Фото: Getty Images
Россия президенти Эронга йўл олди - бу унинг феврал ойи охирида Украинага босқин бошлашидан буён иккинчи хорижий ташрифи бўлади. Теҳрон халқаро майдонда Москванинг кам сонли иттифоқчиларидан бири бўлиб қолмоқда.
Путин Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан уч томонлама учрашувда иштирок этади, шунингдек, ушбу етакчиларнинг ҳар бири билан алоҳида учрашувлар ўтказади. У сафари доирасида Эрон диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоминаий билан бешинчи бор учрашади.
Шахсини сир сақлашни сўраган туркиялик амалдорларга асосланган нашрларнинг ёзишича, Теҳронда буғдой экспорти, Сурия ва Украина масалалари муҳокама этилади.
Путин Украинада уруш бошлангач, халқаро ташрифларини чеклаб қўйганди. Июн ойида у февралдан буён илк ташрифини амалга ошириб, Тожикистон ва Туркманистонга келганди.
Санкцияларга кўникиш
Экспертларнинг ҳисоблашича, мазкур ташриф кўп йиллар давомида Ғарб санкциялари остида қолган ва Москванинг кам сонли иттифоқчиларидан бири бўлган Эрон билан алоқаларни чуқурлаштириш имконини беради.
Аввалроқ Кремл расмийси Дмитрий Песков Россия ва Эрон санкцияларга кўникканини айтиб ўтди. «Эрон кўп йиллардан буён у ёки бу турдаги санкциялар остида бўлиб келган ва Эрон ривожланиш, ўз халқи фаровонлигини оширишга яхши мослашган», деган у.
Россия Украинадаги уруш бошланиши ортидан қатъий санкцияларга дучор бўлди. Эрон ҳам, Туркия ҳам бундай санкцияларга қўшилмаган.
Кейинги ҳафтада Ғарб давлатлари элчилари санкцияларнинг янги пакетини тасдиқлаш учун йиғилади. Бу вақтда, Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Москва ва Теҳрон янги давлатлараро келишув лойиҳаси устида ишламоқда.
Эрон дронлари
Путин Эронга ташрифини Теҳроннинг Россияга юзлаб учувчисиз учиш қурилмалари, жумладан, жанговар мақсадларда қўлланадиган дронлар етказиб беришни режалаштираётгани ҳақидаги хабарлар фонида амалга оширмоқда. АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия делегацияси ўтган ойда Эронга келиб зарбдор дронлар билан танишгани ҳақида айтганди.
«Эрон ҳукумати Россияни тезкор равишда бир неча юзтагача учувчисиз учиш қурилмалари, жумладан, қурол олиб юришга қодир бўлган жанговар аппаратлар билан таъминлашга тайёрланмоқда. Бизнинг маълумотларимиз яна шуни кўрсатадики, Эрон россиялик ҳарбийларни бундай учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланишга ўргатмоқчи», деган у.
Оқ уй CNN’га тақдим этган сунъий йўлдош тасвирларида гўёки Россия делегациясининг июн ойида Теҳронга ташрифи чоғида Кашанда ҳудудида ушбу дронлар тизиб қўйилганини кўриш мумкинлиги айтилган.
Кўп ўтмай Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн-Амир Абдуллохиён Италиянинг La Repubblica газетасига берган интервьюсида унинг мамлакати Украинада эскалация келтириб чиқарувчи ҳар қандай ҳаракатдан, жумладан қурол етказиб беришдан тийилишини маълум қилди. «Россия билан мудофаа соҳасида келишувлар бор, аммо биз бу можаронинг ҳеч бир иштирокчисига ёрдам бермаймиз», деган у.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Каноний охирги вақтларда Россия ва Эрон замонавий технологиялар соҳасида ҳамкорлик қилмаётганини маълум қилди. «Эрон Ислом Республикасининг Россия билан айрим замонавий технологиялар соҳасидаги ҳамкорлиги Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдинги даврга тўғри келади ва сўнгги вақтда бу соҳада ривожланиш кузатилмаяпти», деди у.
Песков Путиннинг Теҳронга ташрифи чоғида дронлар мавзуси муҳокама қилиниши эҳтимоли борасидаги саволга жавоб қайтаришдан бош тортди. Салливан АҚШ Россияга аллақачон эронликларнинг дронлари етиб борган ёки етиб бормаганидан бехабар эканини билдирди.
Ғалла
«Украина ғалласини экспорт қилиш масаласи муҳокама қилинади, бу борада фаол иш олиб борилмоқда», деган Россия президенти ёрдамчиси Ушаков.
24 феврал куни бошланган босқиндан кейин украин ғалласи экспорти ҳажми кескин қисқарди, чунки Қора денгиздаги портлар, хусусан, Одесса ва Миколайивдаги портлардан чиқиш йўли тўсилганди, Азов денгизи соҳилларидаги портлар эса Россия назоратига ўтди. Ғарб экспертлари баҳоларига кўра, Одесса ва унинг атрофидаги ҳудудларда 20 млн тонна ғалла тўпланиб қолган, бу вақтда эса дунёга озиқ-овқат инқирози таҳдид солмоқда.
Шу кунларда Туркия мудофаа вазири Хулуси Оқар томонлар буғдой ташиш йўналишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича келишиб олганини маълум қилганди. «Умид қиламизки, ғалла ва озиқ-овқат муаммоси имкон қадар тез фурсатда ҳал қилинади. Туркия, РФ, Украина ва БМТ вакилларининг кейинги ҳафтадаги учрашувида тегишли ҳужжат расмийлаштирилиши мумкин», деганди у. Бундай учрашувларнинг биринчиси 13 июл куни Истанбулда ўтказилди.
Шахси сир қолиши шарти билан BBC мухбирига интервью берган ғарблик амалдорлар музокаралар «ишбилармонлик руҳида» ўтгани, аммо қарорни Путиннинг Эрдўған билан Теҳронда учрашуви бўладиган 19 июлдан олдин кутмаслик кераклигини айтган. Манбаларнинг сўзларига кўра, Эрдўған аввалроқ ўтказилган телефон мулоқотида Путиннинг экспортни очиб юборишга розилигини олишга умид қилганди, аммо афтидан Путин бу қарорни ўзи қабул қилиб, бу ҳақда ўзи эълон қилмоқчи бўлмоқда. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»