган иссиқлик тарқатишда ҳарорат пасайтирилади, кондиционердан фойдаланишда чекловлар ўрнатилади, совуқ душ қабул қилиш тарғиб қилинади, жамоат жойларидан бассейнлар фаолияти чекланади. Шунингдек, немислар аллақачон АЭСлардан воз кечиш ва кўмирдан фойдаланмаслик орқали «яшил» энергияга ўтиш режасини орқага суришга тайёр туришибди.
Германиядаги йирик Uniper компанияси газни тезда бажарилувчи шартномалар эвазига қиммат нархларда сотиб олади. Германия ушбу компанияни миллийлаштиришни ва бундай қиммат шартномаларга чек қўйишни истамоқда.
Агар бу чоралар ҳам кор қилмаса, Германия учун қийин кунлар бошланади. Мамлакат ЯИМнинг 12 фоизини, 5,6 миллион иш ўрнини йўқотади. Иқтисодчиларнинг фикрича, фақат энергияни тежаш орқалигина ушбу хаосдан чиқиб кетиш мумкин.
Ўз тарихидаги энг ёмон энергия инқирозини бошдан ўтказаётган Европа шундоқ ҳам қийин вазиятда турибди. 2022 йил ЕИ ЯИМи ўсиш прогнози атиги 2,7 фоизни ташкил этмоқда. Евро 20 йил ичида илк марта доллар билан тенглашиб қолди. Мана шундай қийинчиликларга қарамай, Европа Иттифоқи давлатлари рус газига бўлган қарамликни кескин пасайтирмоқчи. ЕИ йил охиригача Россиядан газ импортини учдан икки қисмга камайтириш ниятида.
Россия нимага эришади?
Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Европа Иттифоқининг олтита пакет санкцияларига учради. Путин ҳар қанча санкция таъсир қилмагани ҳақида гапираётган бўлса-да, мамлакат тутаётган сиёсатга кўра санкциялар жуда оғриқли нуқталарга таъсир ўтказган. Россия Европа давлатларини шантаж қилиш орқали санкцияларни енгиллаштиришга умид қилмоқда. Европа ёздаёқ ўз захираларини тўлдириб олишини тушуниб етса, Россия тезда чора кўришга киришиши мумкин. Россия июлдаёқ газни узиб қўйса, Европа Норвегиядан газ сотиб олишни оширишга, АҚШ ва бошқа давлатлардан суюлтирилган газ сотиб олишга улгурмайди.
«Шимолий оқим» ёпилиши Европа давлатларини «Шимолий оқим-2»ни ишга тушириш ҳақида ўйлашга мажбур қилиши мумкин. 11 миллиард доллар сарфлаб қурилган қувурли ўтказгич уруш бошланиши билан банкротга учраб ишга тушмай тўхтатилганди.
Россия бутун дунё энергетикасида хаос пайдо қилиб нархларни кўтариб олмоқчи бўлаётгани ҳам эҳтимолдан холи эмас. Аммо бунга ишониш анча қийин. Нима бўлса ҳам, кейинги ҳафтадаёқ дунё жиддий энергия инқирозига дуч келиши мумкин. Дунё учун 22 июл куни 2022 йилнинг энг муҳим куни сифатида тарихда қолиши ҳам мумкин. Россия шу куни «Шимолий оқим»дан газ беришни ёки тиклайди, ёки Европага газ берилмаслигини эълон қилади. Ҳозирча 22 июлдан тарих яхши нарса кутаётганга ўхшамайди, чунки Россия «истеъмолчилардан бирига» «ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра» газ етказиб беришда форс-мажор ҳолатини эълон қилди. Бу давлат Германия экани тахмин қилинмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»